Кечиновдан Безеррагача
Ads

Футболнинг безаги гол бўлганидек, ҳужумчининг ташриф қоғози ҳам айнан унинг голларидир.  Айниқса, ҳар қандай чемпионатда тўпурарлар пойгасидаги кураш қизғин кечади. Чунки исталган ҳужумчи борки, тўпурар бўлиш унинг учун асосий мақсадга айланади. Бироқ бу вазифани бажариш ҳам машаққат, бунинг учун футболчидан кўп нарса талаб қилинади. Биринчи навбатда ҳужумчида голни сезиш қобилияти кучли бўлиши лозим, албатта, меҳнат ҳам асосий ўринда туради. Биз худди шундай ҳислатлар мужассамлигини бу йил “Пахтакор” ҳужумчиси Тиаго Безеррада кўрдик.

Гонсалвешни ортда қолдириб

Тиагонинг чемпионатимизда иштирок этаётганига 1,5 йил бўлди. Ёдингизда бўлса, Безерранинг юртимиздаги дастлабки мавсумидаги ишлари у қадар ёрқин кўриниш олмаганди. Ўтган йили у 14 та учрашувда майдонга тушиб рақиблар дарвозасига 4 та гол урганди. Ўшанда бразилиялик ўйинчининг маҳорати борасида кўпчиликда шубҳа уйғонганди. Лекин бир жиҳатни ҳам ҳисобга олиш керак, Безерра илк бор Ўзбекистон чемпионатига келди ва унга бизнинг мамлакатга мослашиш, чемпионатимизга кўникиш учун унга вақт керак эди. Шу сабабли ўтган йилги ярим мавсумни унинг кўникиш йили бўлди десак асло муболаға бўлмайди. Жорий мавсумда эса Тиаго қандай футболчилигини, нималарга қодирлигини кўрсата олди. У “очилмаган” қирраларини ушбу мавсумда барчага кўз-кўз қилди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу йилги тўпурар футболчиси “Пахтакор” аъзоси бўлиши катта эҳтимол бўлиб турганди ва айниқса, португалиялик ҳужумчи Исмоил Гонсалвешнинг имкониятлари Безерраникига нисбатан каттароқ эди. Охирги тур олдидан Исманинг ҳисобида 16 та, Тиагода эса 14 та гол бор эди. Аммо “Бунёдкор”га қарши кечган охирги беллашув чинакамига Безерранинг ўйинига айланди. У бунгача дублга ҳам эришмаганди ва битта ўйинда биттадан гол уриб келганди. Охирги турда эса Безерра бирданига хет-трикка эришиб, якунда Гонсалвешдан ўзиб кетиб, 17 та гол билан Ўзбекистон чемпионатининг тўпурарига айланди.

Тўпурарлар курашининг эътиборга молик жиҳатлари

Тўпурарлар тарихига назар ташлаб ўтсак чакки бўлмасди. Шу пайтгача ҳаммаси бўлиб 27 нафар футболчи тўпурар мақомига эришган. Умумий ҳисобда эса миллий чемпионатимиз ташкил этилганидан бери 32 та тўпурар ўйинчилар аниқланди. Чемпионатимизнинг илк тўпурари Валерий Кечинов бўлган ва унинг мақсадига эришиш учун 24 та гол керак бўлган. Орада эса бир мавсумда қўштўпурарларга ҳам гувоҳ бўлдик. Масалан, 1996 йили “Дўстлик” ҳужумчиси Жаъфар Ирисметов билан “Навбаҳор” вакили Олег Шацких 23 тадан гол уришган. 1998 йилда эса “Пахтакор” вакиллари – Игорь Шквирин билан Миржалол Қосимов ҳисобида 22 тадан гол мавжуд эди. Қизиғи, кейинги йили яна қўштўпурарликка гувоҳ бўлдик. Бу сафаргиси эса водийдан эди. “Нефтчи”дан Умид Исоқов ҳамда “Андижон”дан Бахтиёр Ҳамидуллаев 24 тадан голга муаллифлик қилишди. 2003 йилда эса “Қизилқум”дан Марсел Идиатуллин, “Навбаҳор”дан Шуҳрат Мирхолдиршаев 26 марта гол уришди. Охирги қўштўпурарлик 2010 йилда кузатилган. Ўшанда “Нефтчи” ҳужумчиси Алишер Ҳолиқов билан “Олмалиқ” вакили Носир Отақўзиев рақиблар дарвозасини 13 бор ишғол этишганди. Эътиборлиси, чемпионатимиз тўпурарлари тарихида энг оз гол урган ҳужумчилар ҳам Ҳолиқов билан Отақўзиев ҳисобланишади. Бир мавсумда энг кўп гол уриш борасида эса Жаъфар Ирисметовга ҳеч ким бас кела олмаса керак. У 2000 йилги мавсумда “Дўстлик” сафида нақд 45 та голга муаллифлик қилганди.

Яна қизиқарли фактлар

Яна бир гап: энг кўп тўпурарликка эришган ҳужумчи – бу Жаъфар Ирисметовдир. У фаолияти давомида уч маротаба энг яхшиси бўлган. Шунингдек, Олег Шацких, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Шуҳрат Мирҳолдиршаев ва Умид Исоқов икки мартадан тўпурарлик номига сазовор бўлишган. Агар клублар миқёсида қарайдиган бўлсак, шу пайтгача “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилган футболчилар энг кўп тўпурарликка эришишган. Безерранинг тўпурарлигини қўшиб ҳисоблаганда ушбу жамоанинг жами олти нафар футболчиси ана шундай мақомга сазовор бўлишди. Шунингдек, эндиликда про-лигага равона бўлган “Нефтчи”нинг олдинги мавқеи қандай бўлганини ҳамма яхши билади. Ана шу кезларда фарғоналиклар сафидан олти бор тўпурар ўйинчи ўз сўзини айта олган. Шунингдек, “Бунёдкор”дан 5 та, “Навбаҳор”дан 4, собиқ “Дўстлик”дан 3 ва “Андижон” билан “Локомотив”дан 2 тадан тўпурар футболчи тарихдан жой олган. Дарвоқе, Безерранинг хорижлик эканлигини ҳисобга олсак, чемпионатимизда легионер тўпурарлар ҳам кўпайиб боряпти. Жаҳоннинг собиқ юлдузи бразилиялик Ривалдо 2009 йили “Бунёдкор” сафида 20 та гол уриб, Ўзбекистон чемпионатидаги илк хорижлик тўпурарга айланганди. Шундан сўнг 2011 йили яна ўша “Бунёдкор” сафида бу сафар сербиялик Милош Трифунович 17 та гол билан энг яхшиси бўлди. Аҳамиятлиси, “Бунёдкор”даги кетма-кет учинчи тўпурарлик ҳам легионер ўйинчига насиб қилди. Бу сафар украиналик Олександр Пишур 19 та гол урди. Безеррагача охирги легионер тўпурар туркманистонлик Артур Геворкян бўлиб турганди. У “Насаф”да ўйнаб юрганида бир мавсумда 18 та тўп киритишни уддалаганди. Ниҳоят, “Пахтакор” таркибида Тиаго Безерра ўзини кўрсатди ва аҳамиятлиси, ушбу жамоа сафида биринчи маротаба легионер тўпурар ўз номини тарихга ёздириб қўйди. Тан олиш лозимки, ушбу чемпионатда Безерра ўрнас олса арзийдиган легионерга айланди. Зеро, унинг ўйинлари ва голлари ўзи ҳақида ҳаммасини айтиб турибди.   

Шуҳратбек Жўраев.