Жамшид Саидов: "Айб ўзимда, агар эплай олмасам бошқа мураббийга имкон бериш керак, тамом"
Суперлигада 17-тур ўйинлари давом эттирилди. Навоийнинг "Қизилқум" жамоаси ушбу турда сафарда "Локомотив"га қарши баҳс олиб борди ва 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Жамшид Саидов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Нима ҳам дейиш мумкин? Жуда яхши бошладик, аммо илк 22 дақиқада 4 та гол ўтказиб юбордик. Кейин уйғондик ва ҳаракат қилишни бошладик. Билмадим, бугун негадир футболчилар ғалаба учун характер ва иштиёқ билан ҳаракат қилмади. Ўзимизга келганимизда эса кеч бўлган эди. Нима бўлганда ҳам, мағлубият учун мураббий айбдор. Балки, қаердадир керакли сўзларни топа олмагандирман.
- Мураббийлик фаолиятингизда 20 дақиқада 4 та гол ўтказиб юборганингизни эслай оласизми?
- Охирги пайтларда бундай кўп гол ўтказмаган эдик. Ҳеч қачон бундай бўлмаган. Сўнгги бор "Олимпик" билан ўйинда 10 дақиқада 3 та гол ўтказиб юборган эдик. Хатоларимиз устида ишлаймиз. Бизга нима етишмаганини кўриб чиқамиз.
- Дарвозабонни алмаштиришингизнинг сабаби нима?
- Биринчи гол, нафақат бир балки 3 та гол унинг айби эди. Бундай ҳолларда руҳий босимда қоладиган посбонни мураббийлар алмаштиришади. Биринчи голда орқасидан келганини кўрмай қолди, иккинчисида чиқишга кеч қолди. Жуда ишончсиз ўйин ўтказди. Айнан шу сабабли уни алмаштиришга қарор қилдик. Кейин вабанкка бордик. Нимадир ўйлаб топишнинг кераги йўқ эди. Шунчаки, олдинга ўтдик ва 2 та гол киритдик. Якунда, бироз реализациядаги муаммолар панд берди.
- Истанбулда бўлган афсонавий ЕЧЛ финалидаги мураббийнинг 0:3 ҳисобида енгилаётган жамоага танаффусда қилган ишидан хабарингиз бор. Сиз қандай йўл тутдингиз?
- Бу "Милан" билан бўлган эди. Ўринсиз савол бу. Ҳар қандай мураббий кийиниш хонасида мотивация беришга ҳаракат қилади. Балки, ойнани очиб қўйишим керак бўлгандир, билмадим. Ҳар бир мутахассиснинг ўз услуби бор. Танаффус айнан камчиликларни айтиб кўрсатма бериш учун керак. Баъзи вазиятлардан фойдаланганимизда 4:4 ўйнаган бўлар эдик. Бу футбол, унда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Мен олдиндан нима бўлишини билганимда, ҳозир ҳаммаси бошқача бўлган бўлар эди. Хатони мен қилдим деб ўйлайман. Қаердадир нимадир ўтказиб юборганман. Бу борада бошқотирамиз. Жамоа яхши бошлади, аммо голлар вазиятни ўзгартириб юборди. Айниқса, биринчи гол. Биз ўзимизни йиғиштириб олишга улгурмай кейинги голларни ўтказиб юбордик. Бу футболда жуда кам бўладиган ходиса. Нимадир таъсир қилди. Нима бўлганда ҳам, ҳеч кимни айбламайман. Айб ўзимда. Баҳона қидиришдан фойда йўқ. Агар эплай олмасам, ўринни бўшатиб бошқа мураббийга имкон бериш керак. Тамом.
Фикрлар