Катанецга ишониш қанчалик тўғри? Бундай одамлар якунда мукаммал даражада ўз ниятига эришади ёки катта муваффақиятсизликка учрайди
Бугун бош мураббий Сречко Катанец билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Жуда қизиқ фикрларни билдириб ўтди "коуч". Рақобат бўлиши керак эмаслиги, Искандеровнинг услуби Камерунга қарши тўғри келмаслиги борасида ғалати гаплар янгради мен учун. Шомуродов тўғрисидаги гапларга ўрганиб қолдик, майли. У сардор, у ТОП-5 чемпионатда ўйнайди (захирада экани қизиқ эмас). Ўзи Катанец ноодатий қарорлар бўйича анча эътиборни торта олди. Шунингдек, ўта консерватив экани ҳам турли шубҳали фикрларга сабаб бўлмоқда.
Масалан, у Темурхўжа Абдуҳолиқов ҳақидаги саволга "олдин футболчи билан ишламагани, унинг мослашиши кўп вақт талаб қилиши"ни айтиб ўтди. Мураббий селекция жараёнида кимгадир имкон бермасдан туриб, унинг даражасини қандай аниқлаб олиши мумкин. Бу худди ишга олинаётган янги кадрдан "тажрибанг борми?", - деб сўрагандек ҳолат эмасми?
Рақобат ҳақидаги жойига. Катанец рақобатни эмас, ишончни устун қўйишини айтиб ўтди. Ўзи ишонч билдирган, танийдиган ва бирга ишлаган футболчиларни маъқул кўришини маълум қилди. Шу сабаб у кўпчиликнинг салбий муносабатига сабаб бўлди. Аввалдан у таваккалчи одам эмаслиги, ўта эҳтиёткорлигини билдириб қўйганди. Одатда, бундай одамлар якунда мукаммал даражада ўз ниятига эришади ёки ўта катта муваффақиятсизликка учрайди. Биз биринчи вариант бўлиши тарафдоримиз, албатта. Аммо иккинчиси бўлса, Катанец яна "мен ўз ишимни қилдим", - дея олармикин?
Искандеров борасида у ўйин услуби тўғри келмаслиги, жисмоний томондан ҳам африкалик футболчилар уни "еб қўйиши" ҳақида гапирди. Бир томондан тўғри фикрлар. Аммо виза ҳақида гапириб, Сречко имкон бўлса, Жамшидни чақиришини ҳам рад этмади. Бу борада у қарор қилмаган. Мутахассис шунга мажбур бўлган, катта эҳтимол.
Остон Ўрунов ва Шаҳбоз Умаров тўғрисида. Бу икки футболчи ўйин амалиёти борасида "даҳшатли" кўрсаткичларга эга. Бири трансфер машмашаси сабаб энди янги жамоага кўчиб ўтган бўлса, иккинчиси захирадан ўйинни кучайтиришда қўл келиши мумкин. Бошқачасига тасаввур қилиб бўлмади. Мураббий икки ярим ҳимоячини истиқболи порлоқ эканига ишонади. Буни олдин ҳам айтиб ўтганди. Унга ишонч билдирилиши ва йигитлар буни оқлашига Сречко ҳозирча шубҳа қилмаяпти. Кўрамиз, вазият қандай тус оларкин?!
Ёшлар футболи борасида мутахассис нотўғри фикр билдирмаган, деб ўйлайман. Бу ўзбек футболининг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб келган. Улар натижа қайд этади, тўғри. Аммо шундан сўнг дарҳол "кўздан ғойиб бўлади". Катанец шу нарсалардан хабардор экани эътиборга молик.
Шоҳрух Зоиров мақоласи.
Фикрлар