Жаъфар Ирисметов: Ишга қайтишим биланоқ кўз остимга олиб қўйган футболчилар билан музокараларни бошладим

Футболимизда кўзга кўринган шахслардан бири Жаъфар Ирисметов яна «Пахтакор»да ўз ишини олиб бормоқда. Хабарингиз бўлса, у «Азиз Турғунбоев иши» бўйича олти ойга футболдан дисквалификация қилинганди. Ўша муддат тугагач, Жаъфар Турсумбоевич яна футболга қайтди ва «Пахтакор»да олдингидек спорт директори лавозимида ишламоқда.

«Пахтакор»нинг чемпионлиги ҳақида

«Пахтакор»нинг жорий мавсумдаги иштироки ҳақида алоҳида гапириш мумкин. Чунки клуб ҳар томонлама рақибларини доғда қолдириб келмоқда. Шу сабабли улар ҳақли равишда чемпионликни қўлга киритишди. Хўш, «Пахтакор» жорий мавсумда ўта кучайиб кетдими ёки рақиблар кучсизланганми? Бу албатта, ўзига яраша қизиқ савол. «Пахтакор» клуби спорт директори Жаъфар Ирисметов эса аввало ушбу масалага муносабатини билдирди.

- «Пахтакор» чиндан ҳам бу йил бошқаларга қараганда кучли ўйин кўрсатяпти. Масалан, ўтган йили ҳам жамоамиз чемпион бўлишга муносиб эди. Ўшанда ҳам мавсумни яхши бошлаганди. Биринчи даврадан кейин 11 очкога ҳаммадан илгарилаб кетганди. Лекин олтин очколар сабабли қийналиб қолгандик. Бу йил эса «Пахтакор» ҳар тарафлама барчадан кучли эканлигини исботлаяпти. Аммо бу билан чемпионатимизнинг савиясини кучсиз деб айта олмайман. Айтишим мумкинки, бошқалар ҳам бир текисда ўйнашяпти. Шунчаки, «Пахтакор» бошқалардан кучли.

Ирисметов Дубайда!

Ирисметов дисквалификация муддати тугаганидан сўнг яна клубга қайтди ва спорт директори лавозимида ишини давом эттиряпти. Бунгача эса унинг «Пахтакор»га қайтиши ёки қайтмаслиги борасида ҳам қизиқаётганлар кўп эди. Аммо кўриб турганингиздек, Жаъфар Ирисметов яна «Пахтакор»да!

- Ҳа, дисквалификация муддатим тугаганидан кейин яна «Пахтакор»га ишга қайтдим, - дейди, Жаъфар Турсумбоевич. – Яна клубнинг спорт директори лавозимидаман. Айни пайтда қизғин иш жараёнидамиз. Мана, ҳозирда Дубайда иш билан бўлиб турибмиз. Янги мавсум учун кўриладиган тайёргарлик жараёнларини жамоамиз қайси майдонларда ўтказиши, қайси меҳмонхоналарда истиқомат қилиши борасида кўриб юрибмиз. Умуман олганда, ўз ишим билан шуғулланяпман. Академия ва ўринбосарлар таркибимизни кучайтириш ҳаракатидамиз. Қолаверса, селекция ишлари билан ҳам бандман. Ҳозирда эса икки-уч нафар футболчилар билан шартномалар туздик. Уларни келаси йили жамоамиз сафида кўрасизлар. Яна 5-6 нафар ўйинчилар билан ҳам музокаралар олиб боряпмиз.

