"Жиддий қизиқиш бўлмаса, савияси пастроқ бўлса ҳам четга кетганим яхшироқ". Афтидан, "Қизилқум" футболчиси клубни тарк этиш пайида...

Таркиб жиҳатидан кучли кўриниш ҳосил қилган Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси ҳозирда 20 очко билан 6-ўринни эгаллаб турибди.

У ерда маҳоратли ўйинчилар билан бирга истеъдоди юқори баҳоналаётган футболчилар ҳам талайгина. 28 ёшни қаршилаган Жасур Азимов марказда тўп суради. Ҳозирча Азимов Суперлигада 8 та учрашувда майдонга тушди ва бир бор гол урди.

Афтидан, Жасур ёзда клубини ўзгартирадиганга ўхшаяпти. Футболчи Sports.uz мухбири билан суҳбатда бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Мавсумнинг дастлабки қисми жамоангиз учун қандай ўтди?

- Мавсумнинг дастлабки қисмидаги иштирокимизни ўртача баҳолайман. Кучли жамоаларга қарши учрашувларда ўйинимиз ўхшамади. Ёки улар бизни тактикамизни ўрганиб олишгандир. Умуман айтганда, иштирокимиз ўртача. Ўзимга келсак, қониқмадим, кам ўйнадим.

азимов1_2

- Хорижлик бош мураббийнинг услубини футболчилар тўлиқ тушуниб етишганми?

- Ҳали жамоамиз 100 фоизга бош мураббийга мослашди, деб ўйламайман. Бизда юлдузли таркиб йиғилган. Жамоага чемпион бўлган футболчилар келган. Шуларнинг ҳисобига ғалаба қозоняпмиз. Мураббий эса ҳали тўлиқ киришиб кетди, деб ўйламайман. Балки мураббийнинг айтганларини биз ҳали яхши тушуна олмаётгандирмиз.

- Бундан чиқди, “Қизилқум”нинг ғалабаларида футболчиларнинг индивидуал маҳорати муҳим роль ўйнаяптими?

- Ҳа, шундай демоқчиман.

азимов_4

- Ёзги трансфер ойнаси очилиш арафасида. Кейинги режаларингиз қандай? Ёки янги таклифларни кўриб чиқасизми?

- Ўзимдан қониқиш ҳосил қилмаяпман. Ҳозирда 2-3 та таклифлар бўляпти. Шуларни кўриб чиқяпман. Агар “Қизилқум”дан кетадиган бўлсам, ёзда янги жамоага ўтишим мумкин. Шунингдек, Малайзия ва Бангладешдан ҳам вариантлар чиқяпти.

- Бу масалада клуб билан маслаҳатлашасизми ёки мустақил равишда қарорингиз қатъийми?

- Бош мураббий, раҳбарлар билан гаплашаман. Улар рухсат беришса, қароримни амалга ошираман.

азимов2_1

- Хизматингизга қайси клублар қизиқиш билдиришяпти?

- Агент Малайзиядан таклифни кўриб чиқяпти. Ўзимиздан ҳам қайси клублар қизиқаётганини ҳозир айтмоқчи эмасман. Бангладешдан менга тайёр шартнома юборишган. Ҳаммасини вақт кўрсатади. “Қизилқум” билан мени йил охиригача шартномам бор. Қачонки, барчаси аниқ бўлганидан сўнг айтаман.

- Малайзия, Бангладеш каби чемпионатлар Суперлигамиздан юқори эмас. Ўзимизда қолганингиз яхшимасми? Ёки легионер сифатида четда тўп суриш иштиёқингиз баландми?

- Ўзимиздан яхшироқ таклиф бўлса, шу ерда қолганим маъқул. Мабодо, жиддий қизиқиш бўлмаса, савияси пастроқ бўлса ҳам четга кетганим яхшироқ.

азимов3_1

- “Қизилқум”да асосан қайси футболчиларнинг “сўзи” ўтади...

- Сўзсиз Игнатий Нестеров билан Эркин Бойдуллаев.

- Клубдаги муҳит қандай?

- Бу жамоани Ҳамид ака Актамов тузган. Яхши футболчилар, бир-бири билан иноқ. Бошида озгина тушунмовчилик бўлди. Бу ўйинчилар ўртасида эмас, мураббийлар билан. Аммо ҳозир ҳаммаси яхши.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Gulomqodir Askhanov
29/06/2022 10:41
Худонинг майдонлари жуда жуда катта шунинг учун сураганингизда катта охири куринмайдиган бой майдонларда уйин уйнаб ишлашни суранг Ушанда беради