Жавоҳир Сиддиқов: “Дерби”да бизнинг асосий устунлигимиз мухлисларимизнинг ёнимизда эканлиги

Олий лиганинг 25-тур доирасида бўлиб ўтадиган “Қўқон-1912” – “Навбаҳор” учрашувидан олдин, "Қўқон-1912"  етакчиларидан бири Жавоҳир Сидиқов ўз фикрлари билан ўртоқлашди, дея клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.
- Сўнгги пайтларда бироз жароҳатлар исканжасига тушиб қолдим. Шу туфайли ўйинларда бор кучим билан ўйнай олмадим. Худога шукр энди барчаси ортда қолди ва навбатдаги ўйинга тайёрман. Футболда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. “Пахтакор”га қарши ўйинда яратилган вазиятлардан фойдалана олмаганимиз бизга панд берди. Биз ўша баҳсни унутдик ва “Навбаҳор”га қарши жиддий тайёрланмоқдамиз.
“Водий дерби”лари республикамиздаги энг шиддатли дербилар ҳисобланади. Бу учрашув натижаси биз учун катта аҳамиятга эга эканлигини барчамиз жуда яхши ҳис қилиб турибмиз. Биз майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз, бошқа ҳар қандай натижа бизни қониқтирмайди.
“Дерби”да бизнинг асосий устунлигимиз мухлисларимизнинг ёнимизда эканликлари, деб ўйлайман. Жамоамиз ўтган мавсумда бироз қийин вазиятга тушиб қолганида ҳам мухлисларимизнинг далдалари туфайли вазиятдан чиқиб кетган эдик. Эртага ҳам бизни жонкуяр мухлисларимиз астойдил қўллаб туришади, деб ишонаман. Ўзимдан келиб чиқиб айтсам, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ҳар қандай футболчига илҳом бағишлайди.
Барча мухлисларимизни “Марказий” стадионига таклиф қиламан. Келинглар, сизлар билан бирга “дерби”да албатта ғалаба қозонамиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!