ирисметов4

Селекция тўғрисида

«Пахтакор»нинг янги мавсум учун ҳозирданоқ астойдил киришганлиги кўриниб турибди. Демак, селекцияда ҳам яна айрим ўзгаришлар кузатилишининг эҳтимоли катта. Спорт директори эса шу ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Сайтларни кузатиб борган бўлсанглар, ўзимизнинг бир қатор етакчи ўйинчилар билан шартномаларни узайтирганимиз ҳақида хабарлар бердик. Масалан, Фарруҳ Сайфиев, Элдор Суюнов, Шерзод Аъзамов… Игорь Сергеев билан бир йилга битимни узайтирдик. Одил Ҳамробеков эса яна икки йил давомида биз билан бирга бўлади. Асосий мақсадимиз жамоамизни ёшартириш ва ўртача ёшини 24-25 даражага келтириб, терма жамоа ўзагини ташкил қилмоқчимиз. Ҳозирги кунда кўп эътиборимизни ўзимизнинг маҳаллий футболчиларимизга қаратяпмиз. Тўғри, легионерлар ҳам бўлиши керак. Аммо биринчи навбатда маҳаллий иқтидорларни жалб қилмоқчимиз.

Дисквалификацияси ҳақида

Шуни алоҳида айтиш керакки, Ирисметов клубга қайтганидан кейин «Пахтакор»нинг ташкилий масалалари ва яна бошқа ишларида ижобийлик кўзга ташланиб турибди. Дисквалификация туфайли футболдан четда юрган чоғида ҳам бўлиб ўтган ишларни таҳлил қилиб, хулосалар чиқарган бўлса ажаб эмас.

- Тўғрисини айтсам, дисквалификация пайти менга жуда қийин ўтди. Чунки шунча қилинган меҳнатдан кейин четга чиқиб қолгандек бўлдим. Аммо шунга қарамасдан, бўш ўтирганим йўқ. Кўплаб ўйинларни кузатдим, таҳлил қилдим. Керакли футболчиларни ҳам кузатиб юрдим. Ишга қайтишим биланоқ ўша кўз остимга олиб қўйган ўйинчилар билан музокараларни бошладим. Юқорида айтганимдек, айримлари билан келишувга ҳам эришдик. Ҳозирги кунда ҳам иш тўхтагани йўқ. Келаси йили нафақат Ўзбекистон чемпионатида, балки Осиё Чемпионлар лигасида ҳам яхши қатнашиш вазифаси раҳбарият томонидан олдимизга қўйилган. Шунинг учун «Пахтакор»нинг таркибини янада кучайтиришга ҳаракат қиламиз, - дейди мутахассис.

ирисметов3

Клубни кимлар тарк этади?

Таркиб янада кучайтирилиши бу табиийки, ўзгаришлар бўлишидан дарак бермоқда ва «Пахтакор»ни тарк этадиган ўйинчилар ҳам борлиги билиниб турибди. Бу масала бўйича Жаъфар Ирисметов шундай деди:

- Жамоамиздан кетадиган футболчилар ҳам бор, йўқ эмас. Аммо ҳозирдан бу ҳақида айтишимиз яхши эмас. Эртага нима бўлишини Худо билади. Ҳозирдан кимнидир кетади ёки қолади деб айтишимиз ўша футболчига нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Лекин тахминларимиз бор ва 3-4 та ўйинчи билан хайрлашмоқчи бўлиб турибмиз. Аслида бу ҳар йили бўладиган жараён ва буни футболчилар ҳам тўғри тушунишлари керак. Бунгача бир қанча ўйинчиларни бошқа клубларга бердик. Масалан, Акбар Исматуллаев, Александр Лобанов, Станислав Андреев кабилар «Металлург»га бориб яхши ўйин кўрсатишяпти. Барибир «Пахтакор»дан кетган йигитлар ҳам яхши савиядаги ўйинчилар ва улар бошқа клубларни бемалол кучайтира оладилар. Биз ҳам клубда 30-40 та футболчини бир вақтнинг ўзида ушлаб тура олмаймиз. 24 та ўйинчини рўйхатга кирита оламиз. Бошқаларни бекордан ушлаб туриб, уларни ўйин амалиётисиз ҳам қолдиришимиз нотўғри бўлади. Қолаверса, иқтидорли ёшларни ҳам ижарага берганмиз. Масалан, Асад Собиржонов «Бухоро»да «очилиб» кетди. Достон Ибрагимов ҳам ўзини кўрсатиб келяпти. Ўйлашимча, «Пахтакор» шу томонлама ҳам тўғри йўл танлаган. Олимпия терма жамоамизга керакли бўлган футболчиларни ушлаб турмасдан уларга ўйин амалиётини тақдим этяпмиз. «Пахтакор»да эса доим олий мақсадлар қўйилгани учун ёшларни захирада ушлаб ўтирмасдан бошқа жамоаларга бориб ёрдам бергани яхши. Мисол учун иккинчи даврада Эркинов билан Аҳмадовни «Қўқон-1912»га бердик ва у ерда ўзларини кўрсатишяпти. 

