"Кучли бешлик" чемпионатларида ютиш ва қолиш учун кураш! Қаерда вазият қанақа?
Европанинг асосий чемпионатлари ўз ниҳоясига етмоқда. Баъзиларида чемпион номи аллақачон маълум, аммо баъзи муҳим саволлар ҳамон очиқ. Жорий мавсум якунига оз қолганда етакчи чемпионатлардаги интригалар ҳақида билиб оламиз.
Англия.
АПЛда чемпионлик пойгаси деярли ҳал бўлди. Кейинги турда "Манчестер Сити" "Челси"га қарши баҳсда ғалаба қозонса, Гвардиола жамоаси чемпионга айланади.
Катта эҳтимол, Англия премьер-лигасида асосий рақобат Чемпионлар лигасидаги ўринлар учун қолди . “Ньюкасл” ва “Манчестер Юнайтед” ҳали ҳам кучли тўртликда. Бироқ, кейинги поғонада бораётган Юрген Клопп бошчилигидаги “Ливерпуль” 4 очко ортда бормоқда. Бу бўшлиқ "оқ-қоралар" ва "қизил иблислар"га хотиржамлик беради.
Элитада жон сақлаб қолиш учун ҳақиқий кураш бошланди. Расман "Саутгемптон" Чемпионшипга тушиб кетиши аниқ бўлди. Бироқ ҳали яна икки жамоа номи аниқланмаган. 19-ўринда бораётган "Лестер" 16-поғонадаги "Ноттингем Форест"дан атиги тўрт очко ортда қолмоқда. Улар орасида ҳамон "қизил зона"да бўлган "Лидс" ва бир очколик фарқ билан "Эвертон" жойлашган. Шубҳасиз, бу марра чизиғида ҳақиқий жанг бўлади.
Испания.
Расман Испанияда чемпион жамоа аниқ бўлди. Чемпионат якунига 4 тур қолганда "Барселона" чемпионликни қўлга киритди.
Ла Лигада келаси мавсумда Чемпионлар лигасида ўйнайдиган учта жамоа аниқ: "Барселона", "Реал" Мадрид ва "Атлетико". Тўртинчи жамоа бўлиш учун курашда фаворит "Вильярреал"дан 5 очко олдинда бораётган "Реал Сосьедад" ҳисобланади. Бироқ “Барселона” ва “Атлетико” билан бўлажак ўйинлар қўрқинчли кўринса-да, "басклар" асосий еврокубокга қайтишлари мумкиндек кўринмоқда.
Испанияда ҳам асосий кураш "подвал"да кечмоқда. "Эльче" аллақачон Ла Лигадан чиқиб кетди. Қолган жамоалар ҳамон қолишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча қуйи лигага тушиб кетиш зонасида жойлашган “Эспаньол” ва “Хетафе” энг ёмон ҳолатда. 18-поғонадаги "Хетафе" 13-ўринда бораётган "Сельта"дан атиги беш очко ортда қолмоқда. Улар орасида "Вальядолид", "Кадис", "Альмерия" ва "Валенсия" бор. Ким омон қолади, буни кейинроқ билиб оламиз.
Италия.
А серияда ғолиб жамоа барча чемпионатлардан олдин аниқланди. "Наполи" бу мавсум "Скудетто"га эга чиқди.
Бироқ Чемпионлар лигаси йўлланмалари учун кураш қизғин кечмоқда. Якунига уч тур қолганида, кучли тўртликда “Ювентус”, “Интер” ва “Лацио” қоладигандек. "Бургутлар" "Милан"дан 4 очко, "Рома"дан эса 6 очко олдинда. "Аталанта" аллақачон "Лацио"дан 7 очко узоқда. Бироқ Италияда “Ювентус”нинг тақдири аниқ эмас, агар туринликлар ҳозир муҳокама қилинаётган тўққиз очкодан маҳрум бўлишса, яна бергамоликлар фаол курашга қўшилади.
Қолаверса, А Серияни ким тарк этиши ҳам қизиқ бўлса керак. Охирги поғонадаги икки жамоа билан ҳаммаси ҳал - булар "Сампдория" ва "Кремонезе". Бу икки клуб кейинги мавсумни " B" серияда давом эттиради. Сўнгги чипта учун "Верона", "Специя" ва "Лечче" клублари баҳслашмоқда. Кейинги турда “Лечче” “Специя”га қарши баҳс олиб боради. Бу жанг кўп нарсани ойдинлаштириб беради.
Германия.
Энг зўр якун Бундеслигада бўлади. Бу ерда умуман ҳеч нарса аниқ эмас. Чемпионлик учун иккита давогар бор. Булар – “Бавария” ва “Боруссия” Дортмунд. Мюнхен клуби "арилар"дан бир очко олдинда. Кейинги турда Тухель жамоаси "Лейпциг" билан ўйнайди ва Дортмунд клуби рақибининг қоқилиб кетишига чин дилдан умид қилади.
"Лейпциг"нинг ўзи ҳам кучли тўртликдаги ўрнини сақлаб қолиш учун астойдил курашмоқда. “Буқалар” “Унион”дан икки очко, “Фрайбург”дан эса бир очкога ортда қолмоқда. Айнан мана шу уч жамоа келаси мавсумда Чемпионлар лигасида қолган икки ўрин учун курашади.
Бундеслигада қолиш учун жанг қизғин бўлиши кутилмоқда. Қуйи поғонадаги жамоалар бир-бири билан жуда кам фарқ қилган ҳолда боришмоқда. “Герта” қуйи лигага тушиб кетишга энг яқин бўлиб турибди. 17-ўринда турган “Штутгарт" “Шальке-04”дан атиги бир очко ортда қолмоқда. Ўз навбатида, Гелзенкирхен клуби "Бохум"дан бир очко, "Хоффенхайм"дан икки очко узоқда. "Штутгарт" 34-турда "Хоффенхайм" билан ўйнайди ва бу ҳал қилувчи ўйин бўлиши мумкин.
Ойбек Йўлдошев мақоласи.
Фикрлар