Иван Соловьёв: "Насаф"нинг таклифини эшитганимдан кейин қолган чорловлар мени қизиқтирмай қўйди"

“Насаф” клуби 2019 йилдан бери “Навбаҳор” учун тўп сурган россиялик легионер Иван Соловьёв билан шартнома имзолаганидан хабардорсиз. 29 ёшли ўйинчи шу тариқа янги мавсумни Рўзиқул Бердиев жамоасида ўтказишга қарор қилди.

Иван билан суҳбатлашишни олдинроқ келишиб қўйгандик. Фақат футболчи шартнома тузиб олганидан кейин Sports.uz учун интервью беришга рози бўлганди. Ваъдага мувофиқ россиялик легионер саволларимизга жавоб қайтарди.

- Сиз энди “Насаф” футболчисига айландингиз. “Аждарлар” оиласига қўшилгач, нималарни ҳис қиляпсиз?

- Бунга жуда яхши муносабатдаман. Мен шу жамоа сафига қўшилганимдан албатта хурсандман. Бу ерда ажойиб жамоа йиғилган. Аҳил ва бутун оила! Клубда ҳамманинг фикр-у, ҳаёли фақат футбол ҳақида. Аъло даражадаги база бор. Гўёки, ҳаммаси Москванинг “Динамо” клубида бошлаганимдек.

иван3_1

- Хизматингизга яхши таклифлар бор эди. Уларнинг орасида “Насаф”нинг таклифи айнан нимаси билан қизиқтирди?

- “Насаф”нинг таклифи ҳақида эшитганимдан кейин мени қолган таклифлар қизиқтирмай қўйди. Биласизми, мен ўша пайтда Қозоғистон клуби билан йиғинда иштирок этаётгандим. Аслида у ерга гаплашгани боргандим. Аммо менга қўнғироқ қилиб, “Насаф” томонидан қизиқиш бўлаётганини айтишганида, нарсаларимни йиғиштириб қозоқ клубини тарк этдим. Ким билан гаплашсам ҳам барча “Насаф” тўғрисида фақат яхши гапларни айтди. Натижада мен ўйлаб ўтирмасданоқ, шу заҳоти йўлга чиқдим.

иван1_3

- Иван, сизни клубга Рўзиқул Бердиевниг ўзи таклиф қилдими? Умуман, ушбу мутахассис ҳақидаги фикрингизни билмоқчимиз.

- Менга клуб томонидан қизиқиш борлигини айтишди. Мураббий ҳақида нима дейишим мумкин? У Суперлигадаги энг яхши мураббийлардан бири. Табиийки, унинг қўли остида шуғулланишимдан хурсандман. Бир сўз билан айтганда, бутун штаб ва клуб раҳбариятига миннатдорлик билдираман. Мени клубда яхши кутиб олишди ва ўз оилаларига илиқ қабул қилишди. Бунинг учун улардан миннатдорман.

иван9

- “Навбаҳор”дан кетишингизнинг жиддий сабаби бормиди?

- “Навбаҳор” – энди бу тарих. Шундай экан, бу клуб ҳақида умуман бирор нима дейишни хоҳламайман.

- Лекин “Навбаҳор” ишқибозлари сизни ёқтиришарди. Самвел Бабаян ҳам клубда қолишингиз тарафдори эди. У ердан кетиш қийин бўлмадими?

- Клубдан кетишим оғир ҳам, осон ҳам бўлмади. Бу вазиятда ўртача дейишим мумкин. Аслини олганда, жамоани мавсум аввалидаёқ тарк этишни хоҳлагандим. Аммо жамоадаги йигитларнинг борлиги кетмаслигимда асосий ролни бажарди. Ўшанда “Навбаҳор” Туркиядаги йиғинда иштирок этаётганди. Ҳолбуки, мен ўша пайтдаёқ кетмоқчи эдим.

иван7

- “Навбаҳор”даги ўзгаришларни кузатяпсизми? Сизнингча, собиқ клубингиз чемпионатда қайси ўринга даъвогарлик қилади?

- Ҳа, клубда ўзгаришлар бор. Жамоанинг бюджети ошди. Яхши савиядаги ўйинчиларни олишди. Лекин шуни айтишим керакки, ҳаммасини вақт кўрсатади. “Навбаҳор”га эса омад тилайман.

- Энди чемпионат доирасида наманганликларга қарши майдонга тушишингизга тўғри келади. “Навбаҳор”га қарши ўйин сиз учун қандай аҳамият касб этади?

