Жаъфар Ирисметов Россияда нега шов-шув бўлиб кетди? "Пахтакор"даги вазият, клубдан нега кетгани, Шацких билан муносабати ҳақида очиқ гапирди
Анча вақт “Пахтакор” клуби спорт директори лавозимида ишлаган Жаъфар Ирисметов ҳозирги пайтга келиб футболдан ташқарида. Барибир унинг футболда тўплаган бой тажрибаси кун келиб қайсидир жамоага асқотиб қолиши табиий.
Уни Россияда ҳам жуда яхши билишади. Шу боис тез-тез рус матбуоти ҳам Ирисметовни “безовта” қилиб туришади. Бу сафар Жаъфар Турсунбоевич Sports.uz мухбирига интервью берди.
- “Пахтакор”дан кетганингиздан кейин қандай ишлар билан бандсиз? Футболдан узоқлашмадингизми?
- Ҳозир фақат оилам биланман. Ҳозирча футболни четдан кузатиб турибман. Суперлига билан про лига ўйинларини қизиқиб кўряпман. Кўпроқ оиламга вақт ажратяпман. Кичкина ўғлим футбол билан шуғулланади. Унга ҳам эътибор қаратиб, машғулотларига олиб боряпман.
- Яқин орада хорижий ҳамкасбларимизга бир-икки марта қизиқарли интервьюлар ҳам бердингиз...
- Ҳа, Россиядан журналистлар алоқага чиқиб сўрашди. Россияда шов-шув бўлиб кетибди. Яъни, “Пахтакор”да ишлаган спорт директори “Спартак” клубига спорт директори бўлиши мумкин деган, хабар овоза бўлган. Шундан сўнг Москвадан олдин бирган ўйнаган бир-иккита собиқ футболчилар ҳам қўнғироқ қилишди. Лекин бу асоссиз нарса деб айтдим. Суҳбатда хорижда ўйнаётган футболчиларимиз ҳақида, кейин Йўлдошев, Эркинов хусусида қизиқиб сўрашади, шунга жавоб бераман. Отабек Шукуров ва Элдор Шомуродов ҳақида ҳам сўрадилар. Телефон қилишса, албатта жавоб бераман.
- Дарҳақиқат, сизни “Спартак” клуби спорт директори лавозимига кўрилаётгани ҳақидаги хабар эътиборимизни тортганди. Аслида бу гап қаердан пайдо бўлди? Унинг замирида озгина бўлса ҳам ҳақиқат бормиди? Шу хабардан кейин ўзингиз ҳам қизиқиб кўргандирсиз?!
- “Спартак”дан ҳеч ким менга қўнғироқ қилмаган. Айрим мухбирлар телефон қилиб, “Спартак”дагилар сиз билан алоқага чиқишдими, деб сўрашди. Балки уларга кимдир айтган бўлиши мумкин. Тўғрисини айтсам, унчалик қизиқиб кўрмадим. Чунки бу асоссизлигини билардим. Биласиз, спорт директори лавозими жуда масъулиятли иш бўлади. Россия футболчиларини яхши билмайман. Албатта, кўпчилигини биламану, лекин спорт директори олий лига ва биринчи лигасидаги 80-90 фоиз футболчиларни билиши керак. Бунга вақт керак. Журналистларга бу гаплар асоссиз эканини дарҳол айтдим. Лекин қанақадир бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмадим. Осиёлик агент масаласида кўриб чиқиши мумкин. Россияда четдан ўйинчи олдингидек олишмаяпти. Асосан Ўзбекистон ва Осиёга қаратишди, эътиборларини. Трансфер бозорини биз тарафга қаратгани учун шу йўналишда балки мени кўришгандир деб айтдим. Аниқроғи, Ўрта Осиё учун скаут сифатида. Бу фақат менинг тахминим.
- Бундан ташқари, Шомуродов тўғрисидаги гапингиз ҳам эътиборни тортди. “Рома” аъзоси Стефан Эл Шааравини Элдордан тўпни қизғониши ҳақида айтдингиз. Умуман, бунга ўзингиз қанчалик ишонасиз? Шомуродов ҳали ҳам “Рома”да ёки Туркияга кетиши керакми? Фикрингиз қандай?
