Истеъфога чиққан мураббий нимага тушунмай қолди? Ёхуд ким айбдор бўлиб қолганини айтди

“Металлург” клуби ҳозир Суперлигада қолиш учун курашадиган жамоалар қаторига қўшилиб қолганини яхши биласиз.

Бекободликлар Жасур Абдураимов бошчилигида кетма-кет мағлубиятларга учрайвергач, охир-оқибат мураббий истеъфога чиқишга қарор қилди. Унинг ўрнини испаниялик мураббий эгаллади. Абдураимов ҳар қанча уринмасин барибир “Металлург”нинг натижаларини яхшилай олмади.

Албатта, биринчи даврада чакки эмасди. Иккинчи даврада эса барчаси ўзгариб кетди. Эндиликда Бекободдаги ишини таҳлил қилаётган мураббий Sports.uz мухбирига хулосаларини айтди.

Клубдаги фаолияти қандай ўтди?

- “Металлург”га биринчи ўйиндан кейин келганман. Андрей Шипилов илк турдан сўнг жамоани тарк этганди. Шунда мени чақиришди. Ўшанда нега чақиришганига ҳайрон бўлгандим. Борганимда клуб раҳбарияти менга Шипилов кетди, ўрнига ишланг, деб таклиф билдирганди. Биринчи даврада яхши ишладик, ўйинларимиз ҳам чакки бўлмади. Зўр жамоаларни ютдик. 4 – 5-ўринларда ҳам юрдик. Биринчи даврадан кейин 6 ёки 7-поғонада эдик. Бунгача “Металлург” ҳар бир ўйинни қарши ҳужумда ўтказган. Биз ҳужумкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик. Биринчи даврани яхши ўтказдик, деб ўйлайман. Бизда 13 та ўйинчидан 8 таси 32 ёшдан катта эди. Ҳатто, 38 ёшгача футболчилар бўлган. Йигитларга биринчи даврадаги ўйинлар учун раҳмат айтаман. Иккинчи даврада тушунмадим. Ваҳоланки, футболчилар ҳаракат қилишди, аммо ютқазишни бошладик. Айрим учрашувларда ҳакамлар хатога йўл қўйди. Айнан бизнинг ўйиндан сўнг, ҳакамни дисквалификация қилган пайтлари ҳам бўлди. Машғулотларда ҳамма ҳаракат қилди, ёмон эмасди. Битта нарсани айтаман: иккинчи даврада ўйин бўйича биргина “Пахтакор”га ютқаздик. Қолган исталган жамоа билан курашдик. Балки омад ҳам етишмади. Мураббийлар штаби ҳам, футболчилар ҳам ҳаракат қилишди. “Андижон”ни мағлубиятга учратганимизда кейин мағлубиятсиз серияга чек қўйдик, деб ўйлагандик, энди ҳаммаси яхши бўлишига ишонгандим. Кейинги ўйинни қўқонликларга қарши ўтказдик. Рақиб бир марта ҳам дарвозамизга зарба бермади. Аммо 0:1 ҳисобида ютқаздик ва улар пенальтидан гол уришди.

абдураимов ж2

Ўзини айбдор ҳис қиляптими?

- Футболда битта одам айбдор эмас. Чунки бу жамоавий ўйин. Хатони мураббий қиладими, футболчими ёки ҳакамми, аммо футболда биргина инсон айбдор эмас. Иккинчи даврани умуман тушунмадим. Ҳозир дам олиш билан бирга ишларни таҳлил қиляпман. Кимнидир хато қилди, деб айтиш нотўғри. Ҳеч қачон биргина одам айбдор бўлмайди. Тўғри, натижага бош мураббий жавоб беради. Футболчилар майдонда ўйнайди, ҳакам эса ҳакамлигини қилади. Фақат нима учун кетма-кет ўйинларда ютқазганимизни тушунмадим. “Металлург” футбол ўйнади. Биз 60-70 талаб ҳужумлар уюштирдик. Яна 60-70 фоиз тўпни назорат ҳам қилдик. Лекин охирги пас етишмасди ёки голни ура олмасдик. Ҳимояда эса 2-3 та хатога йўл қўйяпмиз ва улардан бири гол билан якунланарди. Аммо ҳозирги вазиятда мен айбдор бўлиб қолдим. Мени клубдан ҳеч ким ҳайдаб юбормаган. Ўзим кетганман. Ҳар бир инсонда виждон ҳам бўлиши керак. Шунча учрашувда ютқаздик. Аммо яна қайтараман: ўйин бўйича “Пахтакор”дан бошқасига ютқазмадик. Агар ўйин бўйича ютқазганимизда биринчи даврадан кейиноқ кетган бўлардим.

абдураимовж1

Янги мураббий хусусида

- Клубда ишлаётганимда вице-президент испаниялик мутахассис менежер бўлишини айтганди. Кўрдим, кеча у бош мураббий бўлди. Охирги иккита ўйинда испаниялик мураббий жамоани олиб тушди. Ўйлашимча, “Металлург” Суперлигада қолиши керак. Шунча ҳаракат ва меҳнат қилдик. Клубда академия очилган, барқарорлик бор. Ўйлайманки, “Металлург” қолади. Учта қийин ўйини қолди. “Навбаҳор”, “Турон” ҳамда “Қизилқум”га қарши майдонга тушади.

Суперлигада интрига қолмадими? Лигани кимлар тарк этади?

- “Пахтакор” ҳақли равишда чемпионликни қўлга киритди. Бу жамоада сифатли футболчилар тўп суряпти. Тўртинчи йилдирки, деярли битта таркиб билан ўйналяпти. Иккинчи ўринга катта интрига кетяпти. “Сўғдиёна”, АГМК ва “Насаф” жиддий курашяпти. Нима бўлишини кўрамиз. Суперлигани ким тарк этишига келсак, “Турон” қийин вазиятга тушиб қолган. “Машъал”, “Металлург”, “Андижон” ва “Сурхон”да бир хил вазият. Охирги учта тур барчасига ойдинлик киритади. “Металлург” эса жойида эмас. Нимадир етишмади, балки биз ҳам хато қилдик. Чемпионатда ҳозир интрига бор.

абдураимов жасур1_1

Бекободдаги омадсизлик унинг мураббийлик фаолиятига салбий таъсир қиладими?

- Яхши савол. Олий лигада бош мураббий бўлиб “Пахтакор”да ишлаганман. Бекободда 7 ой ишладим ва бу менга катта тажриба бўлди. “Металлург” ўртача жамоа. Мураббий сифатида ўртача футболчилар билан ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатиш мумкинлигини кўрсатдик. Фақат юқорида айтганимдек, иккинчи даврада нима бўлганини тушунмай қолдим. Ҳолбуки, яхши ўйинлар ҳам ўтказдик. “Насаф”, “Локомотив”, биринчи даврада “Пахтакор”га қарши яхши ўйинлар ўтказдик. Бизда 5-6 та футболчи Суперлигада бирични марта ўйнади. Энди менга яхши жамоалардан таклифлар бўлса, “Металлург”даги хатоларни такрорламайман. Чунки у ердаги ишим ҳар тарафлама тажриба бўлди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!