"Истиқлол"нинг "Бухоро"га қарши ўйини ўтказилмайди. Клубнинг кубокдаги ўрнини эса Биринчи лига иштирокчиси тўлдиради
Фарғонанинг “Истиқлол” футбол клуби юзага келган иқтисодий масалалар туфайли Про лигадаги иштирокини давом эттира олмаслиги юзасидан ЎзПФЛга расмий хат билан мурожаат қилди. Эндиликда мазкур масала ЎзПФЛ Ижроқўми йиғилишида кўриб чиқилади ва клубнинг Про лига қатнашчилари сафидан чиқарилиши бўйича қарор қабул қилинади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди.
“Истиқлол” футбол клубининг мурожаатига асосан Про лига 5-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган ва тақвимга кўра 15 апрель санасида ўтиши лозим бўлган “Бухоро” — “Истиқлол” учрашуви ўтказилмайди.
Шунингдек, “Истиқлол” футбол клуби қуръага кўра Ўзбекистон кубоги “B” гуруҳидан ўрин эгаллаган эди. Кубок баҳсларида “Истиқлол”нинг ўрни Ўзбекистон кубоги иккинчи саралаш босқичида мағлуб бўлган “Чиғатой” — “Ғиждувон” қарама-қаршилиги ғолиби билан тўлдирилади.
Шу тариқа, Ўзбекистон кубоги учинчи саралаш босқичида 2 та учрашув бўлиб ўтади.
Ўзбекистон кубоги учинчи саралаш босқичи
13 апрель, сешанба
16:00 ЗОМИН — РУБИН
15 апрель, пайшанба
16:00 ЧИҒАТОЙ — ҒИЖДУВОН
Фикрлар