- Ўйинда кўрган нарсамни айтдим-да. Машғулот жараёнларини кўра олмаймиз. 2-3 та учрашувда аҳамият бериб қараганимда Эл Шаарави Шомуродовга пас бермади. У ҳам билардики, Элдор билан ўзи рақобатчи. Абрахам тўпурар. Бу футболчини Шомуродов ёки Эл Шаарави билан тенглаштирмоқчи эмасман. Албатта, менга Элдорни ўйнагани яхши. Унинг ўйнаши Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам керак. Чунки термамизда ундан кўп нарса кутилади. Шомуродов ҳақида бир нима дейишим қийин. Туркия чемпионати ҳам ёмон эмас. Агар у ерга кетса, Италиядан кейин орқага ташланган қадам деб ўйлайман. Иложи бўлса, А серияда қолгани маъқул. “Болонья” ва яна айрим клублар қизиқяпти деб эшитдим. Элдорни ўзи нима қилишни яхши билади. Шунинг учун уни у ерга ёки бу ерга ўтиши керак, деб айтишим қийинроқ. Футболчини агентлари бор. “Рома”даги ҳолатини ҳам ўзи билади. Биз эса четдан гапираверамиз. Ҳолбуки, сиз билан биз “Рома”ни ичида нима бўлаётганини билмаймиз.
- “Пахтакор”да бир неча йил самарали фаолият олиб бордингиз. Лекин у ердаги ишингиз ниҳоясига етди. Шу пайтгача клубдан кетганингиз юзасидан бунинг сабабини айтмай келаётгандингиз. Энди сизда шу ҳақида гапириш имконияти бор. Ким сабабчи ёки нима туртки бўлди?
- “Пахтакор”дан кетишимга сабабчи деб кимнидир кўрсата олмайман. Менимча, янги раҳбарият келганидан сўнг жамоани янгилашмоқчи бўлишди. Спорт директори сифатида Максим Шацкихни чақиришди. Клубга 2017 йилда келган бўлсак, жамоани янгилаб олиш учун бизга бир йил вақт керак бўлди. 4,5 йил ишлаган фаолиятимда фақатгина Кубокда Самарқандда “Насаф”га ютқазиб қўйдик. Қолган барча совринларни ютишга ҳаракат қилдик. Барибир ўзбек клубларини Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятли қатнашиши қийин. Бу йилги ОЧЛдаги иштирокни сабаб деб кўрсата олмайман. Чунки жамоани кучайтира олмадик. Бунинг сабаблари бор. Ўйлашимча, буни раҳбарият яхши билади. Лекин “Пахтакор”ни ҳозиргача Ўзбекистондаги энг яхши жамоа деб ўйлайман. Қайси футболчиларни клубга олиб келган бўлсам, барчаси терма жамоа ўйинчиларига айланишган. Клуб ҳамма футболчилар билан шартномаларни узайтирди. Кетиш – бу ҳам ишимизнинг бир қисми. 4,5 йил ишлаган бўлсам, яхши фаолият олиб бордим, деб ҳисоблайман.
- Максим Шацких спорт директори бўлиб келганидаёқ уни кейинчалик бош мураббий бўлади, деган тахминлар бор эди. Бу амалда тасдиғини топди. Уни таклиф қилиш ташаббуси кимдан чиққанди? У билан муносабатингиз қандай?
- Шацкихни олиб келиш ташаббуси кимдан чиққанини билмайман. Ўйлашимча, бу олдиндан тайёрланган. Ишдан кетишимиз биринчи давра тугамасиданоқ рўй берди. Янги раҳбариятни кўзлаган мақсади бор. Режасига яраша иш тутади. Шацкихни олдиндан мураббий бўлиб келгани маълум эди. Фақат ўша пайтда Войнескини ишдан бўшатиш номантиқлигини билиб, менимча биринчи давра тугашини кутишди. Максимни жамоа билан яқинроқ танишиши учун спорт директори лавозимига қўйиб туришди. Шацких билан муносабатим қанақа? Бирга тўп сурганман, терма жамоада. Шундан сўнг ҳеч қанақа алоқам бўлмаган. “Ротор”да ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаётганида бир-икки марта гаплашганман. Муносабатим ёмон эмас. Иложи борича ҳеч ким билан ёмон муносабатда бўлмасликка ҳаракат қиламан. “Пахтакор”да ишлаган давримда ҳам ҳеч қайси инсон билан ёмон муносабатда бўлмаганман.
- Славче Войнескидан интервью олганимда у “Пахтакор”дан кетишим бир ой аввал ҳал қилиб бўлинганди, деган гапни айтган. Сиз ҳам кетишини билганмисиз? Мураббийни ишдан бўшатилиши одилона қарормиди ёки унга охиригача имконият берилиши зарурмиди?
- Собир ака Ходиев билан бирга жамоадан кетганимиздан кейин менимча уни ҳам кетиши аниқ бўлган. Раҳбариятга Славче унча ёқмади, десам ҳам бўлади. Лекин битта ўйин захирада ва бир очко фарқи билан ҳамда ҳимоя чизиғини ҳар қанча ёмонлашмасин энг кам 7 та гол ўтказган жамоа бўлди. Шу боис Войнескини Ўзбекистон чемпионатида ёмон натижа кўрсатмади, деб ўйлайман. Ҳа, “Пахтакор” чемпионлар лигасида яхши ўйнай олмади. Лекин олдинги йили ҳам “Пахтакор” ОЧЛда яхши қатнаша олмаганди. Мисол учун ўшанда ҳозиргидан бўш жамоалар орасидан чиқа олмаган. Агар Осиё Чемпионлар лигасидаги натижага қараб иш тутадиган бўлсак, унда “Пахтакор” ҳар йили мураббий ўзгартиришига тўғри келади. Масалан, ОЧЛдаги рақибларимизда шундай эдики, уларнинг битта футболчиси бизнинг бюджетимиздан кўп пул оларди. Албатта, ана шундай ўйинчилар ўйин тақдирини ҳал қилиб кетишади. Мисол учун битта футболчиси учта гол уряпти, бизга. Йигитларимиз яккама-якка вазиятдан гол ура олмаяпти, улар эса йўқ жойдан уришяпти. Бу футболчининг маҳорати билан боғлиқ. Бундай даражадаги ўйинчиларни жалб қила олмаймиз. Хориждан максимал равишда бюджетга қараб олиб келинади. Бизга Европадан келаман деган ўйинчилар ўйлашимча йўқ. Драган Черан адашиб келиб қолган (кулади). Ўзбекистонда бошқа кучли легионерни кўрмаяпман.
- “Пахтакор”нинг чемпионлигига қанчалик ишонасиз? Бу борада яна кимни имконияти кўпроқ?
- Фикримча, чемпионлик учун кураш асосан “Навбаҳор”, “Насаф” ва “Пахтакор” ўртасида кечади. Кўряпсизлар, “Пахтакор” ҳар учрашувда қандайдир муаммоларга дуч келяпти. Шацкихни қанақа мураббийлигини вақт кўрсатади. Биз ҳам келган пайтда биринчи йили чемпион бўла олмаганмиз. Агар унга Осиё Чемпионлар лигаси орқали баҳо бериш керак бўлса, ўша ерда кўринади. “Пахтакор” бу йиғилган таркиб билан чемпион бўлиши лозим. “Навбаҳор”да ҳам яхши имконият бор. Очколар бўйича биринчи ўринда. Ўзаро учрашувларда кўп нарсага ойдинлик киритилади. “Пахтакор” ҳам, “Навбаҳор” ҳам бошқа учрашувларда очко йўқотмаса керак, деб ўйлайман. “Насаф”да ҳар йилгидек барқарорлик етишмаяпти. Жамоа керакли ўйинларда очко йўқотиб қўймоқда. Рўзиқул акани қандай ишлашини ҳамма билади. Сафарда иккита ютишди. Барибир бу клуб ҳам чемпионликка курашади. Қолганларни хафа қилгим келмаяпти. Улуғбек Бақоев ҳам яхши жамоа тузган. “Сўғдиёна”да ҳам чемпион бўлишга имконият бор. 3 та эмас, 4 та жамоа дейлик. Кучли учталикка киришга шу 4 та жамоа ҳақдор. “Қизилқум” яхши бошлади, кейин барқарорлик етишмади. Чемпионлик учун асосий даъвогарлар “Пахтакор” билан “Навбаҳор” бўлса керак.
- Кейинги режангиз қандай? Таклифлар борми?
- Аниқ таклифлар йўқ, ҳали. Олдин ҳам айтгандим, мураббий бўлишни хоҳлардим. Спорт директори бўлиб ишлаган ҳолда бу йўналишда ҳам анча ўсдим десам бўлади. “Пахтакор”да ишлаб бу йўналишда фақат ютуқларга эришдим. Шота Арвеладзедан анча нарса ўргандим. Айнан шу соҳада кўп нарсани ўргатиб кетди. Агар мураббийликка таклиф тушса ҳам буни кўриб чиқса бўлади. Чунки мураббийликка ўқиганман, ПРО лицензиям бор. Қанчалик тайёрман, бунисини вақт кўрсатади. Футбол бизнинг ҳаётимиз. Футболда бўлсам бўлди. Спорт директори ёки мураббий сифатида қайсидир клубга ёрдамим тегса хурсанд бўламан.
Фикрлар