Италия термаси 12 нафар аргентиналикни ўйнатмоқчи

А Серияда легионерларнинг кўплиги Италия терма жамоасини шакллантиришда муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, ҳужум чизиғидаги бўшлиқни тўлдириш учун италияликлар Аргентинада тўп тепаётган Матео Ретегига фуқаролик бериб, уни терма жамоага жалб қилди.

Натижа чакки бўлгани йўқ. 2024 Европа чемпионати саралаш турнирининг дастлабки икки турида 23 ёшли футболчи Англия ва Мальта терма жамоалари дарвозасини ишғол қилди.

Қизиғи шундаки, Матео Ретеги ҳеч қачон Европа майдонида тўп тепмаган. У клублар миқёсида ўзи туғилиб ўзган юртнинг “Бока Хуниорс”, “Эстудиантес”, “Тальерас” ва “Тигре” жамоаларида тўп тепган. Аслида “Бока Хуниорс”га тегишли ўйинчи мавсумни ижара асосида “Тигре”да ўтказмоқда.

Ретеги тажрибаси иш берганидан кейин италияликлар жами 12 нафар аргентиналикни маҳаллийлаштиришни режалаштирмоқда.

TuttoMercatoWeb сайтининг хабарига кўра, асосий номзод “Зальцбург”да ўйнаётга Николас Капальдо ҳисобланади.

Шунингдек, Италия футбол федерацияси ҳимоячи Николас Валентини ("Бока Хуниорс"), ярим ҳимоячилар Игнасио Пуч ("Атлетико Тукуман"), Томас Поццо ("Индепендьенте"), Жино Инфантино ("Росарио Сентраль"), Хуан Сфорца ва Хусто Жани ("Ньюэллс Олд Бойз"), Жанлука Престианни ("Велес Сарсфилд"), ҳужумчилар Педро де ла Вега ("Ланус") ҳамда Лукас Бельтран ("Ривер Плейт") каби ўйинчиларни италияликка айлантириб, миллий жамоага олиб келмоқчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!