Колумбия мураббийи Хамес Родригес ва Луис Диаснинг ҳолати бўйича маълумот берди!
Колумбия мундиалга муваффақиятли саралаш босқичидан кейин яхши кайфиятда етиб келди. Жамоанинг асосий юлдузлари қаторида "Бавария" ҳужумчиси Луис Диас ва тажрибали плеймейкер Хамес Родригес бор.
Лоренсонинг айтишича, сўнгги йилларда жисмоний ҳолати билан боғлиқ муаммоларга дуч келган Родригес Ўзбекистонга қарши ўйинга тайёр.
"Хамес яхши ҳолатда. У жисмоний томондан тобора яхшиланиб бормоқда.
Унинг иқтидори ва маҳорати шундайки, бошқалар каби кўп югурмаса ҳам ўйинга аниқлик беради ва муҳим вазиятларда тақдирни ҳал қила олади", — деди мураббий.
Аргентиналик мутахассис Колумбия турнирнинг энг кучли жамоалари кўрсатаётган интенсивликка мослаша олмаслиги ҳақидаги фикрларни ҳам рад этди.
"Биз бундай даражада ўйнай олишимизни аллақачон исботлаганмиз. Хорватия ва Францияга қарши ўйинларни эслашнинг ўзи кифоя.
Яхши футбол фақат кўп югуриш дегани эмас. Баъзан интенсивлик ва сифатли ўйин тушунчаларини аралаштириб юборамиз", — деди Лоренсо.
Маълумотларга кўра, "Ацтека" стадионида бўлиб ўтадиган учрашувни 65 мингдан ортиқ колумбиялик мухлис трибунадан кузатиши кутилмоқда.
Луис Суареснинг таъкидлашича, мухлисларнинг катта қўллаб-қувватлаши жамоага ўзини худди уйидагидек ҳис қилиш имконини бермоқда.
"Биз ўзимизни уйдагидек ҳис қиляпмиз. Нафақат Мексикада, балки АҚШда ҳам шундай бўлди. Бу бизни руҳлантиради ва зиммамиздаги масъулиятни янада оширади", — деди у.
Лоренсо ҳам мухлисларга миннатдорлик билдириб, саккиз йиллик танаффусдан кейин мундиалга қайтган Колумбия халқига муносиб ўйин тақдим этишни исташини айтди.
"Колумбия — бу бахт дегани. Биз яхши ўйнашни ва одамларга табассум қилиш учун сабаб беришни хоҳлаймиз", — деди мураббий.

Фикрлар