- Бу мен учун ўта принципиал ўйин бўлади. Ҳаттоки, “Зенит” ҳамда “Динамо”га қарши ўтказган ўйинларимдан ҳам кўра, ўта муҳим учрашувга айланади.

иван_4

- “Насаф” ўзининг академиядаги тарбияланувчилари билан ҳам танилган. Сиз эса легионер сифатида ёшларга ўрнак бўлишингиз керак. Бу борада маҳаллий йигитларга нималарни ўргатасиз?

- Мен ҳали ўзимни ҳам қария футболчи, деб ҳисобламайман. Бу ҳаётда улар мендан, мен эса улардан нималарнидир ўрганамиз. Клубда жуда яхши ёш ўйинчилар бор. Бироқ уларни энди унчалик ҳам ёш, деб бўлмайди. Агар 21 ёшгача бўлганида уларни ёш десак бўлаверарди. 21 дан кейин эса энди сен профессионал футболчига айланган бўлишинг керак. Тўғри, Ҳусайн Норчаев ёш футболчи. Келажаги порлоқ ҳужумчи. Агар одамлар унинг бошини айлантириб қўймаса ҳамда шу даражага етишишида ҳисса қўшган инсонларнинг гапларига қулоқ тутса ва юлдузлик касалига чалинмаса, унинг келажаги ёрқин кўринишда кечади.

иван6

- Иван, “Насаф” билан шартнома тузганингиздан сўнг сизни биринчи бўлиб ким табриклади?

- Биринчи бўлиб жамоадошларим,ота-онам, рафиқам, синглим ва яқинларим табрикладилар.

- Эшитишимча, АГМК клубида тўп суришни хоҳлаган экансиз. Шу ростми?

- Ҳа, рост. Буни хоҳлагандим, бироқ бўлмади. Буни қўрқинчлик жойи йўқ. Ҳозирги жамоамда эканлигимдан хурсандман. Бу мен учун Ўзбекистондаги энг яхши жамоа.

иван5

- “Навбаҳор” ва “Насаф” мухлисларини таққослаганда сиз учун қай бири кучлироқ?

- Бу қитмирона савол бўлди. Лекин мен айтгандек ёзинг. “Насаф” мухлисларини фақат бир марта кўрганман холос. 2019 йили сафарда ўйнаган чоғимизда. Кейин пандемия бошланди. “Навбаҳор” мухлислари кучлироқ. Аммо бу йил “Насаф” жамоасининг ишқибозлари бизга яхши далда бўладилар ва ҳатто наманганлик ишқибозлардан ҳам кучлироқ тарзда қўллаб-қувватлайдилар.

иван2_1

- “Насаф”да ўзингиз учун қайси рақамни танладингиз?

- 9-рақам мен учун жуда аҳамиятли. Чунки ўйнаган барча жамоаларимда 9-рақамим бор эди. Айнан 9 демоқчи эмасман, масалан, 90, 99-рақамларда ўйнаганман. Асосийси, футболкамда 9 рақами бўлиши керак. Мен учун жуда муҳим. Фақат Москванинг “Динамо”сида ўринбосарлар таркибида 45-рақамда тўп сурганман.

иван4_1

- Ўзбекистон чемпионати сизга нимаси билан ёқади?

- Бу ерда яхши чемпионат бор. Ёмон дея олмайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсунов Рамазон
28/01/2022 21:49
ФИФА БИЛАН ОФК башка иши ёкми икки йилдан бери Насафга жарима куллашдан нарига утмайди.Ундан кура молиявий ёрдам курсатсин.Насаф зурлигини шу йил ФИФА ва ОФКига курсатиб куйиш керак
&
Турсунов Рамазон
28/01/2022 21:40
Насаф хар дойим зур булган бу йил чемпиён булиши учун зур битта хужимчи олиш керак
Odilbek Abdushukurov
29/01/2022 23:16
Solovyovni o‘zimizni futbolchilardan bir ortiqcha joyi yo‘g‘-u, lekin, "Nasaf" uni o‘ynata olish qobilyatiga ega.
&
Лучше Насаф
27/01/2022 21:57
Омад Иван хуш келибсан Насафга
. мансур
29/01/2022 02:54
Насаф ҳеч қачон зўр бўлмаган, ундан шу пайтгача МТЖда ўйнай оладиган биронта ўйинчи чиққани йўқ
Jaloliddin Raxmonov
30/01/2022 01:17
MTJda uynaydigan chiqmaganini ham yaxshi silarga o`xshaganlarni qarg`ishiga qolgandan kura.....