Кутилаётган дебют, Хитойда футболсиз ҳаёт ёхуд "Локо"дан хавотир олаётган Ислом Тўхтахўжаев ҳақида

Хитойда ҳали биринчи дивизион мусобақасига рухсат берилгани йўқ. Ислом Тўхтахўжаев “Шеньянг Урбан” жамоасида фаолиятини давом эттиришга тайёргарлик кўрмоқда.

Футболсиз ҳаёти қандай кечмоқда, биринчи дивизион қачондан бошланади? “Локомотив”даги узоқ йиллик фаолиятидан кейин илк бор легионерга айланган Тўхтахўжаев собиқ клубининг бугунги омадсиз кунларига бефарқ эмас. У sports.uz мухбири билан мулоқотни “Локомотив” тўғрисидаги фикрлари билан бошлади.

“Локомотив”нинг йирик мағлубиятлари ҳақида

-  “Локомотив”нинг охирги ўйинларини кўрмадим-у, аммо ҳисобларни эшитиб кўнгил хира бўлди. Бу – футбол, бир яхши бўлади, бир ёмон. Асосий сабаблардан бири ўтган йилга қараганда жамоадан 8-9 нафар асосий ўйинчилар кетганидир. Натижада “Локомотив” янги таркиб билан шаклланяпти. Карантин туфайли ҳам йигитлар бир-биридан анча узоқда бўлди. Футболчилар ўзаро яхши тушуниб олишлари учун ҳам пухта тайёргарлик кўра олишмади. Гарчи йирик ҳисобларда ютқазган бўлса-да, “Локомотив” футболчилари ўзларига бўлган ишончни йўқотмасдан олдинга ҳаракат қилишлари керак. Умид қиламизки, клуб бундай вазиятдан тез чиқиб кета олади.

Андрей Фёдоровнинг истеъфоси хусусида

-  Бир нима дейишим қийин, барибир кимни бўшатиш ва тайинлашни раҳбарият ҳал қилади. Натижага эса доим мураббий жавобгар бўлади. Менимча, ҳеч бўлмаганда биринчи давра охирига қадар ишлаб турганда яхшироқ бўларди.

тўхтахўжаев2_1

Хитой биринчи лигаси қачон бошланади?

-  Ростдан ҳам чемпионат бошланиши анча чўзилиб кетди. Биз эса тинмай тайёргарлик кўриш билан оворамиз. Ҳар 5-6 кунда ўртоқлик ўйинлари ўтказиб турибмиз. Насиб қилса, 12 сентябрдан расман чемпионат бошланади. Жамоалар учта гуруҳга бўлинган ҳолда ўйинларда иштирок этади. Бир ойда 10 та ўйин бўлади, кейин икки ҳафта дам берилгач, ўйинлар яна давом эттирилади.

Шарт-шароитлар тўғрисида

-  У ерда яратилган шароитлар ажойиб. Ўзбекистонда ҳам шундай шароитлар яқин 10 йилда яратилса, жуда хурсанд бўлардик. Футболга энди кириб келаётган болалар учун айни муддао бўларди. Хитойда эса ҳаммаси аъло даражада.

Тўхтахўжаев Одил Аҳмедов ҳамда Самвел Бабаян билан учрашиб турадими?

-  Ҳа, улар билан доим алоқадамиз. Одил Аҳмедов жамоаси билан чемпионатда иштирок этяпти. Қолаверса, у бошқа шаҳарда. Самвел Бабаян билан эса орамиз яқин бўлгани учун кўришиб, гаплашиб турибмиз.

Исломнинг фаолиятини Европада давом эттириш имконияти борми?

-  Европадан таклифлар бўлмади. Менимча, Европа томонларга кетгани ёшим ҳам ўз сўзини айтса керак. Чунки 30 га яқинлашиб қолдим, шунинг учун энди кеч бўлса керак.

тўхтахўжаев3

“Шеньянг Урбан”даги муҳит ҳақида

-  Жамоамиздаги ички муҳит аъло даражада, хитойлик футболчилар жуда интизомли. Мураббийлар ҳам барча ўйинчилар билан яхши алоқада. Жамоамизда конголик ҳужумчи бор. Конго терма жамоасида ўйнайди, сафимизга яқинда қўшилди. Жамоадошларим билан кўпроқ инглиз тилида гаплашамиз. Лекин таркибимизда уйғур футболчилар ҳам бор. Улар ўзбекчани ҳам тушунишади. Баъзида хитой тилида таржимонлар орқали гаплашамиз.

Ўзбек футболчиларига эътибор

-  Хитой чемпионатида ўйнаб кета оладиган футболчиларимиз кўп. Муаммо шундаки, бу ерда Европа ёки осиёлик деган тушунча қолмаган. Хитойнинг асосий лигасида беш нафар хорижлик легионерни рўйхатдан ўтказиш мумкин. Биринчи лигасида эса учта чет элликни ўйнатиш мумкин. Тўғриси, осиёлик ўйинчиларга имконият бироз пасайиб қолган.

Остон Ўруновнинг имкониятлари хусусида

-  Остон Ўруновнинг потенциали жуда юқори. Техникаси ҳам жойида. У ақл билан ўйнайдиган футболчидир. Агар мураббийлар томонидан яхши эътибор бериладиган бўлса, бемалол ўйнаб кета олади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!