Жаҳон чемпионатларининг асосий фаворитлари, дахшатли таркибга эга ва дунёдаги энг титулли жамоа — Бразилия

ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.

Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир  бор эслатиб ўтиб кетамиз.

Мундиал стартига 8 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "G" гуруҳининг илк вакили Бразилия терма жамоаси орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.

Жамоа ҳақида

Бразилия футбол конфедерацияси. Лақаби — “пентакампеонлар”.

Ташкил топган йил: 1914 йил (ФИФАга 1923 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Тите
Жамоа сардори: Дани Алвеш

Илк расмий учрашуви: Аргентина – Бразилия 3:0 (1914)
Энг йирик ғалаба: Бразилия – Никагаруа 14:0 (1975)
Энг йирик мағлубият: Бразилия – Германия 1:7 (2014)

Бразилия терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингида 1-ўринни эгаллаб турибди. “Яшил-сариқлар”нинг энг ёмон натижаси эса 22-поғона ҳисобланади. Улар 2012 йилда ушбу натижага “эришган”.

Тўрт йилда бир марта мухлислар қалбини тўлқинлантириб турадиган жаҳон чемпионатлари ҳақида шу қадар кўп ёзилганки, “Aмерикани кашф қилиш”дан маъно йўқ.

Ўйлайманки, дунёда жаҳон чемпионатларини ўз кўзлари билан ёки телевизор орқали томоша қилмаган одам бўлмаса керак. Бразилия терма жамоасида Леонидас да Силва, Aртур Фриденрайх каби буюк футболчилар ўйнаганини, Пеле, Гарринча каби чарм тўп қироллари бўлганини барча билса керак. Aммо Бразилия йигирма иккита жаҳон чемпионатида ўз жамоаси шарафини ҳимоя қилган ягона давлат эканлигини кўпчилик билишмаса керак.

Бразилия жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг муваффақиятли миллий терма жамоа бўлиб, бешта чемпионликни қўлга киритган (Швеция 1958, Чили 1962, Мексика 1970, АҚШ 1994 ва Жанубий Корея/Япония 2002). Бразилия Aргентина, Испания ва Германиядан ташқари ўз қитъаларидан ташқарида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган давлатлардан биридир (Жанубий Корея/Япония 2002). Бразилия футбол бўйича жаҳон чемпионатининг барча турнирларида иштирок этган ягона терма жамоа ҳисобланади.  Шунингдек, Бразилия жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижа қайд этган: 109 ўйинда 73 ғалаба, тўплар фарқи +124, 237 очко тўплаган. “Яшил-сариқлар” мундиалларда 18 марта мағлубият мағлубият аламини тортиб кўрган.

Бразилиянинг асосий рақиби Aргентина ҳисобланади. Бу икки давлат жаҳон чемпионатлари тарихида тўрт марта ўзаро тўқнаш келишган, икки марта Бразилия (Ғарбий Германия 1974 ва Испания 1982) ғалаба қозонган бўлса, Aргентина (Италия 1990) бир марта рақибидан устун келган. Бир беллашувда эса (Aргентина 1978) томонлар дуранг ўйнаган.

Бразилияга қарши ЖЧда энг кўп ўйнаган мамлакат Швеция бўлди: 7 марта Бразилия терма жамоаси бешта ғалаба ғалаба қозонган ва иккита баҳс дуранг билан якунланган.

Қатардаги турнирда бразилияликлар "G" гуруҳидан иштирок этишади. Бразилиянинг гуруҳдаги рақиблари: Сербия, Швейцария ва Камерун. Ушбу гуруҳ иштирокчилари Россиядаги 2018 йилги чемпионат квартетини деярли фарқ қилмайди. Фақатгина Камерун ўрнида Коста-Рика бор. Бу тасодиф гуруҳдан қайси жамоалар қийинчиликсиз чиқишни башорат қилишимизга ёрдам бериши мумкин.

Тарихдаги 22-жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоасини Тите номи билан машҳур бош мураббий Aденор Леонардо Бакши бошқаради. Бакши футболчилик фаолиятини 28 ёшида якунлашга мажбур бўлган. Бунга тиззасидан олган оғир жароҳат сабаб бўлди. У 1990 йилдан бошлаб ўзининг мураббийлик фаолияти бошланди. Собиқ ярим ҳимоячи иқтидорли мураббий бўлиб чиқди ва 2016 йилда Бразилиянинг асосий терма жамоасини қабул қилиб олди.

Бразилия терма жамоаси энг титулли терма жамоа ҳисобланади.

Бразилияликлар беш марта жаҳон чемпиони бўлишган: 1958, 1962, 1970, 1994 ва 2002 йилларда.

Жамоа 1919 йилдан 2019 йилгача - 9 марта Aмерика кубоги ғолиби ва тўрт карра Конфедерациялар кубоги чемпионликни қўлга  киритган.

Олимпия ўйинларининг икки карра чемпиони: 2016, 2020.

2014 йилнинг 8 июлида бразилияликларнинг обрўсига путур етди. Ўша куни Германия терма жамоасига қарши жаҳон чемпионати ярим финал учрашувида майдонга тушган “пентакампеонлар” ўйиннинг дастлабки 30 дақиқасидаёқ ўз дарвозасидан 5 та гол ўтказиб юборди. Учрашув 1:7 ҳисобида якунланди ва терма жамоа тарихидаги енг йирик мағлубиятга қабул қилиб олди.

