
Жаҳон чемпионати. Бугун 5 нафар вакиламиз рингга кўтарилади
Хабарингиз бор, айни кунларда Сербиянинг Ниш шаҳрида бокс бўйича аёллар ўртасида Жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда. IBA шофъелигида ўтказилаётган ушбу мусобақада Элшод Расулов бошчилигидаги терма жамоамиз ҳам медаллар учун кураш олиб боряпти.
Куни кеча иштирок этган 5 нафар вакиламизнинг 4 таси ғалаба қозонган бўлса, 1 таси мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этди.
Аниқроғи, -50 кг вазнда Сабина Бобоқулова колумбиялик Исуара Эрлинни 5:0 ҳисобида енгди. -60 кг даги боксчимиз Ситора Турдибекова вьетнамлик Чук Ниго Маини қийинчиликсиз мағлубиятга учратди. Бироқ -63 кг да мусобақадаги дастлабки жангини ўтказган Одинахон Исмоилова, афсуски, Меган де Клерга ҳакамларнинг қарорларига кўра таслим бўлди. Навбаҳор Ҳамидова эса -66 кг вазнда Мери Уолшдан 4:0 ҳисобида устун келди. Куннинг сўнги баҳсида, -81 кг вазнда Соҳиба Рўзметова кубалик Ёана Кастилёни 4:3 ҳисобида мағлуб этди.
Бугун яна 5 нафар вакиламизнинг жанглари бўлиб ўтади.
-48 кг: Фарзона Фозилова - Чжун Сюэюнь (Хитой);
-57 кг: Нигина Ўктамова - Мелани Гирадо Бермудез (Куба);
-75 кг: Азиза Зокирова - Алина Вебер (Беларусь);
-52 кг: Феруза Казакова - Стела Рохана Хамза (Румыния);
-70 кг: Ойша Тоирова - Саида Лахмиди (Марокаш);
Жанглар Тошкент вақти билан соат 18:00 да старт олади.
Фикрлар