Кераксиз “қироллар” ёхуд “Реал”ни тарк этиши мумкин бўлган футболчилар

Бу йил "Реал" Мадрид трансфер бозорида унчалик ҳам фаол эмас. Ярим ҳимоячилар Рейньер, Такефусо Кубо, ҳимоячи Альваро Одриосола ва ҳужумчи Борха Майораль ижарадан "Қироллик клуби"га қайтишди. Шу билан бирга, “қаймоқранглилар” “Монако”дан ярим ҳимоячи Орельен Чуаменини 80 миллион евро эвазига сотиб олган бўлса,  “Челси” футболчиси Антонио Рюдигерни эркин агент мақомида ўз сафига қўшиб олди. "Реал" бош мураббийи Карло Анчелотти яқинда берган интервьюсида бошқа трансферлар режалаштирилмаганини айтди.

Айни вақтгача "Қироллик клуби"ни ҳужумчи Лука Йович, вингер Гарет Бэйл, ярим ҳимоячи Иско ва ҳимоячи Марсело каби футболчилар тарк этди. Уларнинг ҳаммаси Мадрид гранди сафидан эркин агент сифатида кетиб, бошқа жамоа билан шартнома имзола(й)ди. Ҳатто 3 йил олдин "Айнтрахт"дан 63 миллион евро (!) эвазига харид қилинган сербиялик Йович ҳам текинга кетди. “Қаймоқранглилар” сафини тарк этадиган футболчилар рўйхати бу билан тугамаслиги эҳтимоли жуда катта.

Ҳозир эса, биз сизлар билан “Реал”дан кетиши мумкин бўлган ва етарли ўйин амалиёти бўлмаслиги сабаб кетиши керак бўлган футболчилар ҳақида тўхталамиз.

Андрей Лунин

Луниннинг "Реал" Мадриддаги келажаги мавҳумлигича қолмоқда. Унинг ўзи ҳам яхши биладики, Тибо Куртуага ўринбосар бўлиш, унга етарлича ўйин амалиёти бермайди. Ўтган мавсум 23 ёшли дарвозабон бор йўғи 4 та ўйин ўтказди – 2 та Испания кубоги ва 2 та Ла Лига. Қолаверса, Испания чемпионатидаги бу учрашувлар “Реал” учун муҳим бўлмаган баҳслар ҳисобланади.

Анчелотти украиналик киперга кейинги мавсум кўпроқ имкон беришини ваъда қилмоқда, аммо Куртуа соғлом бўлган пайтда бунинг имконияти паст бўлиши аниқ. Шубҳасиз, оддийроқ клубда Андрей асосий дарвозабонга айланиши мумкин. Қолаверса, Европанинг бир нечта жамоалари унга аллақачон қизиқиш билдирган. Албатта, танловни украиналикнинг ўзи ҳал қилади. Гарчи, бу "Реал" Мадрид каби қудратли клуб бўлса-да, фаолиятидаги энг яхши йилларини захира ўриндиғида ўтказиш – кераксиз натижа.

Хесус Вальехо

2015 йилнинг ёзида "Реал"га ўтганидан бери Вальехо фаолиятининг катта қисмини ижарада ўтказди. Ўтган ёзда Серхио Рамос ва Рафаэль Варан кетганидан сўнг ҳимоячи "Қироллик клуби"да имконият бўлиши кутилган эди. Аммо ундан бўлиб чиқмади.

Ла Лигада бешта ўйин ва Чемпионлар Лигасида жами 8 дақиқа - 25 ёшли марказий ҳимоячи орзу қилган нарса эмаслиги аниқ. Унинг "қаймоқранглилар" билан шартномаси яна 3 йилга амал қилади, аммо Мадридда бунча узоқ муддат қолишдан фойда йўқ. Антонио Рюдигер, Давид Алаба, Эдер Милитао ва Начо бор бўлган жамоада, испанияликнинг ўйинга тушиш имконияти янада пасайиб кетади. Шунинг учун Хесус ҳам бошқа клубга ўтиб, ўзини нималарга қодир эканлигини исботлаш вақти келди, чамамизда.

Альваро Одриосола

Одриосола ҳам худди Вальехо каби сўнгги мавсумлар ижарада тўп тепди. Қолаверса, унинг олдида яхши вариантлар бор эди - "Бавария" ва "Фиорентина". “Бинафшаранглар” футболчини сотиб олишга тайёрлигини билдирди, бироқ у “Реал”га қайтишни истади. Испанияликнинг "Қироллик клуби"да ўйнаш истаги таҳсинга сазовор. Бироқ, истакнинг ўзи ҳеч нарсани ҳал қилмайди.

Жамоанинг ўнг қанот ҳимоя позициясини Дани Карвахаль эгаллаган. Данининг соғлиғида муаммолар бўлган пайтда эса унинг ўрнини Лукас Васкес олади. Шу боис, 26 ёшли ҳимоячи “қаймоқранглилар”ни тарк этгани маъқулроқдек кўринмоқда. Чунки, унга етарлича ўйин амалиёти таклиф қилаётган жамоалар кўп.

