Камолиддин Тожиев: "Мавсум узун — ҳар бир футболчига имкон берилади" (тўлиқ матбуот анжумани)

"Пахтакор" бош мураббийи Камолиддин Тожиев "Қизилқум"га қарши тўқнашувдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди. 
 
"Биз ўйин қийин бўлишини билган эдик. "Қизилқум" биринчи бўлимда жуда яхши ҳимояланди. Буни ёриб ўтиш қийин кечди. Иккинчи бўлимда футболчиларимиз олдига бошқача вазифа қўйган эдик. Бу орқали гол уришга ҳам эришдик". 
 
Жамоа қишда ҳужумчи олишда қийналди, сўнгги дақиқаларда полшалик ҳужумчини олди. Лекин умуман оладиган бўлсак, таркибда 2 ҳужумчи бўлиши мавсум давомида қандайдир муаммо туғдириши мумкин эмасми? Яъни танлов жуда кам. 
 
"Қишки трансферлар ойнасида 2 ёки 3 вариантни кўриб чиқаётган эдик, сўнгги дақиқаларгача изландик. Аммо танловда адашмаганимиз бугун маълум бўлди. Бундан ташқари, ҳужумимизда Достон ҳам, Ойбек ҳам ҳаракат қилиши мумкин. Ҳар бир позицияда 2 тадан ўйинчимиз бор". 
 
"Пахтакор" Португалиялик ҳамда Парагвайлик икки ҳужумчига жуда қизиқди. Ҳужумчи Туркияга ҳам учиб келди, аммо шартнома имзоламади? Шу ҳақида айтиб берсангиз. 

 
"Жароҳати борлиги сабаб, тиббий кўрикдан ўта олмади. Парагвайлик форвард эса келишни истамади". 

 
Жароҳат олган футболчилар ҳақида маълумот бера оласизми? 
 
"Бўриев захирага қайтди, Фламарион ҳам захирада бўлиши керак эди, аммо шамоллаб қолди. Кейинги ўйин сафимизга қайтади". 
 
Ҳожиакбар Алижоновнинг жароҳати қанчалик жиддий? 

 
"Алижонов тиззасидан бироз жароҳат олди. Қачон қайтишини эса тўлиқ текширувдан сўнг билиб оламиз". 

 
Ўйин бошида кўплаб ҳужумлар Алижонов орқали ривожланди. Буни сиз кўрсатма берган эдингизми? 
 
"Бизнинг кўрсатмамиз - футбол ўйнаш. Кўпроқ ҳужум қилиб, қанотдан узатма бериш. Лекин Ҳожиакбар билан кўпроқ ўйнаш менинг кўрсатмам эмасди". 
 
Ҳар биз позицияда 2 тадан футболчимиз бор дедингиз. Бу таркибда танлашда қандайдир қийинчилик туғдиради. Ҳозир сиз марказда таркиб танлашда қийналяпсизми ёки ярим ҳимоядами? 
 
"Биз қийналмаяпмиз, мавсум узун ҳар бир футболчига имкон берилади". 
 
Полшалик ҳужумчи ҳақида нималар дея оласиз? Рустам Турдимуродов асосий таркибда қоладими? 
 
"Биз бу легионерни кўп кузатдик. Ўйинимизга мос келгани учун таркибга жалб қилдик. Таркибимизда 20 та футболчи бор, уларнинг барчаси асосий таркиб ўйинчиси". 
 
Биринчи ва иккинчи бўлим ўртасида қандай ўзгариш амалга оширдингиз? 
 
"Биринчи бўлимда кўпроқ марказдан кирмоқчи бўлдик. Лекин бундай ҳимояланган жамоага қарши қийин кечди. Иккинчи бўлимда эса кўпроқ қанотдан узатма орқали ўйнадик". 
 
"Пахтакор"га қарши Суперлиганинг ярим жамоаси кўпроқ ҳимоявий ҳаракат қилади. Шу бўйича ечим ҳақида фикрингиз? 
 
"Бу ҳар доим бўлиб келган. Пахтакорга қарши барча жамоалар ҳимоявий ҳаракат қилиб келган. Ҳали бошқа ўйинларни кўриб чиқиб, таҳлил қиламиз". 
 
Трансфер ойнасининг сўнгги кунларида Азизбек Турғунбоев тарк этди. Буни нима билан изоҳласак бўлади? 
 
"Клуб билан келишилган ҳолда, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун клуб ҳам ушлаб ўтирмади. Шу боис, бу қарорга келдик. Футболчи ҳам, биз ҳам хафа бўлмадик". 
 
Ойбек Бозоров, Шерзод Насруллаев ва Акмал Мозговой ҳақида фикрингиз? 
 
"Буларнинг барчаси терма жамоа ўйинчилари. Бугун ҳам ёмон ҳаракат қилишмади. Улар хоҳлаган клубига бориб, кучайтира олишади". 
 
Жамоанинг кейинги ўйини "Қўқон". Ўтган мавсум бу жамоага қарши муҳим очколар бой берилган эди. Бу сафар қандайдир мотивация билан бориладими? 
 
"Албатта, рақиб сифатида борамиз. Лекин футболчиларга кайфият бериб сафар қиламиз".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!