Ислом Исмоилов: "Ҳар учрашувда барибир ротацияга қўл урамиз"
“Нефтчи” клуби чемпионатнинг иккинчи турида ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу сафар фарғоналиклар Термизда “Сурхон”ни таслим қилишди. Учрашувдан кейин “Нефтчи” бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида қатнашди.
- Биринчи навбатда барча мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Узоқ йўл босиб келиб, стадионда бизни қўллаб-қувватлаб турган ишқибозларимизга миннатдорчилик билдираман. Ўйинга келадиган бўлсак, осон ўтмаслиги аниқ эди. Бу ҳақида учрашувдан аввал ҳам футболчиларга айтгандик. Айниқса, юқори ўриндаги жамоалар ёш ўйинчиларга эга бўлган клубларга қарши баҳсларда руҳий тарафдан қийналади. Бу ҳол футболда, Европада ҳам кузатиладиган ҳолат. Шунинг учун ўйинчиларимиз билан бу ҳақида кўп гаплашдик. Барибир хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, руҳиятга кўп нарса боғлиқ. Шунга қарамасдан жамоа яхши ҳаракат қилди. Энг асосийси, имкониятларимизни голга айлантира олдик.
- Ўтган турда жамоангиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Шунга қарамасдан, бугунги учрашувда таркибда ротацияларни кўрдик. Бу нима билан боғлиқ?
- Таркибимизда бир нечта яхши савиядаги футболчилар бор. Ҳар ўйинда ўйинчиларга имконият беришга ҳаракат қиламиз. Бу нормал ҳолат. Чунки жамоа таркибидан келиб чиқиб, ротацияга қўл урамиз. Мавсум тиғиз, ўйинлар орасидаги кунлар ҳам яқин. Шунинг учун ҳар учрашувда барибир ротацияга қўл урамиз.
Фикрлар