Легионеримиз армияга кетиши сабабли клубини тарк этди

Тожикистон чемпионати ҳам охирлаб қолмоқда. Совриндорлар эса аниқ. “Истиқлол” доимгидек мамлакат чемпиони, “Хўжанд” эса кумуш медал эгасига айланди. Демак, ўз-ўзидан ушбу клубда ўйнаётган легионерларимиз ҳам кумуш медалга сазовор бўлишди. Лекин “Хўжанд”даги ҳамюртларимизнинг сафи яна биттага камайди.

Гап шундаки, иқтидорли ярим ҳимоячимиз Санжар Рихсибоев мавсум якунланмасидан олдин клубини тарк этишга қарор қилди. Энди у ерда Маъмур Икромов билан Сирож Ҳамроев қолди. Рихсибоев “Хўжанд”нинг етакчиларидан бирига айланганди. Клубдагилар уни олиб қолишмоқчи бўлишганди. Бироқ легионеримиз армияга бориб хизматлик бурчини бажаришни клубидан устун қўйди. Бу борада футболчимиз sports.uz мухбирига қуйидагиларни айтди.

“Клубдан ҳеч ким мени ҳайдагани йўқ” 

-  “Хўжанд”дан кимдир мени ҳайдаб юборгани йўқ, - деб гап бошлади, Рихсибоев. - Ўз хоҳишим билан кетишни истадим. Бундай қарорга келишимнинг ҳам сабаби бор эди. Менинг армияга борадиган вақтим келиб қолганди. Тожикистон чемпионати якунланишига учта тур қолган, “Хўжанд”нинг эса иккинчи ўринни эгаллаши деярли аниқ бўлиб улгурганди. Клуб раҳбарларига вазиятни тушунтириб, бир ойлик хизматга боришим кераклигини айтганимда, улар менинг кетишимга рухсат беришди. Худо хоҳласа, 3 октябрда армияга кетаман.

санжар2

“Хўжанд”дан кетиш осон бўлмади”

-  Қаерда ўйнасангиз ҳам ўзига яраша номингиз қолади. “Хўжанд”да бир йил бўладими ёки бир ойми, ўтган вақт давомида клуб билан бирга бўлдим. Биз у ерда бир оиладек бўла олгандик. Яхши жамоа эди, кетиш қийин бўлди. Менимча, бир йил ўйнаб, ўша ерга ўрганиб қолган ўйинчига у ерни тарк этиши осон бўлмаса керак.

“Ҳаётда армияга бориб келганим асқотади”

-  Аввало хизматни ўтаб келай, қолгани бир гап бўлар. Яширмайман, олдимда икки-учта вариант турибди. Лекин мен дастлаб хизматга бориш ҳақида ўйлаяпман. У ерга бориб келганимдан кейин янги ҳаётга қадам қўяман. Тўй ҳам бошлаб қўйганмиз. Биласизми, мени ҳеч ким армияга мажбурлагани йўқ. Ўзим хоҳлаб кетяпман. “Хўжанд”ни ўз ихтиёрим билан тарк этдим, хизматга бориш учун. Футболни нари борса максимал 35 ёшгача ўйнасак, ундан кейин армияни ўтаб келганим асқотиши мумкин. Шу боис ҳозир вақтида хизматни ўтаб келганим ўзим учун ҳам яхши. Тожикистонда 4 октябрда чемпионат ҳам тугайди. Шунинг учун у ердан эртароқ қайтдим.

санжар3

“Яхши таклифлар бор”

-  Тожикистонга яна қайтаманми? Очиғи, билмадим. Мабодо, қизиқарли таклиф тушса, балки қайтишим ҳам мумкин. Аммо ҳозирдан бир нима дея олмайман. Қишки йиғинлар чоғида кўп нарсага ойдинлик киритилади. Боя айтганимдек, олдимда яхши таклифлар бор. Лекин клублар номлари ҳозирча сир бўлиб турсин. Кейинчалик ҳаммасини билиб оласизлар. Унгача индамай турганим яхши, - деди Санжар.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!