Турниргача босиб ўтган йўли

Бразилия Қатардаги мундиалга йўлланмани қўлга киритган 4-жамоа бўлган. Улар ўз қитъасида 45 очко билан муддатидан олдин ЖЧ чиптасига эга чиқишди.

Умуман олганда, Жанубий Америкада 10 та жамоа мундиал учун кураш олиб боради. “Пентакампеонлар” 45 очко тўплаган ҳолда 1-ўринни эгаллашди. Гуруҳда улардан ташқари Аргентина, Уругвай, Эквадор, Перу, Колумбия, Чили, Парагвай, Боливия, Венесуэла каби терма жамоалар ҳам бор эди.

“Яшил-сариқлар” турнир давомида бирор марта ҳам мағлубиятга учрамади. Фақатгина 3 та жамоа Бразилиядан очко олишни уддалади — Колумбия – Бразилия 0:0, Эквадор – Бразилия 1:1 ва Аргентина – Бразилия 0:0.

Қолган рақиблар эса шунчаки беш карра жаҳон чемпионлари олдида ожиз қолишди.

12_1

Жамоа етакчилари

Умуман олганда, Бразилиянинг ҳар бир чизиғида жаҳон даражасидаги футболчилар бор. Оддий мисол, дарвоза чизиғида Алиссон ҳамда Эдерсон каби киперлар ҳаракат қилишади. Улар ҳозирда Европанинг икки топ-клуби – “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити”нинг асосий таркиб футболчиси ҳисобланади.

Шунингдек, ҳимоя чизиғида ҳам “Реал”, “Ювентус”, ПСЖ ва “Челси” шарафини ҳимоя қиладиган фулбэк ва центрбэклар бор.  Ярим ҳимояда эса Каземиро, Фред ва Гимараэс каби футболчилар ўйнашади. Бизнингча, Бразилиянинг энг нозик нуқтаси ушбу позиция бўлса керак.

“Пентакампеонлар”нинг ҳужум чизиғидаги номлар исталган жамоани чўчитиб қўйиши табиий.  Сабаби Неймар, Винисиус, Родриго, Жезус, Рафинья, Ришарлисон ва Антони каби футболчиларни ортиқча таништиришнинг ҳожат йўқ.

Неймар

Ҳа, Неймарнинг фаолияти ҳам аста-секин охирига яқинлашмоқда (30 ёш), лекин у ҳали ҳам Бразилия терма жамоасининг асосий ўйинчиси ҳисобланади. Ҳужумчи 2022/23 йилги мавсумни ПСЖ билан ажойиб бошлади ва 13 ўйинда 20 та гол урди. Қолаверса, 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги 10 та ўйинда 8 та гол урди ва шунча миқдордаги голли узатмани амалга оширди. Шунчаки, ажойиб футболчи. Қатарда у нималар қилар экан, кузатамиз!

Ришарлисон

"Тоттенхэм"да ўйнаётган Ришарлисон айни дамда Бразилиянинг биринчи рақамли марказий ҳужумчиси ҳисобланади. Ҳа, Габриеэль Жезус бор, лекин Тите ҳар доим Ришарлисонни афзал кўради. Жезус кўп ҳолларда захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтиради. Ришарлисон ҳақиқатан ҳам голларга чанқоқ футболчи. У 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг саккизта учрашувида олтита гол урган. Қолаверса, сентябрь ойида тўртта назорат ўйинида тўртта голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Винисиус

Винисиус Жуниор ўтган мавсумда катта ютуқларга эришди. 22 ёшли бразилиялик вингер "Реал" Мадриднинг асосий ўйинчиларидан бири бўлиб, Карло Aнчелотти бошчилигидаги "қаймоқранглилар"га яна бир бор Ла Лига ва Чемпионлар Лигасини ютишда ёрдам берди. Винисиус ушбу мавсумни ҳам ажойиб бошлади. У 18 учрашувда 10 та гол ва тўртта голли узатмани амалга оширди. Винисиус ҳам Қатардаги мундиалда ўзини кўрсатиши кутилмоқда.

Бразилиянинг жаҳон чемпионатига борадиган футболчилар рўйхати:

Дарвозабонлар
: Алиссон (“Ливерпуль”), Эдерсон (“Манчестер Сити”), Уэвертон (“Палмейрас”);

Ҳимоячилар: Алекс Сандро, Бремер, Данило (барчаси – “Ювентус”), Алекс Теллес (“Севилья”), Дани Алвес (“Пумас”), Эдер Милитао (“Реал”), Маркиньос (ПСЖ), Тиаго Силва (“Челси”);

Ярим ҳимоячилар: Каземиро, Фред (иккиси ҳам – “Манчестер Юнайтед”), Эвертон Рибейро (“Фламенго”), Фабиньо (“Ливерпуль”), Лукас Пакета (“Вест Хэм”), Бруно Гимараэс (“Ньюкасл”);

Ҳужумчилар: Антони (“Манчестер Юнайтед”), Габриэл Мартинелли, Габриэл Жезус (иккиси ҳам – “Арсенал”), Неймар (ПСЖ), Педро Абреу (“Фламенго”), Рафинья Диас (“Барселона”), Ришарлисон (“Тоттенхэм”), Родриго, Винисиус Жуниор (иккиси ҳам – “Реал”).

ЖЧ-2022даги тақвими

1-тур
24 ноябрь. Бразилия – Сербия

2-тур
28 ноябряь. Бразилия – Швейцария

3-тур
2 декабрь.Камерун – Бразилия

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!