Конор МакГрегор ғалаба қозона оладими? Ўзбекистонлик яккакураш олами вакиллари жавоб берди (2-қисм)
Ушбу ой ММА оламида бир жанг бўладики, буни барча интиқлик билан кутаётгани аниқ. Албатта, бу “UFC 257” турнирининг марказий жанги - Дастин Порье ҳамда Конор МакГрегор тўқнашувидир. 23 январь (Тошкент вақти билан 24 январга ўтар кечаси) куни БААда жойлашган “Жанглар ороли”да ташкил этилувчи ушбу жанг кечасининг марказий жанги борасида ўзбекистонлик яккакураш усталарининг фикри билан қизиқаётган эдик. Бу борада дастлабки қисмини ҳам тақдим этишга улгурганмиз.
Бугун эса ушбу воқейликка оид бошқа яккакураш оламидаги вакилларимизнинг мулоҳазаларини ҳам эътиборингизга ҳавола этамиз.
Гулбаҳор Амантаева – мураббий, собиқ ММА жангчиси
- Биласизми, бундай жангларда руҳий ҳолат асосий роль ўйнайди. Конор Ҳабибдан учралган мағлубиятдан сўнг, жуда аламзада бўлиб қолган. Айнан, Дастинни ютиб, ўзининг аввалги обрўсини тиклаб олишга ҳаракат қилиши тайин. Лекин уни осонлик билан ғалаба қозонади, деб айта олмайман. Жанг қийин бўлади. Унинг аламзадалиги ва жангни муддатидан аввал, чиройли тарзда ғалаба қозонишга интилиши панд бериб қўйиши ҳам мумкин.
Раҳматилло Нуриддинбеков – курашчи
- Ҳар иккиси енгил вазн тоифасидаги ёрқин юлдузлар ва шунга яраша кучга ҳам эга. Имкониятларни 50/50 баҳолаган бўлардим.
Азамат Нуфтиллаев – ММА жангчиси
- Ҳар иккиси ҳам ўзига яраша кучга эга. Лекин Конор МакГрегорнинг имконияти юқори, деб ўйлайман. Аслида, Дастин ҳам ажойиб жанг олиб боради. Хавфли жангчилардан бири ҳисобланади. Бироқ юқорида айтганимдек, Конор ғалаба қозонади.
Ўғилой Насимова – ММА жангчиси
- Ҳозирда Конорнинг жисмоний ҳолати жуда юқори даражага кўтарилган. Жанг ўтказмаганига ҳам анча бўлди. Шунинг учун бундай тўқнашувни жуда соғинган бўлса керак. Ҳабибдан мағлубияти уни янада кучлироқ қилганлиги аниқ. Менимча, Конор ғалаба қозонади.
Нурсултон Рўзибоев - ММА жангчиси
- Бир-бирига мос рақиблар... Иккаласи ҳам “стойка”да ажойиб ҳаракат қилади. Аммо Конор унга нисбатан яхшироқ, назаримда ва ушбу жангда ғалаба қозониш имкониятини юқори баҳолаган бўлардим.
Машрабжон Рўзибоев – ММА жангчиси
- Жанг чиройли ва шиддатли ўтади, деб ўйлайман. Улар ўртасидаги биринчи жангдаги Конорнинг ғалабаси унга руҳий устунлик беради. Жисмоний ҳолат борасида ҳам МакГрегор устун, деган фикрдаман. Бу жангда Конор ғалаба қозонади.
Жасур Алижонов – мураббий
- Улар ўртасидаги дастлабки жанг 5 йил аввал бўлган ва унда Конор ғалаба қозонган. Аммо орадан анча вақт ўтди. Ҳозир Дастин бутунлай бошқа савиядаги жангчи. Бу тўқнашувда Дастиннинг имконияти юқори. Худди шу жанг кечасида ҳамюртимиз Маҳмуд Муродов ҳам октагонга кўтарилади. Биз унинг ғалабасини кутиб қоламиз ва унга омад тилаймиз!
Муса Маметов – қўл жанги устаси
- Иккаласининг жанг олиб бориши, ҳаракатлари менга жуда ёқади. Ўйлайманки, тенг кучли рақиблар. Бироз устунлик Конор тарафида деб ўйлайман. Шунинг учун ғалаба ирландиялик томонида бўлса керак.
Фурқат Каримов – ММА жангчиси
- Ҳар иккисида ғалаба қозониш имконияти бор. Имкониятларни 50/50 баҳолаган бўлар эдим. Тўғриси, қайси бирига мухлислик қилишни билмай турибман. Ким ушбу жангга яхши тайёргарлик кўрган бўлса, ўша ғалаба қозонади.
Муродбек Чориев – ММа жангчиси
- Конор МакГрегор ғалаба қозонади. Сабаби, Дастин ундан мағлубиятга учраган ва айнан ушбу ҳолат унга руҳий жиҳатидан таъсир қилади.
Фикрлар