"Кимдир ушбу воқеанинг сценарийсини ёзган бўлса, мен ҳам шундай ёзган бўлардим" ёхуд Арвеладзе инглиз футболида бундан яхшироқ дебютни орзу қилмаса ҳам бўлаверади
Сиз-у, биз учун қадрдон бўлиб қолган Шота Арвеладзенинг фаолиятида янги босқич бошланганини жуда яхши биласиз. У Англия чемпионшипида иштирок этаётган “Халл Сити” клуби устозига айланди.
“Пахтакор”дан сўнг, анча вақт кўплаб таклифларни нима учун рад этиб келганини энди тушунгандекмиз. “Халл Сити” режаси аввалдан бор бўлиб, мураббий ҳам Sports.uz сайтига берган интервьюсида Англияда ишлаш ўзининг орзуси эканини яширмаганди. Ниҳоят, Шота Юстиновичнинг орзуси ушалди. У энди кучли чемпионатлардан бирида!
Гарчи бу Англия премьер-лигаси эмас, чемпионшип бўлса-да, анча-мунча Европадаги миллий биринчиликларнинг даражасидан баланд. Энг ёқимлиги шундаки, Шота Юстинович расман бош мураббий этиб тайинланганидан кейиноқ чемпионшипнинг навбатдаги тури доирасида “Суонси Сити”га қарши дебютини ўтказиб ўта муҳим ғалабани қўлга киритди. Шундай экан, “Пахтакор” жамоасининг собиқ бош мураббийини айни пайтда кайфияти чоғ. Ўз навбатида, “Халл Сити” клуби расмий сайти янги мураббийнинг дебютидан сўнг ўзига хос муносабат билдирган ва Арвеладзенинг ҳам ўйиндан кейинги фикрларини ҳавола этган.
Жумладан, клуб сайтида шундай дейилади: “Шота Арвеладзе қўл остидаги “Халл Сити” жамоаси дебют учрашувида “Суонси Сити”ни 2:0 ҳисобида енгиши учун ҳар бир тепилган тўп ғалаба учун хизмат қилди.
2 та гол дастлабки 17 дақиқада киритилди. Том Ивс ва Кин Льюис Поттер томонидан урилган голлар ва ундан кейинги вақт давомида ғалабани ушлаб тура олгани 48 ёшли мутахассисни “Йўлбарслар” бош мураббийлигидаги дастлабки уч очкосини таъминлаб берди. Грузиялик мутахассис инглиз футболидаги бундан яхшироқ дебютни орзу қилмаса ҳам бўлаверарди. Чунки бутун бошли “Халл Сити” стадионига йиғилган 13101 нафар мухлис Шота Арвеладзе номини айтиб куйлаётганини кўришимиз мумкин эди”.
Шота Арвеладзе: “Агар кимдир ушбу воқеанинг сценарийсини ёзган бўлса, мен ҳам худди шу сценарийни амалга оширдим. Ёки мен ҳам шу тарзда ёзган бўлардим. Барчага раҳмат. Футболчиларга, умуман клубга кимки, менга қисқа муддат ичида ушбу ғалабага эришишимизда ёрдам берган бўлса, ҳаммага миннатдорлик билдираман. Биз биринчи бўлимда яхши ишладик. Рақибга имкон бермаслигимиз керак эди. Негаки, улар тезда ўйин услубини ўзгартириб ғалабага интилиши мумкин эди. Аслида ҳам шундай бўлди. Улар қўшимча ярим ҳимоячилари билан ҳужумни кучайтиришга ҳаракат қилишди. Айнан ярим ҳимоячиларининг сони жиҳатдан рақибда устунлик бўлди. Бу эса уларнинг майдон марказини эгаллашига катта ёрдам берди. Лекин рақибни ҳимоя чизиғида жуда яхши кутиб олишга эришдик. Аммо ўйинимизда ҳали ривожланиши керак бўлган жиҳатлар жуда кўп. Футболчиларим ажойиб даражадаги характер ва тартиб-интизомни кўрсатишга муваффақ бўлишди. Айта оламанки, йигитларимиз ўйинни ўзлари бошлай олган темпда якунлашга муваффақ бўлишди.
Бу ўйин менга жуда яхши ҳиссиётларни тақдим эта олади. Чунки биринчи дақиқаларданоқ мен берган тактик кўрсатмалар ўзининг натижасини беришни бошлади. Бундан албатта хурсандман.
Иккинчи таймда рақиб бизнинг услубимизга ўзига хос муносабат билдириб, қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишди. Мана шундай пайтларда ўз характерингизни кўрсата олишингиз ва яхшироқ ҳимояланишингиз жуда ҳам катта роль ўйнайди. Шунинг учун ҳам футболчиларим ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қола олишди, деб ҳисоблайман. Бу эса келгуси ўйинлар олдидан уларга қўшимча энергия бағишлаши мумкин.
Мен мазкур клубда ишлашни бошлаганимдан хурсандман. Буни мураббий сифатида таништирилишимдан олдин ҳам ҳис қилаётгандим. Мана энди ушбу жамоанинг бош мураббийи сифатида майдондаги тажрибани ўз бошимдан ўтказганимдан сўнг буни яна ҳам чуқурроқ ҳис қила бошладим. Бу ниҳоятда ажойиб ҳиссиёт”, - деди Ўзбекистонда ишлаган мутахассис.
“Халл Сити” – “Суонси Сити” ўйинида мухлислар “Бизда Арвеладзе бор”, деган шиорни кўтарган ҳолатда бутун бошли майдонни қайсидир маънода “портлатди”, дейишимиз мумкин. Яъни, улар бундан жуда ҳам хурсандликларини ўйинда жамоаларини олға бошлаб кўрсата олишди.
Шота Арвеладзе: “Бу жуда ҳам ажойиб эди. Баъзилар улар Алан Маккрегор номини айтиб куйлашди, деб айтишди. У жуда ҳам яхши дўст ва у ҳақида айтилган қўшиқ бўлса ҳам буни эшитишдан хурсандман. Яна айтаманки, ушбу клубда дебют қилганимдан илк дақиқалардан роҳатланишни бошладим ва бу давом этади, деб умид қиламан”, - дея сўзини якунлади Юстинович.
Арвеладзе жамоаси кейинги турни яна ўз майдонида 5 февраль куни “Престон” клубига қарши ўтказади. Сўнгра, 9 февралда меҳмонда “Дерби Каунти” билан куч синашади.
Фикрлар