Каратэ WKF: жаҳон чемпионати қаҳрамонлари юртимизга қайтиб келишди

Хабар берганимиздек, ўтган ҳафтада БААнинг Дубай шаҳрида каратэ WКФ бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди. Унда дунёнинг беш қитъасидаги 104та давлатдан жами минг нафарга яқин спортчи ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Қувонарлиси, ушбу жаҳон чемпионатида вакилларимиз мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба совриндорлар сафидан жой олди. Эркаклар ўртасида -75 кг вазн тоифасида татамига чиққан миллий терма жамоамиз аъзоси, спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби спортчиси Достонбек Отаболаев финалда АҚШлик Томас Скотт устидан ишончли ғалабага эришди ва Ўзбекистонга тарихий олтин медальни тақдим этди.

Шунингдек, мусобақада вакилларимиз бешта йўналишда броньза медальлари учун даъвогарлик қилишгани ҳам мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Айниқса, эркаклар ўртасида жамоавий кумите баҳсларида спортчиларимизнинг ярим финалгача етиб боришгани таҳсинга лойиқ.

Бугун тунда каратэ WКФ бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати қаҳрамонлари юртимизга қайтиб келишди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида каратэ бўйича миллий терма жамоамиз аъзоларини Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси ҳамда спортчиларнинг оила аъзолари кутиб олишди.

Маросимда сўзга чиққан Спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Баҳодир Маматназаров каратэчиларимизни ушбу оламшумул ғалаба билан самимий қутлаган ҳолда тез орада жаҳон чемпионати қаҳрамонлари алоҳида тақдирланиши режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берди.

- Жаҳон чемпионатига жўнаб кетиш олдидан ўз олдимга фақат ғалаба билан қайтишни, Ўзбекистонга олтин медаль туҳфа этишни мақсад қилган эдим. Одатда кўплаб спорт турлари бўйича Олимпия ўйинларидан кейин ўтказиладиган нуфузли мусобақаларда иштирокчилар таркиби бироз кучсизроқ бўлади, бир қатор етакчилар Олимпиададан кейин дам олишни маъқул кўришади. Аммо, Дубайда ўтказилган жаҳон чемпионати иштирокчилари таркиби анча кучли эди. Шунга қарамай жаҳон чемпионати финалида жанг қилар эканман, ортимда Президентим, ота-онам, халқим турганлигини бир зумга бўлса-да унутмаган ҳолда астойдил ҳаракат қилдим ва мақсадимга эришдим. Умид қиламанки, бу ютуқларимизнинг бошланиши ва истеъдодли ёшлар билан биз янада улкан ғалабаларга эришамиз, - деди жаҳон чемпионатининг олтин медальи соҳиби Достонбек Отаболаев.

Таъкидлаш лозим, жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси битта олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!