Колумбия ва Япония плей-оффда, Сенегалга сариқ карточка панд берди

Колумбия ва Япония терма жамоалари ЖЧ-2018 турнирининг навбатдаги плей-офф иштирокчиларига айланди.

Гуруҳнинг сўнгги турида Япония Польша термасига (0:1) имкониятни бой бериб қўйди. Лотин Америкаси вакиллари Сенегални (1:0) шу ҳисобда доғда қолдирди.

Ўйин натижалари Колумбиянинг биринчи ўринни эгаллашини таъминлади. 6 очко. Иккинчи йўлланма эса Япония термасига насиб қилди.

Осиё қитъаси вакили гуруҳ якунлари бўйича сенегалликлар билан бир хил натижа қайд этди. 4 очкодан. 4 гол уришди ва шунча ўтказишди. Ўзаро ўйинлар 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланган.

Япония термаси плей-оффга сариқ карточкалари камлиги бўйича йўл олди. Ҳакамлар японларга 3 турда 4 марта сариқ карточка кўрсатган бўлса, сенегалликлар 6 марта огоҳлантирилган.