Издан чиқариб юборилган ўйин ва кайфиятсиз "Пахтакор"!

Суперлиганинг 13-турида Тошкент дербисига гувоҳ бўлдик. “Пахтакор” ўз майдонида “Бунёдкор” клубини қабул қилди. Учрашувдан аввал, “шерлар”нинг устунлигини кўпчилик ўйлаганди. Лекин бу сафар “шерлар”нинг рақибга кучи етмай қолди. Чемпионатда мағлубиятсиз одимини давом эттириб келаётган “Пахтакор” кам сонли мухлислари кўз ўнгида илк бор майдонни “қуруқ” тарк этди.

Албатта, учрашувда дарвозаларга бешта гол урилгани ўйинни қизиқарли ва ҳужумкор руҳда ўтганини кўрсатиб турибди. Аслида барчаси “Пахтакор” учун режадагидек бошланганди. Аббос Файзуллаевнинг голи туфайли майдон эгалари ҳисобда олдинга чиқишди. Аммо беллашувдаги қолган воқеалар иккинчи бўлимда юз берди. Айниқса, “Бунёдкор” характер кўрсатган ҳолда ўйинини тубдан ўзгартирди. Ҳужумдаги самарадорликни кескин оширди ва рақибни хато қилишга мажбур қила олди.

буник_7

Бунгача биринчи лигада “Бунёдкор” фарм клубида тўп суриб келган ҳужумчи Жасур Ҳакимов яна асосий жамоага қайтарилди. Бошланғич таркибда майдонга туширилган футболчи майдонда бор кучини сарфлади ва 51-дақиқада ҳисобни тенглаштирувчи гол муаллифига айланди. Ўйин кўринишидан 1:1 ҳисобида якунланадигандек эди. Бироқ “Бунёдкор” ҳисобни тенглаштирганидан ярим соат ўтиб, Умарали Раҳмоналиевнинг голи эвазига ҳисобда яна олдинга чиқиб олди. Рости, “Пахтакор”дан жавоб голи бўлишини кутгандик ва амалда шундай ҳам бўлди. Драган Чераннинг заргарона тўп узатишини Фаррух Сайфиев дарвозага жойлаб қўйди. Лекин бунга рози бўлмаган “Бунёдкор” футболчилари охиригача курашди. Захирадан майдонга тушган Усмонали Исмоналиев жарима майдони ичида Драган Черанни алдаб ўтган вазиятда у рақибининг оёғини илиб олганди. Аввалига бош ҳакам ўйинни давом эттирди. Бироқ кейинчалик VARнинг аралашувидан сўнг, бош ҳакам вазиятни такрор кўргач, пенальти белгилашга қарор қилди. 90+4-дақиқада яна Умарали Раҳмоналиев катта саҳнага чиқди ва учинчи голни “Пахтакор” дарвозасига жойлади. Шу тариқа, “Қалдирғочлар” узоқ кутилган ғалабасини қўлга киритди.

пахтакор1_11

“Бунёдкор” охирги марта қачон ютгани ёдингиздами? 25 апрель куни Яйпанда “Нефтчи” устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлиб, шундан бери рақибларига қарши дуранг ва мағлубият каби натижаларни кўрсатиб келаётганди. Икки ойдан ортиқроқ давом этган ғалабасиз серияга “Пахтакор” билан учрашувда барҳам беришди. Бунинг устига Виктор Карпенко “Бунёдкор” бош мураббийи сифатида илк ғалабасини тантана қилди.

Очиғи, “Бунёдкор” ғалабани кўпроқ хоҳлади. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Пахтакор” бош мураббийи Славче Войнески тўғри айтди. У ҳам рақибнинг ғалаба учун хоҳиш ва истаги кучли бўлганини тан олди. Шу куни “Пахтакор” ўзига ўхшамади. Жамоа ўйини издан чиқиб кетди. Хато ва камчиликлар негадир кўп кузатилди. Ёш “бунёдкор”чилар тажрибали рақибига қарши ҳар жабҳада ишончли ўйин намойиш этди. Учта голдан ташқари уларда яна бир қатор хавфли вазиятлар ҳам бўлди. “Пахтакор” ушбу мавсумда чемпионатимизда илк бор ўз дарвозасидан учта гол ўтказиб юборди. “Бунёдкор” ўз ўйини билан “Шерлар”нинг ожиз нуқталарини кўрсатиб қўйди. Қолаверса, нимагадир “Пахтакор” футболчиларининг кайфияти ҳам яхши эмасдек, кўринди.

“Бунёдкор”га қарши ўзаро ўйинларда энди барчаси тенглашди. 33 та учрашувда 12 тадан ғалаба ва 9 та дуранг. Фақат тўплар нисбатига “пахтакор”чилар учта тўп фарқи билан олдинда. Қизиғи, ўтган йилнинг 27 ноябрь куни “Бунёдкор” майдонидаги ўйинда ҳам “Пахтакор” 3:2 ҳисобида таслим этилганди. Яна бир қизиқ жиҳат шундаки, 2019 йилнинг 27 ноябрь куни “Пахтакор” майдонида ўтган беллашувда ҳам “Бунёдкор” 2:3 ҳисобида рақибини мағлуб этган. Умуман айтганда, "қалдирғочлар" ушбу ҳисоб билан 4 марта ғалаба қозонишган.

“Бунёдкор” учун биринчи давра якунланди. “Қалдирғочлар” режадаги барча 13 та ўйинни ўтказиб бўлишди. “Пахтакор”да эса яна иккита захира ўйини бор. 5-турда ўтиши керак бўлган “Металлург”га қарши баҳс 4 июлга белгиланган бўлса, 11-тур доирасида сафарда “Сўғдиёна” билан учрашув 6 августда ўтказилиши режалаштирилган.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
. мансур
30/06/2022 17:43
Бу тренерни тезроқ йўқотиш керак, у билан биронта соврин ютолмаслиги аниқ, Пахтакор кўп йиллардан бери лоқал ички чемпионатда бунақа ночор кўринмаган эди, бу ҳаммаси хорамхўр Ирисметовнинг ўйинлари эди
Шухрат Хусаинов
01/07/2022 00:02
Нима услуг судья Бунёдкор футболчилари давит килгандан кейин Варга мурожат килди унгача бизнинг аккли Варлар каекка карашаетган Эди