Легионерларнинг кейинги тақдири

Шунингдек, клубда легионерлар масаласи ҳам алоҳида мавзу бўлиб келган. Бунгача ҳимоячи Марко Симичнинг мавсум тугаганидан кейин клубдан кетиши ҳақидаги хабарлар ҳам пайдо бўлганди. Қолаверса, клуб кейинги мавсум учун ҳам янги легионерлар билан музокаралар олиб боряптими? Ушбу саволлар юзасидан спорт директорининг жавоби қуйидагича бўлди:

- Драган Черан билан ҳам шартномани икки йилга узайтирдик. Легионерлардан ҳозирча фақат у билан келишувга эришдик. Лекин Симич борасида бирор нима дейишим қийин. Буни мураббийлар штаби билан ҳал қиламиз ва агар рухсат беришса, у билан ҳам музокараларни олиб борамиз. Бундан ташқари, яна бошқа хорижлик футболчиларнинг номзодларини ҳам кўриб чиқяпмиз. Агар «Пахтакор»га ҳар томонлама мос тушадиган легионерни аниқласак, буни кўриб чиқамиз.

«Пахтакор» осиёлик легионерларни кузатмоқдами?

Маълумотларга қараганда, «Пахтакор» клубида осиёлик легионерлар ҳам пайдо бўлиши мумкин ва ҳозирда кузатув ишлари олиб борилмоқда. Гап шундаки, Жаъфар Ирисметов ЖЧ-2022 иккинчи саралаш баҳслари доирасидаги Ироқ ҳамда Гонконг терма жамоалари ўртасидаги ўйинни стадионда кузатиб борган. Демак, бу бежиз бўлмаса керак ва мезбонларнинг қайсидир ўйинчилари синчковлик билан ўрганилаётган бўлиши ҳам мумкин. Бу хусусида спорт директори қуйидагича жавоб берди:

- Ҳа, Ироққа бориб келдик. Лекин ҳозирча айнан кимни кузатаётганимизни айта олмайман. Аммо бир-иккита футболчилари бизни қизиқтиряпти. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Ҳозирча эса фақат кўришга бордик. Яна уларни кузатиш керак. Агар бизнинг услубимизга ҳар томонлама мос келса, қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.

Шота Арвеладзега чиндан ҳам терма жамоа бош мураббийлиги таклиф қилинганмиди?

Яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоасида Эктор Купернинг ўрнини Вадим Абрамов эгаллаганидан яхши хабардорсиз. Лекин бош мураббийликка Вадим Карленовичдан ташқари «Пахтакор» устози Шота Арвеладзенинг ҳам номзоди борлиги ҳақидаги гаплар қулоққа чалинганди. Ёки «Пахтакор» ўз мураббийини қўйиб юборгиси келмадими? Ирисметов эса чиндан ҳам Шота Юстиновичнинг номзоди бўлганини тасдиқлади.

