Жаҳон футболидаги миллиардер мураббийлар! Ёхуд ўзига хос топ-бешлик
Франциянинг «Экип» нашри ходимлари томонидан «Атлетико» клуби устози Диего Симеоне жаҳон футболида хизмати учун энг юқори ҳақ оладиган мураббий сифатида эътироф қилинди. Ўз навбатида буни Испаниянинг «Марка» газетаси ижодкорлари ҳам тасдиқладилар.
Шу ҳақдаги маълумотда айтилишича, аргентиналик 49 ёшли мутахассис солиқ чегирмалари чиқариб ташланмаган ҳолатда бир ой ичида 3,6 миллион еврога ишлайди.
Мана шундай хабарлар ва маълумотлар билан «қуролланган» «Советский спорт» газетасида ижод қилаётган журналистлар жаҳон футболида хизмати учун бошқа ҳамкасбларига нисбатан кўпроқ ҳақ олаётган мураббийлардан ўзига хос топ-бешлик рўйхатини тузиб чиқдилар.
1. Диего Симеоне
Клуби: «Атлетико». Ўтган йили қанча ишлаб топган? 43,6 миллион евро. 2019 йилдаги натижалари: бирор-бир соврин ёки унвонни ютмаган.
Аргентиналик ушбу мутахассис охирги бор 2018 йили Европа Лигаси бош соврини ва УЕФА Суперкубогини қўлга киритганди. Ўша ғалабалардан кейин «Матрасчилар»нинг ўзлари иштирок этаётган мусобақалардаги ишлари юришмаяпти. Аммо шуни ишонч билан айтиш керакки, Диего Симеоне ички ва халқаро майдонларда ҳар қандай кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсата оладиган клубни шакллантиришга эришган. Яъни, «Атлетико» билан ҳамма ҳисоблашади. Ўз навбатида пойтахт жамоаси раҳбарияти Симеонега катта миқдорда маош белгилаган.
2. Хосеп Гвардиола
Клуби: «Манчестер Сити». Ўтган йили қанча ишлаб топган? 23,28 млн. евро. 2019 йилдаги натижалари: Англия чемпионати, Англия Лига Кубоги, Англия Кубоги ва Суперкубоги.
Хосеп Гвардиола замонавий футболдаги энг совриндор мураббий ҳисобланади. Жумладан, ўтган 2019 йил давомида у Англияда қўлга киритиш мумкин бўлган соврин ва унвонларга эга чиқди. Айниқса, премьер-лигадаги ютуқ «Ливерпул»га қарши кечган шиддатли рақобат эвазига қўлга киритилгани боис унинг аҳамияти ва гашти бошқача бўлди. Лекин жорий мавсумда Пепнинг яна ўша «Ливерпуль» билан АПЛ ғолиблиги учун курашда устун кела олиши мумкинлигига энди ҳеч ким ишонмаяпти. Боз устига ЧЛ нимчорак финалида «Манчестер Сити»нинг «Реал» билан беллашишига тўғри келмоқда. Шундай экан, йилига 23 миллион евродан зиёдроқ маош олаётган испаниялик мураббийга бу сафар жуда оғир бўлиши тайин.
3. Жозе Моуриньо
Клуби: «Тоттенхэм». Ўтган йили қанча ишлаб топган? 17,52 млн. евро. 2019 йилдаги натижалари: бирор-бир соврин ёки унвонни ютмаган.
Португалиялик «Бошқача мураббий» ўтган йили бошқа ҳамкасбларига нисбатан озроқ ишлади. Бунинг сабабини бирма-бир санаб ўтиш шарт бўлмаса керак. Очиқроқ айтганда, Моуриньо «МЮ»дан барвақт бадарға қилингани эвазига қўлга киритган катта миқдордаги товон пули эвазига анча вақт ижодий танаффусда бўлди. Лекин жорий мавсум стартида Маурисио Почеттино қониқарсиз натижалар учун «Тоттенхэм»дан ҳайдалгач, португалиялик маэстро яна катта саҳнага қайтди. Уни экспертлар ихтиёрига ишониб топширилган клубни инқироз кўчасидан олиб чиқа олиши мумкин бўлган мураббий, дея эътироф қилмайдилар. Лекин Жозенинг қўл остида «Шпорлар» охирги пайтларга келиб анча тартибли ва асосийси, ишончли ўйин намойиш этишга тушдилар. Ҳаммасидан кўра клуб мухлисларини Хосеп Гвардиола бошчилигидаги «Манчестер Сити» устидан эришилган 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба беҳад қувонтириб юборди.
4. Юрген Клопп
Клуби: «Ливерпуль». Ўтган йили қанча ишлаб топган? 17,52 млн. евро. 2019 йилдаги натижалари: ЧЛ, УЕФА Суперкубоги, клублар ўртасида ЖЧ.
Германиялик машҳур мураббий «Ливерпуль» учун 30 йилдан бери армон бўлиб келаётган чемпионатдаги ғалабани деярли 99,9 фоизга нақд қилиб бўлди. Шу боис Юрген Клопп асосий эътиборини Европа Чемпионлар лигасида қўлга киритилган ғолиблик мақомини ҳимоя қилишга қаратса ҳам бўлаверади. Боз устига мерсисайдликлар Англия Кубоги учун курашишда давом этмоқдалар. Клопп эришган залворли ютуқлар ва мана шундай сериянинг давом этиш эҳтимоли юқорилиги боис у томондан ўтган йили ишлаб топилган пул катта суммадек туюлмайди.
5. Зинедин Зидан
Клуби: «Реал». Ўтган йили қанча ишлаб топган? 16,8 млн. евро. 2019 йилдаги натижалари: бирор-бир соврин ёки унвонни ютмаган.
Зинедин Зиданнинг «Реал»га қайтиши қандай амалга ошганини ишқибозлар яхши эсласалар керак. Ўтган йил мартида раҳбарият Сантьяго Соларини ишдан ҳайдаб, франциялик мутахассисга ёлворган ҳолда уни клубга олиб келганди. Аммо «Қироллик клуби»даги дастлабки фаолиятида кўплаб ютуқларга эришган Зизунинг қайтиши унчалик омадли чиқмади. Қисқаси, мураббий энди жорий мавсумда «Реал» билан Ла Лига ва ЧЛда шоҳсупага кўтарилишни мақсад қилган. Аммо бу йўлда Зиданга осон бўлмаслиги табиий.
Фикрлар