Жисмоний тарбия ва спорт вазирига маслаҳатчи тайинланди
Зокир Расулов Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Манага кўра, Расул Зокиров фаолияти давомида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотларда Ички назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи, Қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёни мониторингини олиб бориш ва сифатини баҳолаш бўлими бошлиғи, вазир ёрдамчиси каби лавозимларда ишлаган.
Маълумот учун: давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- вазирликда маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ҳамда дастурларнинг ижросини ташкил этади;
- маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини танқидий ўрганади, бу борада аниқланган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўради;
- давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этади;
- маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тилини ривожлантиришга оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
- ходимларга давлат тилини чуқур ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади ҳамда давлат тилини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантириш чораларини кўради;
- ҳудудлардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлашда иштирок этади;
- давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш бўйича таклифлар киритади.
Фикрлар