“Ланс” бош мураббийи Ҳусановга ғалати таъриф берди. Ўйинчилар Абдуқодирдан ҳайратда!
20 ёшли легионеримиз Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”нинг энг катта муаммосига ечим топиб берди. Бу жамоа кейинги мавсумларда доимий кучли ҳимояси билан ажралиб турган. Ана шу ҳимоянинг мустаҳкамлигини таъминлаб келган Кевин Дансо ҳозир жамоага ёрдам бера олмаяпти.
Ёзги трансферлар охирда “Рома”га йўл олган австриялик тажрибали ҳимоячи тиббий кўрикдан ўтолмади. Трансфери барбод бўлганидан кейин Лансга қайтиб келган Дансо яна текширувга жалб қилинди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, унинг юрагида муаммо бор ва қачон сафга қайтиш ҳозиргача аниқ эмас. Тиббиёт ходимлари сентябрь ойида футболчи ўйнай олмаслигини таъкидлашди.
“Ланс” бош мураббийи Уилл Стилл Дансога ўринбосар сифатида Абдуқодир Ҳусановни танлади. Ўзбек футболчиси ҳозиргача ички чемпионат ва халқаро мусобақаларда олтита ўйинда қатнашиб, мураббийлар штаби ишончини оқлаб келмоқда. Клубнинг ашаддий мухлислари Уилл Стиллдан 20 ёшли марказий ҳимоячига доимий равишда бошланғич таркибдан жой беришни талаб қиляпти.
Абдуқодир Ҳусанов чемпионатнинг тўртинчи турида “Лион”га қарши ўтказилган беллашувда “Ланс”нинг энг яхши футболчиси, деб топилди. Эспертлар энг юқори баллни ўзбек футболчисига берди, мухлислар сўровномаларда уни биринчи ўринга олиб чиқди.
Уилл Стилл ҳамюртимизга қуйидагича таъриф берди.
- Абдуқодир Ҳусанов – ҳарбий машина. Унинг жисмоний ва атлетик даражасини шундан далолат бермоқда. Абдуқодир жуда тез югуради, анча бақувват. Унинг ўйинни ўқиш қобилияти юқори даражада. Оёғига тўп тушса, тоза ўйнаяпти, - деди “Ланс” бош мураббийи.
Абдуқодир Ҳусанов билан ҳимояда ёнма-ён ўйнаётган Жонатан Градит ҳам 20 ёшли жамоадошининг имкониятларини юқори баҳолади ва тил борасидаги камчиликлар ўзаро мулоқотга таъсир қилмаётганини айтди.
- Ҳаммаси оддий: жамоада яхши ўйинчилар бўлса, улардан бири албатта Абдуқодир ҳисобланади. Майдонда бир биримизни тўлиқ тушуниш учун кўп мулоқот қилишимиз шарт эмас, буни кераги ҳам йўқ.
Кевин Дансо яхши ўйнаши учун у билан французчада жуда кўп гаплашишимиз, доимий мулоқот олиб боришимизга тўғри келади. Ҳусанов билан тил тўсиқ бўлолмайди. Абдуқодир ўйинларни жуда яхши ўтказяпти, - деди Жонатан Градит.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ профессионал футболчилик фаолиятини Беларусь олий лигасида бошлаган. Ёш ҳимоячи “Энергетик-БГУ” клуби билан 2022 йили эркин агент сифатида шартнома тузган.
“Ланс” скаутлари Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида истеъдодли ҳимоячининг ўйинларини кузатди ва 2023 йилнинг ёзида трансфер қилди. “Энергетик-БГУ” 100 минг евро эвазига ўз тарихида илк бор топ лигага ўйинчи берди.
Шу тариқа, Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатида иштирок этган биринчи ўзбек футболчисига айланди. “Ланс” сафида ўтган мавсум Европа Чемпионлар лигаси ва Европа Лигаси каби мусобақаларда дебютини нишонлади.
Бу йил эса, Абдуқодир яна бир халқаро турнир – УЕФА Конференциялар лигасида биринчи маротаба иштирок этди.
Ҳусановнинг айни пайтдаги трансфер нархи 2,5 миллион еврони ташкил қилмоқда. Унинг лансликлар билан ҳамкорлиги 2027 йилнинг ёзигача давом этиши белгиланган.
Фикрлар