Киммих: "Мен ПСЖга ўтиш ҳақида Луис Энрике билан гаплашдим"
Германия терма жамоаси сардори ва ярим ҳимоячиси Йозуа Киммих 2024 йилда "Бавария"ни тарк этиб, "Пари Сен-Жермен"га ўтиши мумкин бўлганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, айнан шу даврда парижликлар футболчига жиддий қизиқиш билдирган.
"ПСЖ менга энг катта қизиқиш билдирган клуб эди, – дея Киммихнинг сўзларини келтиради AS нашри. – Мен Луис Энрике билан суҳбатлашдим. Айтиш керакки, улар жуда яхши иш олиб боришди, мен уларга ростдан ҳам кераклигимни ҳис қилдим. Молиявий жиҳатдан таклифлари ҳақиқатан ҳам жуда катта эди. Лекин мен қароримда пул ҳал қилувчи омил бўлишини истамадим".
Йозуа Киммих 2015 йилдан бери "Бавария" шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У мюнхенликлар сафида 494 ўйин ўтказиб, 47 та гол урган ва 131 марта голли пас берган.

Фикрлар