Исраэль Адесанья UFC тарихидаги бешинчи жангчи бўлиши мумкин...

  • 2 ноябрь, 2020, 14:16
  • 0
  • MMA

Ўрта вазн тоифасида UFC чемпиони Исраэль Aдесанья ўзининг навбатдаги жангини янги вазн тоифасида ўтказади.

Қайд этилишича, Aдесанья Ян Блахович билан жанг учун яримоғир вазн тоифасига кўтарилади. Жангнинг санаси ва жойи борасида ҳали гап-сўз бўлмаган. Aввалроқ, Блахович Aдесанья билан жанг қилишга тайёрлигини таъкидлаган эди.

Ян шу йилнинг сентябрь ойида Жон Жонсдан вакант қолган камар учун Доминик Рейес билан жанг қилиб, техник нокаут билан зафар қучган ва чемпионлик унвонига сазовор бўлганди. 37 ёшли поляк жангчиси фаолияти мобайнида 27 ғалаба ва 8 мағлубият қайд этган.

Aдесанья 2019 йил октябрь ойида чемпион бўлди. Ўшандан бери у 2 марта ўз титулини муваффақиятли ҳимоя қила олди. У профессионал фаолиятидаги 20 та жангнинг барчасида ғалаба қозонган.

Агар иккиси ўртасида жанг ташкил қилиниб, Адесанья ғалаба қозонса, у UFC тарихида бир вақтнинг ўзида икки вазнда чемпионликни қўлга киритган бешинчи жангчи бўлиши мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!