Дани Себальос

Себальос ҳам худди Одриосола сингари "Реал"да ўйнашни истамоқда. Бироқ, асосий муаммо шундаки, бу футболчида ҳам имконият кам. “Қироллик клуби”да марказий ярим ҳимоячи позициясида Эдуардо Камавинга, Тони Кроос, Федерико Вальверде ва Лука Модрич ўйнайди ва Дани яна захирага “михланиб” қолади. Испаниялик ўтган мавсум номи санаб ўтилган футболчиларнинг барчасига рақобатда имкониятни бой берди.

Шунингдек, “Реал” ёзда Орельен Чуаменини катта пулга харид қилди. Табиийки, Себальосда имконият янада пасайиб кетади ва у кетиш учун биринчи номзодга айланади. Унинг “Бетис”га қайтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. 25 ёшли испаниялик учун бу яхши вариант бўларди. "Яшил-оқлар" Мануэль Пеллегрини қўл остида яхши ўйин кўрсатмоқда ва Европа миқиёсидаги турнир иштирокчисига айланди. Шунинг учун, Данининг жонажон уйига қайтиши - тўғри қарор, чамамизда.

Рейньер

Рейньер 2020 йилнинг қишида "Фламенго"дан 30 миллион евро эвазига "Реал"га ўтганди, аммо ҳали “қаймоқранглилар” асосий жамоасида дебют қилгани йўқ. Иско кетганидан сўнг Мадрид грандининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси вазифасини бажариш учун унда яхши имконият бор, аммо бунинг амалга ошиши қийин масаладек кўринмоқда.

Бразилиялик футболчи икки йил давомида Дортмунднинг "Боруссия" клубида ижара асосида ўйнади. Бироқ, якунда немис клуби ҳам уни тўлиқ трансфер қилишдан бош тортди. У янги мавсумни ҳам “бланкос”да ўтказиши даргумон. "Қаймоқранглилар" 20 ёшли футболчини сотмасликлари мумкин, аммо уни яна ижарага бериш эҳтимоли катта. Ҳозирда футболчига "Бенфика" фаол қизиқиш билдирмоқда. Вазият қай даражада бўлишини эса яқин вақт ичида билиб оламиз!

 

Марко Асенсио

Ўтган йилги ўйинларга қараб фикр билдирадиган бўлсак, Родриго янги мавсум "Реал"нинг асосий таркиб футболчисига айланади, деб тахмин қилиш мумкин. Аммо Такефуса Кубо ва Марко Асенсио ҳам бу позиция учун даъвогарлик қилмоқда. "Қаймоқранглилар" японияликни "Реал Сосьедад"га сотишни режалаштирмоқда, аммо Марко борасида бир қанча саволлар бор.

Ўтган мавсум Асенсио учун фаолиятидаги энг яхшиси бўлди (Ла Лигада 10 та гол). Аммо у барқарор футболчи эмас, бу эса Марконинг “қироллик клуби”даги келажагини кафолатламайди. 26 ёшли вингернинг "бланкос" билан шартномаси тугашига яна 1 йил бор. Футболчи кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни истамоқда, Анчелотти эса бунга кафолат бера олмайди. Шу сабаб матбуотда Асенсионинг кетиши ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Унга “Ливерпуль”, “Ньюкасл” ва “Милан” каби жамоалар фаол тарзда қизиқиш билдирди. Бироқ, якунда клублар ҳеч нарсага эриша олмади. Кузатамиз, эҳтимол яқин вақт ичида Марконинг янги жамоаси қайси эканлигини билиб олармиз?!

Майораль ёки Диас

Карим Бензема "Реал" Мадриднинг асосий марказий ҳужумчиси бўлиб қолишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо "қироллик клуби"да яна 2 та шу позицияда ўйнайдиган футболчи бор - Борха Майораль ва Мариано Диас. Карим учун ўринбосар битта керак эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу икки форвардан бири Мадридни тарк этиши керак.

Айтиш керакки, Майоралнинг қолиш имконияти бироз юқорироқ. Боиси, у "Реал" тарбияланувчиси ҳисобланади ва ўтган мавсум "Рома"да яхши ўйин кўрсатди. Шунинг учун, "қаймоқранглилар" анчадан бери Диасни сотишга ҳаракат қилмоқда. Умуман олганда, “Реал”нинг марказий ҳужумида ҳаракат қиладиган барча футболчининг шартномаси кейинги йил якунига етади. “Қаймоқранглилар” раҳбариятидан эса буни чуқур таҳлил қилиб, қарор қабул қилиши талаб қилинади. Аммо шундай бўлса-да, трансфер ойнаси якунига етмасдан Майораль-Диас жуфтлигидан бири Мадрид гранди сафини тарк этиш эҳтимоли катта.

 

Жамшидбек Маҳмудов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!