Жалоловга ютқазаётган Кункабаевга вазнини ўзгартириш таклиф қилинди

Замонавий бокснинг энг принципиал рақобатларидан бири - Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев ўртасидаги жанглар ҳисобланади.

Ўта оғир вазн тоифасидаги мусобақаларда иштирок этиб келаётган бу икки боксчининг рақобати 2015 йилдан бошланган.

Одатда, ўзбек ва қозоқ боксчилари тўқнашуви ҳар доим мухлису мутахассислар диққат марказида туради ва унга “эл-класико”, деб ном берилиши ҳам бежиз эмас.

Яқинда Тошкентда дунёнинг 107 мамлакати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати чорак финалида Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев ўзаро тўққизинчи жангини ўтказди. Унда очколар ҳисобида ўзбек боксчиси ғалаба қозонди.

Жалолов ва Кункабаев рақобатидаги умумий натижага кўра, ҳамюртимиз 6:3 ҳисобида устунлик қилмоқда. Баҳодирнинг ғалабали серияси бешта учрашувга етди.

bahodir-20

Жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашган Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи Мирзагали Айтжанов “Qazaqstan” телеканалига берган интерьюсида жаҳон чемпионатидаги айрим ҳолатлар ҳақида гапириб берди. Тажрибали мутахассис Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев рақобатига ҳам тўхталди.

Мағлубиятлар ҳақида

Биринчи навбатда, жаҳон чемпионатига ҳеч ким ютқазаман, деб бормайди. 13 нафар боксчининг бари пухта тайёргарлик билан борган. Ҳар бири ҳақида гапирсак, вақт кўп кетади. Лекин кимгадир ғалаба учун озонгина ҳаракат етишмади, кимнингдир омади келамади, баъзиларига қуръа ноқулай келди.

Қамшибек Кункабаев ҳеч бўлмаганда финалга чиқиб, кумуш медаль олиши мумкин эди. Чунки у ўта оғир вазнда дунёда энг зўрларидан. Лекин қуръанинг кўзи кўр – Баҳодир Жалоловга чорак финалда тўқнаш келди. Шундай бўлмаганида, медаль билан қайтиши керак эди. Омади келмаган яна бир боксчи – Сакен Бибосинов.

Умуман олганда, беш нафар йигитимиз медаль жамғарди, тўрттаси олтин. Бу катта натижа. Аввал тўртта олтинни 2013 йили Алматида қўлга киритганмиз. Буни кимлардир ўз уйимизда бўлгани билан боғлаганди, энди бутун дунёга қозоқ боксчи қудратини кўрсата олдик.

Жалолов ва Кункабаев ҳақида

Айрим мухлислар Кункабаев вазн тоифасини ўзгартириши керак, чунки рақиби Баҳодир Жалоловнинг бўйи жуда баланд ва вазни оғир, дейишмоқда.

Фанатларга шуниси учун ҳам раҳмат. Улар раҳми келганидан шундай дегандир, лекин мен мутахассис сифатида бошқа томонини айтаман. Бўй-баст ва вазнга қараш керак эмас. Вазн ташлашнинг ўзи жуда оғир жараён. Шунинг учун ҳам Қамшибек ўз вазнида қолади, устида ишлашда давом этади ва келажакда реванш олишга ҳаракат қилади.

bahodir-06_1

Тўлқин Қиличев совғаси ҳақида

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев жаҳон чемпионатида қозоғистонлик ҳамкасбига совға топширди. Мирзагали Айтжанов буни  ўзаро ҳурматга боғлади.

Бу биринчи кунги финаллардан кейин бўлди. Мен ҳам уларни табрикладим. Улар ҳам бизга ҳурмат кўрсатишди. Тўлқин Қиличев ёш бўлишига қарамай, дунёнинг энг зўр мураббийларидан бири ҳисобланади. Олдин у шогирдимиз бўлган, дейишимиз ҳам мумкин, - деди Мирзагали Айтжанов.

Тошкент шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси бешта олтин, иккита кумуш ва иккита бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Қозоғистон терма жамоаси вакиллари эса, тўртта олтин ва битта кумуш медаль, жамғариб жаҳон чемпионатини фахрли иккинчи ўринда якунлади.

Принципиал рақиб Бибосинов жаҳон чемпиони бўлган Ҳасанбой Дўсматовга нима деди?

Жалолов ва Кункабаев ўртасида 12 раундлик профессионал жангни кутиляпти

Яна Баҳодир Жалолов ҳақида...

Жалолов: Биргаликда чемпионликка эришамиз!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!