Катанец "Навбаҳор" дарвозабонини кузатяптими ёхуд Ўткир Юсупов "Насаф"нинг қандай мағлуб этилгани, мотивация ва терма жамоа ҳақида гапирди

“Навбаҳор” Қаршида “Насаф” устидан ўта муҳим ғалабани қўлга киритди. Охирги пайтларда наманганликлар ушбу жамоага қарши баҳсларда анча ишончли ўйин кўрсатиб, натижаларни яхшилаб боряпти. “Насаф” охирги марта “Навбаҳор”ни 2017 йилги мавсумнинг биринчи ярмида ютган. Шундан бери ё дуранг, ё “Навбаҳор”нинг қўли баланд келяпти.

Навбатдаги тўқнашув ҳам ўта муросасиз ва кескин руҳда ўтди. Ушбу ўйинда “Навбаҳор”нинг ғалаба қозонишида дарвозабон Ўткир Юсуповнинг хизматлари катта бўлди. У бир неча бор жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди. Ҳолбуки, қаршиликлар ғалабага яқин эдилар. Чунки мезбонларда голга тортадиган имкониятлар кўпроқ эди. Аммо Юсупов шу куни қаҳрамонлик кўрсатди. Шубҳасиз, “Навбаҳор”нинг энг яхши ўйинчиси номига муносиб бўлди. Футболчи Sports.uz учун ушбу ўйин борасида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.  

“Насаф”га қарши ўйин тўғрисида

- “Насаф”га қарши ўйиндаги ғалабамизни вилоят ҳокими ва мухлисларимизга бағишлаймиз. “Бунёдкор”га ютқазиб қўйганимиздан кейин юзимиз ёруғ бўлиши учун ҳам Қаршида ютишимиз керак эди, биз учун ортга йўл йўқ эди. Шу маънода айтганда, у ерга фақат ғалаба учун бордик. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлиб қайтиб келдик. У ерда жамоавий ўйин ҳисобига ютдик. Майдонга бир оила бўлиб чиқдик. Футболчилар билан ҳамжиҳатликда ўйнадик ва керакли натижага эришдик.

уткир4

Жамоасини голлардан сақлаб қолгани ҳақида

- Ҳар ўйинга бир хил тайёрланаман. Жамоамнинг ютуғи учун қўлдан келганича ҳаракат қиламан. Бу ҳар бир посбоннинг иши. Дарвозабон борки, гол ўтказиб юбормаслик унинг асосий мақсади ҳисобланади. Шулар қатори мен ҳам ҳар бир учрашувда ўз дарвозам дахлсизлигини сақлаш учун ўйнайман. Ота-онамни ва Наманган ахлининг дуолари билан ушбу ўйиндан ёруғ юз билан қайтдик ва дарвозамдан гол ўтказмадик. Бу бизнинг вазифамиз. Буни қўлдан келганича адо қилдим.

уткир5

“Насаф” билан ўйинлар унинг учун алоҳида аҳамият касб этадими?

- “Насаф”да Рўзиқул Бердиев анча йиллардан бери ишлайди. У тажрибали мураббий. Ҳар йили “Насаф” кучли жамоа бўлади. Чунки академиясидан доим яхши ўйинчилар етишиб чиқади. Қаршида футбол ўйнаш жуда мароқли. Шу боис ҳам Қаршига келган ҳар қандай жамоа жиддий қийинчиликларга дуч келади. Ўйинлар мураккаб кечади. “Насаф” совринларни ютган, ОФК Кубогини ҳам бежизга қўлга киритмаган. Мана, бу сафар ҳам ОФК Кубогида яхши иштирок этяпти, яқинда “Аҳал”ни мағлуб этишди. “Насаф” ҳар доим яхши ўйнаб келган. Ўзим ҳам бу клубда ўйнаганман ва шунинг учун ҳам “Насаф”ни қаттиқ ҳурмат қиламан.

уткир3

Бу Юсуповнинг энг қийин ўйини бўлдими?

- Йил бошидан бери биз учун ҳар бир ўйин ўзига хос тарзда қийин бўляпти. Бугунги чемпионатдаги барча жамоалар ўзига яраша кучли ва шу нуқтаи назардан қараганда осон ўйиннинг ўзи йўқ. Боя айтдим, “Бунёдкор”га ютқазганимиздан сўнг, Кубокдан чиқиб кетдик ва энди орқага йўлимиз йўқ эди. Бу мағлубият биз учун катта минус бўлди деб ўйлайман. Шунинг эвазига “Насаф” билан беллашувда икки ҳисса босим билан майдонга тушдик. Виктор Жалилов билан Самвел Бабаян жамоани ўйинга яхши тайёрлашди.

уткир

Терма жамоа устози Қаршидаги ўйинни кузатганига ишонадими?

- Катанец “Насаф”га қарши ўйинимизни кўрдими-йўқми, буни билмайман. Балки ёнидаги мураббийлар кузатгандир. Ҳали ҳамма ўйинчиларда имконият бор. Мураббийлар энди иш бошлашди. Улар миллий терма жамоамизни чуқур ўрганиб чиқадилар. Ҳали расмий учрашувлар бошлангани йўқ. Худо хоҳласа, терма жамоадан ҳам чақирув олармиз, деган умиддаман. Биз ишлашда давом этамиз.

Ўткир Юсупов Катанецга ўзини кўрсатиш учун ҳам ўйнадими?

- Майдонга битта мақсад – жамоамнинг ғалабаси учун тушдим. Катанец бу ўйинни кўряптими, унга ўзимни кўрсатишим керак, деган ўй-фикрлар хаёлимда йўқ эди. Ҳозир барча фикр-у, хаёлим “Навбаҳор” билан боғлиқ. Юқори поғоналарга кўтарилиш учун ҳаракат қиляпмиз. Бош мураббий миллий терма жамоага лойиқ бўлсак чақиради, бўлмаса йўқ.

уткир2

Навбатдаги баҳс олдидан

- “Насаф” устидан қозонган ғалабамиз мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами учун наманганлик мухлисларга яхши совға бўлди. Ҳар доим “Насаф”га қарши қизиқарли ўйинлар бўлиб келган. Ишқибозлар бу муваффақиятимиздан хурсанд бўлишди. Бу ёғига тўхташ йўқ. Ўз майдонимизда АГМК билан бўладиган учрашувга ҳам жиддий тайёргарлик кўрамиз. Ўша учрашувда ҳам мухлисларимизни ғалаба билан қувонтирмоқчимиз.

Бабаяннинг қандай фойдаси тегаётгани хусусида

- Самвел Вячеславович клубга маслаҳатчи мураббий бўлиб келди. Шу боисдан Виктор Жалиловга машғулотлар ва ўйинлар давомида яқиндан ёрдамлашяпти. Ўзининг қўшимча фикрлари билан жамоага катта фойдасини бера олди. Бабаян кучли руҳшунос. Футболчиларнинг очилмай қолган потенциалларини мураббий ўзининг фикрлари ва услуби билан очяпти, ғолибона руҳ ва иштиёқни оширяпти. Самвел Бабаян келганидан кейин жамоанинг мотивацияси кучайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
31/08/2021 08:21
Кийинги йиғинларга таклиф этса яхши бўлар эди.