Криштиану Роналду: "Имкон қадар кўпроқ соврин ютиш ва барчангизга маълум бўлган рақамга етишни истайман"
"Ан-Наср" ҳамда Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду "Globe Soccer Awards" маросимида ўзининг асосий мақсадларидан бири ҳақида гапирди. Португалиялик юлдуз фаолияти давомида 1000 та гол уришни режа қилганини маълум қилди.
"Бу маросим мен учун энг севимлиларидан бири. Бу ерда жуда кўп ажойиб инсонларни кўраман. Айниқса, мени доимо қўллаб-қувватлайдиган турмуш ўртоғим Жоржина, фарзандларим, ота-онам ва жамоадошларимни кўриш мен учун катта бахт.
Ўйнашни давом эттириш осон эмас, аммо иштиёқ барчасидан устун. Ҳали ҳам жуда кучли мотивацияга эгаман. Шунинг учун ҳамон майдондаман. Менга ўйнаш, гол уриш, совринлар ютиш ёқади. Шу руҳда давом этмоқчиман.
Менинг мақсадимни биласиз. Имкон қадар кўпроқ соврин ютиш ва барчангизга маълум бўлган рақамга етишни истайман. Албатта, бунга эришаман. Агар жароҳатлар бўлмаса, иншааллоҳ. Янги йил билан", — деди Роналду.
Айни пайтда Роналду ҳисобида кеча қайд этилган дублдан сўнг 956 та гол мавжуд. У кетма-кет учинчи бор Яқин Шарқда йилнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди.
Фикрлар