Конорнинг ўзгача жанг услуби
Конор ММА оламидаги энг таниқли шахслардан бири. Бу унинг медиа оламдаги таниқли эканлигини билангина ифодаланмайди. Ўз вақтида UFCнинг иккита камарини ўзиники қилиб олган жангчи ўз муқим жанг услубига эга.
У доимо мураббийларнинг кўрсатмаларига амал қилмайди ва шуниси билан бошқалардан ажралиб туради. Бугун унинг ўзгача жанг олиб бориш услуби ҳақида сўз боради.
Ўнг қўл ҳамма ишни бажаради
Конор жанг давомида доимо ўнг қўли билан масофани ҳис этиб туришга уринади. Айнан шу қўли билан рақибнинг ўзига яқинлаштирмасликка ва тайёрлаётган зарбасини кутилган чоғда йўллашга интилади. Рақиб ўзига яқинлашаётган ўнг қўлга эътибор қаратиши билан Макгрегорнинг чап қўли кучли зарба йўллайди. UFC жангчиларининг айтишича, Конорнинг бу услуби рақибнинг ғазабини қўзғатади. У жанг давомида ўнг қўли билан рақибга тегаверади ва бу исталган жангчининг қуюшқондан чиқишга мажбур қилади. Рақиб очилади ва зарба йўллаш учун ҳимояни 1 сонияга унутади. Айнан ўша сонияда кучли зарба қабул қилиб олади. Боз устига, Конор ўнг қўли билан рақибга тегинса, чап қўлдаги зарбаси ҳам манзилга етиб боришини сезади. Бир қарашда майда деталь, бироқ бу унинг карьерасида бир неча бор эффектини кўрсатган.
UFC ва ММА мухлислари кучли зарба бериш учун муштни маҳкамлаб, бор кучи билан зарба бериш лозим, деб ҳисоблашади. Аслида ундай эмас. Рақибни нокаутга учратувчи зарба доимо кутилмаганда йўлланади. Айнан шундай зарба билан Конор Альдога қарши афсонавий жангда эрта ғалаба қозонгани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса, ажаб эмас.
Бундан ташқари, Конорда ажойиб таймнинг ҳам мавжуд. У октагонни жуда яхши ҳис этади. Керакли паллада қисқа, аммо кучли зарба йўллайди. Унинг нокаутларига эътибор қаратинг! Барчасида Макгрегор қарши ҳужумда рақибни «уйқуга» равона қилган.
Унинг ҳимояланишига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Конор ҳеч қачон икки қўли билан юзини ва бош қисмини беркитмайди. Бир қарашда, бу катта таваккалчиликдек туюлар, аммо бу спортнинг боксдан фарқи катта. Бу ерда қўлқопларнинг ҳажми жуда кичик. Шу боис, жангчи қанчалар ҳимояланмасин, бокс қўлқопларида эмаслиги учун зарбаларнинг 82 фоизини танасида ҳис этади. Айнан шу сабабли Конор доимо ўнг қўли билан рақибни ўзидан узоқлаштиришга уринади.
Оёқлар ҳаракати
Конор оёқ ҳаракатлари билан ўзини ҳимоя қилишни йўлга қўйган. У сингари жангларда оёқларини катта очиб, ҳар бир қадамини рақиб томонга босувчи жангчини бошқа учратмайсиз. Аслида, боксчилар оёқларни кенг ёйиб жанг қилмайди. Бу уларга концентрацияни ушлаб туришда муаммо келтириб чиқаради. Конор эса, чаққон жангчи. Шу боис, у айнан шу услубдан наф чиқаришга тиришади. Бундан ташқари, рақиблар тейкдаунга киришга уринганида, Конор дарров оёқларини кенг ёяди ва ортиқча муаммосиз рақиб чангалидан чиқиб кетади. Энг муҳими эса, Конор оёқларини кенг ёйган холда, исталган сонияда зарба йўллаши мумкин. Тўғри зарба кучли чиқмайди, аммо керакли паллада жанг суратига таъсир кўрсатади.
Конор прессингда фаол
Ўнг қўлнинг доимо олдинга чўзилиши ва оёқлар орасининг кенг эканлигини ўз йўлига. Асосийси, Конор доимо рақиб томон ҳаракат қилади. Айрим сониялардан ортга қадам ташлаши мумкин, бироқ октагонда у доимо биринчи рақамда. Бундай босим ўтказиш рақибнинг руҳий ва жанговар ҳолатига таъсир кўрсатмай қолмайди. Тинимсиз босимдан чарчаган рақиблар баъзан шошилинч ҳужум уюштириш мақсадида олдинга ташланадилар. Бундай вазиятларда Конор уларни қисқа, бироқ кучли зарба билан кутиб олади.
Шунингдек, Конор рақибининг октагон симларигача таъқиб қилишни хуш кўради. Рақиб ҳаракат майдонини камайганини билгач, Конор янада эркинроқ жанг қилишга ўтади. Ирландиялик жангчи тинимсиз прессинг қилишига қарамай, катта куч йўқотмайди. У октагондаги асосий зоналарни эгаллаш учун тер тўкади. Аслида бундай жанг манераси ҳар қандай жангчига қарши фойдали. Айниқса, Дастин Порье сингари тик турган ҳолда жанг қиладиганлар билан айни муддао. Юқорида зикр қилинган плюслар якшанба оқшомида бўлиб ўтиши кутилаётган «UFC 257»да Конорнинг фаворит эканлигини англатади.
Яхёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар