Ламин Ямал Испания терма жамоасига чақирилганига қарамай, жароҳати сабаб ўйинларни ўтказиб юборади
"Барселона"нинг ёш вингери Ламин Ямал жароҳати туфайли Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичида Испания терма жамоасининг Грузия ва Туркияга қарши ўйинларида иштирок этолмайди.
Дастлаб у Испания терма жамоаси рўйхатига киритилган эди. Бироқ Испания футбол федерацияси тиббий штаби Ямалнинг ҳолатидан ҳайратда қолганини маълум қилди.
Байонномада шундай дейилади:
"Душанба куни, 10 ноябрь соат 13:47 да миллий жамоа йиғини бошланар экан, шу куннинг эрталабида Ламин Ямал сон қисмидаги ноқулайликни даволаш учун радиочастотали инвазив муолажадан ўтгани маълум бўлди.
Бу жараён терма жамоа тиббий ходимларига олдиндан билдирилмаган. Маълумотлар кеча соат 22:40'да етиб келган тиббий ҳисобот орқали маълум бўлди. Ҳисоботда футболчига 7–10 кун дам олиш тавсия қилинган.
Шу сабабдан, ўйинчи саломатлиги ва хавфсизлиги устувор экани ҳисобга олиниб, Ямални терма жамоа таркибидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилинди.
Биз унинг тез ва тўлиқ тикланишига ишонамиз", — дейилади Испания футбол федерацияси баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Ямал жорий мавсум Ла Лигада 8 та ўйинда 4 та гол урган ва 4 та голли пас берган.



Фикрлар