
“Касалини яширган – ўлади!”: Ўзбекистон U-17 ғалабасига Қозоғистондан қаттиқ муносабат бўлди
Футбол жамоатчилиги Саудия Арабистонида ўтган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг Ўзбекистон терма жамоаси ғалабаси билан якунланган ҳал қилувчи финал учрашувини ҳамон муҳокама қилмоқда.
Бу нуфузли турнир ёш футболчиларимизнинг матонати, жасорати ва қаҳрамонлиги том маънода намоён бўлган мусобақа сифатида тарих саҳифаларидан жой олди.
Мусобақанинг гуруҳ беллашувларида ёш мураббий – Ислом Исмоилов шогирдлари юз фоизлик натижа қайд этди. Истеъдодли футболчиларимиз Таиландни 4:1, Хитойни 2:1, Саудия Арабистонини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, плей-оффга йўл олди.
Финал йўлида ҳамюртларимиз Бирлашган Араб Амирликларидан 3:1 ва Корея Халқ Демократик Республикасидан 3:0 ҳисобида устун келиб, финалга чиқди.
Ҳал қилувчи беллашувда терма жамоамизга мезбонлар иккинчи маротаба рўбарў келди. Гуруҳ бсоқичидаги ўйин билан ҳал қилувчи беллашувнинг йўриғи бошқа-бошқа.
Саудияликлар ўз мухлислари кўз ўнгида бош совринни ўзларида олиб қолишга ҳаракат қилди.Бу баҳснинг биринчи бўлими биз учун ўта муваффақиятсиз бўлди. Танаффусгача Нурбек Сарсенбаев ва Миразиз Абдукаримов қизил карточка туфайли майдондан четлатилди.
Ислом Исмоилов шогирдлари икки ўйинчи кам бўлиб ҳаракат қилганига қарамай, беллашувнинг иккинчи қисмида саудияликларни доғда қолдирди. 51-дақиқада Муҳаммад Ҳакимов пенальтини аниқ бажарган бўлса, 70-дақиқада Садриддин Ҳасанов индивидуал техникасини намойиш қилиб, рақиб футболчиларини ортда қолдирди ва гол уриб, якуний ҳисобни таъминлади – 2:0.
Мураккаб, асабий, муҳим учрашувнинг якуни мароқли бўлди. Ўзбекистон U-17 жамоаси ноябрь ойида бўладиган жаҳон чемпионатига Осиё чемпиони сифатида йўл олади.
Бу ғалабага турли мамлакатлар, хусусан қўшни Қозоғистондан ҳам муносабатлар бўлмоқда.
Қозоғистон терма жамоаси матбуот хизмати раҳбари Ермуҳаммад Маулен қозоқ футболи келажаги ҳақида ўз фикрларини билдириб, Ўзбекистон ёшларининг ғалабасига алоҳида эътибор қаратди.
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё чемпиони бўлганини алоҳида таъкидламоқчиман. Улар финалда Саудия Арабистонини енгди.
Эртага мана шу футболчилар янада ўсади, сизлар бу ўйинчиларни қиммат нархга трансфер қиласизлар ва уларга катта маош тўлайсизлар. Бу йинитлар “Астана”да ўйнар, “Ордабаси”га келар.
Сизлар Ўзбекистон футболи қандай ривожланаётганини кўряпсизлармиз?
Биз буни чин дилдан тан олишимиз керак. Қозоқларда “Касалини яширган – ўлади!” деган нақл бор.
Ҳозир биз ана шу касални яширяпмиз. Самак Смаков бу ҳақда гапирди, демак биз ҳам буни гапиришимиз керак, бошқа мураббийлар ҳам жим турмаслиги керак, - деди Ермуҳаммад Маулен.
Таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистонидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон U-17 терма жамоаси чемпионликни қўлга киритган бўлса, футболчиларимиз бир неча индивидуал совринларга ҳам эга бўлди.
Хусусан, чемпионатда ўз ҳисобига бешта гол ёздириб қўйган Асилбек Алиев “Энг яхши тўпурар”, Неъматуллоҳ Рустамжонов “Энг яхши дарвозабон” ҳамда Садриддин Ҳасанов “Энг яхши ўйинчи” сифатида эътироф этилди.
Фикрлар