- Ўйлашимча, Вадим Абрамовнинг терма жамоага бош мураббий бўлганини яхши деб ҳисоблайман. Илгари терма жамоамиз Вадим Карленовичнинг қўли остида ажойиб ўйин кўрсатган ва буни ҳамма яхши эслайди. Мухлисларимиз ҳам Абрамовни хоҳлашганди. Лекин бу ёғига мураббий ишни қандай олиб боришига ҳам кўп нарса боғлиқ. Масалан, таркибни ёшартирадими? Айтайлик, Анзур Исмоилов ўз хоҳиши билан термадан кетди. Ўйлашимча, яна бир-иккита ўйинчининг терма жамоадаги фаолиятини якунлаш фурсати етиб келди. Аста-секин терма жамоани ёшартириб бориш керак. Шота Арвеладзега келадиган бўлсак, ростдан ҳам унинг бош мураббийликка номзоди бор эди. Лекин бир вақтнинг ўзида ҳам «Пахтакор»да, ҳам терма жамоада ишлашни хоҳламади. Ўйлашимча, бу тўғри бўлмасди. Иккала жойда ишласа диққат-эътиборини йўқотиб қўйиши ҳам мумкин. Терма жамоа бош мураббийи бўлганидан кейин бошқа жамоалардаги ўйинчиларни ҳам кўпроқ кузатишига тўғри келади. Эктор Куперга эса кўпроқ шу нарса етишмади деб ўйлайман. Негаки, у фақат Тошкентдаги ўйинларни кўришга ҳаракат қилди-ю, қолган учрашувларни умуман кўрмади десак ҳам бўлади. Балки видеоёзув орқали кўргандир, аммо стадионда жонли кузатган бошқа. Менимча, Арвеладзенинг ҳам хоҳламаганини сабаби шу бўлса керак. Чунки унинг олдида клуб раҳбарлари томонидан қўйилган вазифаларни бажаришдек жиддий вазифаси ҳам турганди.

ирисметов

«Пахтакор»нинг муваффақиятлари учун қандай бонуслар бор?

Маълумки, «Пахтакор» клуби мамлакат чемпионлигини қўлга киритди ва бундан ташқари Ўзбекистон Кубоги финалига чиқди ҳамда Ўзбекистон Лига Кубогининг ярим финалига ҳам етиб келди. Демак, уларда соврин ютиш бўйича хет-трикка эришиш имконияти бор. Қизиқ, клуб раҳбарлари бундай муваффақиятлар учун футболчиларга қандай бонусларни белгилашган экан-а? Бу мавзу бўйича ҳам спорт директорининг фикри билан қизиқдик.

- «Пахтакор» ўзи иштирок этаётган ҳар қандай мусобақада биринчи ўринни олишга ҳаракат қилади. Мана, Кубок финалига чиқдик ва Лига Кубогида ярим финалда турибмиз. Албатта, қолган рақиблар билан бемалол рақобатлашса бўлади. «Пахтакор» барча мусобақаларда ғолиб чиқишнинг уддасидан чиқади деб ўйлайман. Бонусларга келадиган бўлсак, раҳбарият нима деса шу бўлади. Шартномаларда ҳеч қандай бонуслар ёзилмаган. Аммо раҳбарият томонидан ваъда қилинган бонуслар бор. Жамоамиз ютса, раҳбарият айтилган бонусларни бажаришади.

«Пахтакор» - АГМК ўйини олдидан

«Пахтакор» ўтган йили Кубок финалида АГМКга мағлуб бўлиб, кўпчиликни ажаблантирганди. Ваҳоланки, ўшанда «Пахтакор»нинг мағлубияти кутилмаган ҳолат бўлганди. Бу сафар эса «шерлар» ўша мағлубият учун реванш олармикин?

- Биз ҳозирча фақат чемпионатни ютдик холос. Шу боис Кубок баҳсларига жиддий тайёрланишимиз керак. Олдинги йилги мағлубият албатта футболчиларимизга аламли бўлганди, буни ҳамма яхши тушуниб турибди. Ўйлашимча, йигитларимиз бошқача тайёргарлик кўришади ва албатта ютиб Кубокни қўлга кирита оламиз. Умуман олганда, жорий мавсумда учта соврин ютишни жуда хоҳлаяпмиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
11/10/2019 22:58
Aziz Ganiev. bu yil Pahtakorga utadi. Kubik fenalga. Pahtakor yutqazadi bu ham aniq. Sponser bitta. bulsa. olmaliq chiqadi. osiyoga. pahtakor bilan ikkalasi. omadini bersin.
&
Абвгд
11/10/2019 23:39
Пулинг куп булса музокара утказиш хам осон булади, факат регламент бузиб куйилмаса.