Жисмоний тарбия ва спорт университети билан онлайн мусобақалар ўтказиш масаласи муҳокама қилинди
Бутун дунёда юзага келган пандемия сабаб ҳозирда спорт бўйича ҳам онлайн мусобақаларни ташкил қилиш йўлга қўйилмоқда.
Мазкур усул орқали мусобақаларни қумсаётган спортчиларга мотивация бериш, уларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказиш ва бу орқали пандемия даврида ҳам спорт оммавийлигини ошириш бош вазифа бўлиб турибди. Бугун ZOOM платформасида “Мини спорт мусобақаларини ўтказиш, инновация ва Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан доимий ҳамкорлик” мавзусида вебинар ташкил қилинди.
Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасадди вакиллари, ЎзДЖТСУ раҳбарияти, МОҚ қошидаги инновацион марказ профессорлари ва спорт фахрийлари иштирок этишди. Йиғилишда МОҚ раҳбари ҳозирги мураккаб вазиятда онлайн мусобақаларнинг аҳамияти не чоғлик муҳим эканига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Ҳозирда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан асосий терма жамоаларимиз учун ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси ва Республика махсус комиссиясидан рухсат олдик. Ҳукуматимизнинг бизни шундай даврда қўллаб-қувватлаётгани, спорт ривожи учун кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорчилик билдирамиз. Ҳозир бутун дунёда вазият мураккаб. Сизларда бой тажриба бор. Ундан унумли фойдаланган ҳолда спортимизни шундай даврда ҳам ривож топишига ҳисса қўша оламиз. Спортчиларимизга мотивация бериш учун маҳаллий онлайн мусобақалар ўтказиш дастурини биргаликда ишлаб чиқайлик. Зеро, ҳозир бутун дунё онлайн тизимга ўтмоқда”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Онлайн йиғилиш давомида тегишли мутахассислар томонидан инновацион марказ фаолиятини янада ривожлантириш, атлетларимизнинг спорт формасини назорат қилиб бориш, онлайн мусобақаларни ташкил қилишда жаҳон тажрибасидан фойдаланиш мавзуларида ҳам атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Фикрлар