Константин Цзю Тошкентда мастер-класс ўтказди

  • 5 сентябрь, 2018, 16:49
  • 0
  • Бокс

Бугун пойтахтимиздаги «Универсал» спорт саройида бокс бўйича собиқ Европа ва жаҳон чемпиони, профессионал боксда ўз вақтида WBC, WBA, IBF йўналишларида чемпионлик камарига эгалик қилган Константин Цзю иштирокида мастер-класс ташкил этилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбир йиғилганлар ўртасида катта қизиқишларга сабаб бўлди. Маҳорат сабоқлари олдидан акробатик шоу намойиш этилди. Сўнгра тадбирнинг асосий меҳмони Константин Цзю даврага чиқиб келди ва ёш боксчилар билан машғулотлар олиб борди. Ўзбек боксининг эртанги кун эгалари ўтказилган маҳорат дарсларида ўзлари учун янги бўлган бир қанча билим ва кўникмаларни ўзлаштирдилар.

Ушбу мастер-класс тадбирни томоша қилиш учун ташриф буюрган фаҳрийлар ва мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларида бир олам таассурот қолдирди. Тадбир давомида мухлислар Цзю билан суҳбатлашиб, суратга ҳам тушишди.

Мастер-классдан сўнг ўтказилган кўнгилочар томошалар ҳам томошабинларга манзур келди. Тадбир якунида собиқ боксчига эсдалик совғалари тақдим этилди. Миллий олимпия қўмитаси номидан махсус совғани Бош котиб Жасур Матчанов топширди.

«Ёшим элликка яқинлашиб қолди. Аммо, ҳар куни машғулот ўтказаман. Чунки, ўзимга-ўзим ваъда берганман. Сизга ҳам маслаҳатим шу. Ўзингизга ваъда беринг ва буни амалга оширинг. Машғулотларни тўхтатманг. Ўз мақсадингиз сари интилишда давом этинг. Албатта орзуингизга эришасиз», – деди Цзю ўзбекистонлик ёш боксчиларга қарата.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!