Жалолиддиновнинг кетиши, Суперлиганинг қолдирилиши ва миллий терманинг таркибидаги кутилмаган ўзгаришлар Абрамовнинг режаларига қанчалик таъсир кўрсатмоқда?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Бунёдкор” клуби бош мураббийи Вадим Абрамов билан гаплашиш учун ҳар доим сабаблар топилади. Айниқса, миллий термамизни бошқараётган мутахассис сифатида доимо унга бериладиган саволлар туғилаверади.

Жасур Жалолиддиновнинг “Локомотив”га кетгани ҳақида

Абрамов қўли остида тўп сурган 18 ёшли футболчимиз энди барча эътиборини “Локомотив”га қаратмоқда. Албатта, Жасурнинг Москва клуби билан шартнома имзолагани барча учун ёқимли хабар бўлди. Ўз ўрнида Жалолиддиновга “Бунёдкор”да устозлик қилган Вадим Карленович шогирдининг “Локомотив”га кўчиб ўтгани борасида ўз фикрини билдирди.

-  Умуман айтганда, “Локомотив”дагилар унинг потенциалини муносиб баҳолаган ҳолда таркибга қўшиб олдилар. Афтидан, улар Жалолиддиновни анча вақт кузатиб юриб, имкониятини чамалаб чиққан кўринишади. Шу боисдан ҳам темирйўлчилар Жасурни қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. Агар Жалолиддинов бундан кейин ҳам ўз устида ишлашда давом этар экан, келажаги порлоқ бўлишига шубҳа йўқ. Умид қиламанки, у “Локомотив”да ўйнаб кета олади ва бошланғич таркибдан жой олишга эришади.

Абрамов унинг “Бунёдкор”да ижарада ўйнашига қарши эмас

Яна шуни ҳам айтиш керакки, ҳозирча ёш легионеримизнинг темирйўлчилар сафида қолиш ёки қолмаслиги аниқ эмас. Балки “Локомотив” уни ўйин амалиётига эга бўлиб туриш учун бошқа клубга ижарага бериши ҳам мумкин. Балки “Бунёдкор”га қайтиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Абрамов эса уни ижара ҳисобида яна ўз жамоасида ўйнашига қарши эмаслигини маълум қилди.

-  Улар Жасурни келажак режалари учун сотиб олиб, 5 йиллик шартнома тузишди. Бу эса “Локомотив”нинг футболчига нисбатан жиддий ёндашганлигини англатади. Ўйинчи бу ёшда ўсишда давом этар экан, албатта унга қизиқувчилар ҳам кўп бўлади. Жумладан, Жасурнинг “Бунёдкор”дан “Локомотив”га ўтиши шуни тасдиқлайди. “Локомотив” клуби раҳбарияти ва бош мураббийи ўйинчимизни анча кузатган кўринади. Шу боисдан ҳам келишув амалга ошди. Энди бу ёғи фақат Жасурнинг ўзига боғлиқ. У ўз устида ишлашда давом этса, “Локомотив” таркибидан мустаҳкам жой эгаллайди. “Локомотив” устози Николич ёш ижрочини қўлга киритиш орқали клубнинг келажак режалари йўлида жиддий қадамни ташлади. Бу эса мутахассиснинг унга умид қилаётганлигини англатади. Акс ҳолда жамоалар ўртасида бу транфсер амалга ошмаган бўларди. Башарти, имкон туғилса биз Жалолиддиновни ижара асосида бўлса ҳам “Бунёдкор”га қайтаришга уриниб кўрамиз. Ҳаммаси энди “Локомотив”дагиларнинг истак-хоҳишларига боғлиқ. Ўзимга қолса, уни бундан кейин ҳам “Бунёдкор”да тўп суришини истардим. Шак-шубҳасиз ҳаммаси энди воқеалар ривожи қандай тус олишига боғлиқ. “Локо”дагилар 7 август куни Суперкубок учун ўйинга ҳозирлик кўришмоқда. Улар шу йўлда ҳам ушбу трансферни амалга оширишди, деб ўйлайман. Тўғри, Жасурнинг бўлажак ўйинда иштирок этиши ҳали мавҳум. Аммо боя айтганимдек, улар Жасурни келажак режалари йўлида қўлга киритишди.

абрамов2_1

Суперлига яна қолдирилгани Абрамовнинг

режаларига қанчалик таъсир ўтказмоқда?

Хабарингиз бор, миллий чемпионатимиз баҳслари яна қолдирилди. Бундан фойдаланган ҳолда Абрамов миллий терма жамоамизда қисқа муддатли йиғин ўтказишни режалаштириб қўйган. Суперлиганинг яна қолдирилгани бош мураббийнинг режаларига қанчалик таъсир кўрсатган бўлиши мумкин? Бу хусусида Вадим Абрамов шундай деди:

-  Сўзсиз, юзага келган вазият чиндан ҳам мураккаб. Тўғриси, чемпионат қайта бошланиб, орадан ҳеч қанча ўтмасдан карантин туфайли яна тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини кутмагандик. Энди 15 августдан биринчилик яна қайта йўлга қўйилган тақдирда ҳам худди аввалги йўсинда – ишқибозларсиз ўйнашимизга тўғри келиши аниқ. Айтишим керакки, воқеаларнинг бундай тус олиши мени терма жамоанинг устози сифатида бефарқ қолдирмайди. Ахир октябрь-ноябрь ойларига ўйинлар ўтказиш режалаштирилган. Футболчиларнинг бундай шароитда қандай формада бўлишлари ва ўша пайтга бориб қандай жисмоний ҳолатда қолишлари ҳозирдан мени ўйлантиряпти. Бундай режимда тўп суриш ўз-ўзидан футболчиларнинг руҳияти ва жисмоний ҳолатига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ўз-ўзидан уч-тўрт ойлик танаффус ва бошланган чемпионат ўйинларидаги узилишлар акс таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Нима бўлган тақдирда ҳам вазиятдан муносиб чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз.

Терма жамоа таркибидаги кутилмаган ўзгаришлар хусусида

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Гап шундаки, Вадим Абрамов терма жамоа йиғини учун таркибни эълон қилганди. Лекин кутилмаганда “Пахтакор”дан чақирилган ўйинчилар коронавирус сабабли таркибда ўзгаришлар юз берди. Оқибатда Вадим Абрамов “Пахтакор” футболчиларининг ўрнига бошқа номзодларни чақирди.

-  Чемпионат баҳслари яна тўхтатиб қўйилганлиги, “Пахтакор” ўйинчилари билан юзага келган кутилмаган ҳолат сабаб бўлажак йиғинларга кимларни таклиф қилиш юзасидан режаларимизни ўзгартиришга мажбур бўлганлигимизни айтиб ўтишим жоиз, - дея мавзуни давом эттирди, Вадим Карленович. - Сентябрь ойида иккита ўртоқлик ўйини ўтказамиз. Аслида йиғинни ўша беллашувларга қадар ташкил этишни режалаштиргандик. Лекин юзага келган танаффус туфайли режаларни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Биз вазият тақозосидан келиб чиққан ҳолда шу ишга қўл урдик. Нега деганда, сентябрга бориб бундай имконият юзага келмаслиги мумкинлигига ўзимиз ҳам шубҳаланмасдан қўйгандик. Шундан келиб чиққан ҳолда йиғинни яқин кунларда ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади, деган тўхтамга келдик. Ахир гап миллий терма жамоа устида бормоқда. Йиғин давомида унга биринчи бор чақирилган ўйинчиларнинг имкониятларини чамалаб олиш учун бизда қулай фурсат туғилади. Боз устига аввалдан термада ўйнаб келаётган ижрочилар билан уларнинг машғулотларда қандай тил топишиб кетишларини кузатишимиз мумкин. Устига-устак бир йилдан ортиқ вақт давомида йиғинни “Пахтакор” ўйинчиларисиз ташкил этишимизга тўғри келяпти. Бахтга қарши уларнинг ҳаммаси карантинга олинди. Бошқаларни ҳам касалликка чалинтирмаслик учун “Пахтакор” таркибидаги ва миллий термага номзодларнинг йиғинга чақирилмаслиги режаларимизни буткул ўзгартириб юборди. Энди ҳаммасини бошқатдан муҳокама қилиб олишимизга тўғри келяпти. Йиғинга чақирилган ўйинчилар билан қисқа фурсат оралиғида янада яқинроқ танишиб олишдан умид қилаётганимни алоҳида таъкидлаб ўтмоғим жоиз. Ўша йиғин баҳонасида улардан қайсиларига ишонч билдиришни аниқлаб оламиз. Йиғинга таклиф этилганлар орасида Жасур Ҳасановдек фахрий ёшда бўлган футболчи ҳам бор. Эътиборлиси у айни пайтда бошқалардан яхшироқ эканлигини намойиш қила олди. Шу боисдан ҳам у анча давом этган танаффусдан сўнг ўз позициясидаги ўйинчилар орасида энг муносиби сифатида терма жамоага таклиф қилинди. Таркибда тажрибали ўйинчиларнинг борлиги ёшларга намуна бўлиб хизмат қилиши аниқ. Бу йўлда ўртоқлик учрашувидаги иштирок айни муддао бўлиб, қўл келиши турган гап. Ўз навбатида биз мураббийлар штаби вакилларидан қисқа фурсат ичида терма жамоа таркибида кимларни олиб қолишдек жуда оғир вазифа турганлигини эътироф қилиб ўтишим жоиз. Ўйлайманки, йиғинга таклиф қилинганлар учун ҳам бундай жараён фойдадан ҳоли бўлмайди.

абрамов3_2

Тожикистонга қарши ўйин атрофидаги гап-сўзлар тўғрисида

Терма жамоамиз сентябрь ойининг дастлабки кунларида иккита ўртоқлик учрашувини ўтказади. Дастлабки учрашув 4 сентябрда Тожикистонга қарши ўтказилиши лозим эди. Кейин эса баҳс 3 сентябрга кўчирилди. Сўнг ушбу беллашувнинг ўтказилмаслиги мумкинлиги ҳақида ҳам гап-сўзлар йўқ эмас. Абрамов эса бунга ўз муносабатини билдирди.

-  Бундай миш-мишлар қаердан чиқаётганлигини билмайман. Айни чоғда бизда Тожикистонга қарши ўтказилиши режалаштирилган учрашув бекор қилиниши юзасидан ҳеч қандай маълумот йўқ. Нафақат Тожикистон, балки Эрон билан ҳам ўртоқлик ўйини ўтказиш борасида келишув бор. Ўйлайманки, ҳаммаси ўша келишув асосида юз беради. Яна такрорлайман: ҳаммаси фақат миш-мишлар холос. Тўғри, пандемия сабаб юзага келган вазият туфайли ўйинлар белгиланган вақтда ташкил этилишини олдиндан ҳеч ким кафолатлай олмаслигини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Умид қиламанки, режадаги ўртоқлик ўйинлари албатта белгиланган кунларда ўтказилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!