Жаҳонда тенгсиз Тўмарис авлоди ёхуд дадасининг жангчи қизи!
Юртимиз тарихида Тўмарис ва Барчиной каби жанговар салоҳияти юқори бўлган аёл-қизларимиз ҳақида кўплаб, афсоналар мавжуд. Албатта, ҳозирги даврга келиб, ҳам қизларимиз яккакураш турлари бўйича халқаро ареналарда муносиб иштирок этиб келмоқда. Буларнинг сарасига Ҳилола Собировани ҳам қўшишимиз мумкин. Ушбу спортчи қизимиз панкратион бўйича жаҳон чемпиони ҳамда Бутунжаҳон жангавор ўйинларида ҳам барча рақибаларини таслим этиб, ғолибликни қўлга киритди. Қолаверса, профессионал ММА бўйича ҳам яхши натижаларга эга. Биз ушбу Тўмарис авлоди бўлган вакиламизни бироз суҳбатга тортдик.
- Қачон ва қаерда таваллуд топгансиз?
- 1999 йил 13 августда Наманган вилояти, Норин тумани, Хаққулобод шаҳарчасида таваллуд топганман.
- Ҳилола Собированинг жанговар спорт турига кириб келишига нима сабаб бўлган?
- Бу оламга кириб келишимга дадам сабабчи бўлган. Чунки оилада ўғил бола йўқ. Мен дадам учун ҳам ўғил ҳам қизман.
- Демак, оиладагилар бу йўналишда фаолият юритишингизга қарши эмас?
- Йўқ, аксинча қўллаб-қувватлашади.
- Панкратион бўйича жаҳон чемпиони ва бутунжаҳон ўйинлари ғолибига айландиз, бу йўлда сиз кимлардан мотивация олдингиз?
- Яратганни инояти билан панкратион бўича икки катта турнирда ғалаба қозондим. Бу спорт тури юртимизда янги бўлганлиги сабабли мухлислар унча билмаслиги мумкин. Лекин бу энг тарихий жангавор йўналиш бўлиб, ММАнинг отаси дейилади. Эрамиздан аввалги биринчи Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган. Жаҳонда жуда машҳур ҳисобланади. Ўша Ҳабиб Нурмагомедов, Ислом Махачев, Олег Тактаровлар ҳам шу спортда тобланган. Энди, мотивацияга келсак, ота-онамнинг кўзларига қараб, ўзимга ишончим ортади. Қолаверса, панкратион спортига кириб келишим ҳам жуда яхши бўлган экан. Чунки, Ўзбекистон панкратион ва грепплинг ассоциацияси раҳбарияти менга барча шароитларни яратиб беришмоқда. Ўз ўрнида уларга миннатдорчилик билдираман.
- Яқинда панкратион бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилади, бу мусобақада асосий рақибангиз ким?
- Ҳозиргача бу йўналишда ўзбекистонликлар билан дуч келмадим. Мақтанмоқчи эмасманку, панкратион бўйича менга рақиблик қиладиганини кўрмаяпман. Чунки, ўзимга бўлган ишончим юқори.
- ММА бўйича ҳам фаолиятини давом эттирасизми?
- Албатта, давом эттираман. Панкратион ва ММАда ҳам фаолиятимни давом эттираман. UFCга чиқиш мақсадидаман. Насиб қилса, 2024 йил ушбу промоушенда дебют қиламан, деб ўйлайман. Бунга Ўзбекистон панкратион ва грепплинг ассоциацияси мутасаддилари ҳам қарши эмас. Аксинча, қўллаб-қувватламоқда.
- Қайси ММАчиларни жангларини кузатиб борасиз ва кимларнинг жанглари сизга мақул келади?
- Ҳамзат Чимаевнинг жанг олиб бориш услуби, ҳарактери ва қўрқмаслиги ёқади. Қизлардан эса Роуз Намаюнаснинг ҳаракатлари мақул келади. Қолаверса, оғир-босиқ қиз ва ўз устида тинмай ишлайди.
- “Октагон” ёки “Найза” промоушени чемпиони бўла оламан деб ўйлайсизми?
- Мен ота-онамга, барчага сўз берганман. Чемпионлик камарларини қўлга киритаман. Менга фарқи йўқ, “Найза”ми, “Октагон” жанг қилавераман. Ҳозиргача лекин ”Октагон” лигасида урушмадим. Лекин бу амалга ошиши мумкин. Албатта, чемпион бўламан!
- Шавкат Раҳмоновни синглиси Сора Раҳмонова билан жангдан қандай хотиралар қолган? У билан муносабатингиз?
- Сора билан жангда ўзимни мағлуб бўлганман, деб ҳисобламайман. Тенг жанг бўлганди. Агар, бу тўқнашув Ўзбекистонда бўлганда, ғалабани менга беришган бўларди. Лекин унинг қўли кўтарилдими, демак, у ғолиб! Сора яхши қиз, яқинда турмушга чиқди, баҳт тилайман! Унинг UFCга ўтишига озгина қолди. Эҳтимол, у билан реванш UFCда бўлар. Омад тилайман унга ҳам.
- Кейинчалик оила қурсангиз, спортни ташлаб кета оласизми? Турмуш ўртоғингиз шуни талаб қилса?
- Яратганни хоҳиши билан турмуш қурадиган бўлсам, спортни, мени тушунадиган инсон билан ҳаётимни боғлайман. Ҳар доим мени қўллаб-қувватлай оладиган, шунча қийинчилик билан эришган натижаларимни қадрига етадиган инсонга турмушга чиқаман. Спорт бу ҳаётим ва уни ташлаб кета олмайман.
- Вақт ажратганингиз учун миннатдормиз ва фаолиятингизга омад тилаймиз!
- Раҳмат!
Фикрлар