Кункабаев Жалоловга ютқазганидан кейин нималар деди?
Тошкент илк маротаба мезбон қилаётган катталар ўртасида бокс бўйича жаҳон чемпионатида чемпионлик учун курашни давом эттирадиган энг кучли боксчилар сараланиб бормоқда.
13 вазн тоифасида ўтказилган чорак финал баҳсларида ғолиб чиққан чарм қўлқоп усталари ўзлари учун камида бронза медални нақд қилди ва жаҳон чемпионлиги учун курашни давом эттириш имконини сақлаб турибди.
Жаҳон чемпионатининг энг кутилган жанларидан бири айнан чорак финалга тўғри келди. Ўта оғир вазн тоифасидаги боксчилар – Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаевнинг ўзаро тўқнашуви бокс олами мутахассислари, дунёдаги кўплаб мухлислар эътиборини тортди.
Рингдаги тўқнашув Баҳодир Жалоловнинг яққол устунлигида ўтди. Тажрибали боксчимиз бўй-бастидаги устунликдан унумли фойдаланди. Мураббийлар томонидан танланган тактика ҳам самарали бўлди.
Жалолов учрашув жараёнида Қамшибек Кункабаевга ҳеч қандай имконият бермади. Жанг тўлиқ Баҳодирнинг назорати остида ўтди. Бир сўз билан айтганда, ҳаққоний ғалаба. Буни ҳакамлар ҳам бир овоздан тасдиқлади.
Қамшибек Кункабаев жангдан кейин ўз мамлакати матбуотига Баҳодир Жалоловга қарши ўтказилган беллашувга оид фикрларини билдирди.
- Ҳаммага ассалому алайкум. Биринчи навбатда, мени қўллаб-қувватлаб турган мухлислар ва йўл-йўриқ кўрсатган мураббийларга миннатдорлик билдирмоқчиман.
Жанг осон бўлгани йўқ, ўзларинг гувоҳи бўлдинглар. Баҳодир менинг азалий рақибим.
Жангда мураббийлар танлаган тактика режадагидек кетмади. Энди хатолар устида ишлаймиз. Кучлироқ бўлиб қайтамиз ва байроғимизни баланд кўтарамиз. Мен бунга ишонаман.
Бизни ғалабаларда ҳам, мағлубиятларда ҳам қўллаб-қувватланг. Қолган йигитларга омад ва уйга олтин медаллар билан қайтишини тилаб қоламан, - деди Қамшиек Кункабаев.
Бокс оламида ўзбек ва қозоқ чарм қўлқоп усталарига “эл-класико” даражасида эътибор қаратилади. Ҳар икки мамлакат вакиллари ҳам дунёда энг кучлилардан экани тан олинган.
Хусусан, Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев рақобати 2015 йилдан бери давом этиб келмоқда.
Ҳозирча, бу икки паҳлавон ўзаро тўққиз маротаба жанг қилган. Шулардан олтитасида Жалолов ва учтасида Кункабаев зафар қучган. Ўзаро учрашувларда Баҳодир Жалоловнинг ғалабали серияси кетма-кет бешта жангни ташкил қиляпти.
Таъкидлаш жоизки, Баҳодир ва Қамшибек фақат рингда, спорт принциплари асосида бир-бирига рақиб ҳисобланади. Рингда ташқарида улар дўстона муносабатга эга.
Буни чемпинат жанглари бошланишидан олдин ҳар икки боксчи ўзаро учрашиб, суҳбатлашганидан, жангдан кейин Баҳодир Қамшибекни қўллаб-қувватлаганидан, улар жанг майдонини бир-бирини қучоқлаган ҳолда дўстона гаплашиб тарк этганидан ҳам билиб олса бўлади.
Ўзбеклар чемпионларни “тўкиб” қўйди, кубаликлар “калтак” еди, қозоқ ва русларда йўқотиш!
Яна Баҳодир Жалолов ҳақида...
Жалолов: Биргаликда чемпионликка эришамиз!
Фикрлар