Жаҳон чемпионатига бормайсан! Неймар Анчелотти кутган ўйинга келмади

Неймарнинг ёзда бўладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконияти жуда паст баҳоланмоқда. Бразилия футбол федерацияси ундан норози.

CNN нашрининг маълумотига кўра, Бразилия футбол федерациясига яқин манба Неймар атрофидаги вазият мундиалда иштирок этиш нуқтаи назаридан жуда ноаниқ эканини билдирган.

Қайд этилишича, федерация раҳбарияти футболчининг узоқ вақт ўйинлардан четда қолгани ва жисмоний ҳолати билан боғлиқ муаммолар туфайли зарур формага қайта олишига ишонч билдирмаяпти.

Шунингдек, ўйинчи ва расмийлар ўртасида муносабатлар таранглашгани ҳам хабар қилинмоқда.

Манбанинг қайд этишича, Неймарнинг айрим оммавий баёнотлари ва медиа майдонидаги хатти-ҳаракатлари федерация ичида салбий қабул қилинган.

Алоҳида равишда “Мирасол” жамоасига қарши ўйин билан боғлиқ ҳолат ҳам тилга олинмоқда. Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти футболчининг ҳолатини шахсан баҳолаш учун ўйинга келган, аммо Неймар майдонга тушмаган ва стадионда ҳам бўлмаган.

Бу ҳолат ҳам федерацияда салбий қабул қилинган.

Манбага кўра, айнан шу эпизод муносабатларнинг ёмонлашувида ҳал қилувчи омил бўлган бўлиши мумкин.

Ҳозирда федерацияда Неймарнинг жаҳон чемпионатига кириши эҳтимоли жуда паст деб ҳисобланмоқда.

Шу билан бирга, футболчида вазиятни ўзгартириш учун чекланган миқдорда ўйинлар қолгани таъкидланган, аммо ҳозирча унинг мундиалда қатнашиши катта сўроқ остида турибди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!