
Легионеримиз фанатлар эътирозига яна жавоб берди
Қозоғистон Премьер-лигаси иштирокчиси “Турон” сафида янги мавсумда тўрт нафар ўзбекистонлик чарм тўп устаси ўйнаяпти.
Туркистонликлар мавсум олдидан ҳимоячилар – Хуршид Мухторов, Одилжон Абдумажидов ҳамда ҳужумкор футболчилар – Шаҳбоз Умаров ва Беҳруз Асқаровни ўз сафига қўшиб олди. Легионерларимизнинг бари асосий таркиб ўйинчилари ҳисобланади.
Чемпионатнинг дастлабки учрашувида “Турон” ўз майдонида “Окжетпес”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Беллашувда ҳисобни очиб, иккинчи голга ассистентлик қилган Шаҳбоз Умаров ўйин қаҳрамони бўлди.
Бундан ташқари, Шаҳбоз Умаров Қозоғистон Премьер-лигасида биринчи турнинг энг яхши футболчиси сифатида ҳам эътироф этилди.
Иккинчи турда туркистонликлар “Актобе” меҳмони бўлиб, учрашувда 1:2 ҳисобида енгилди. Бу беллашув бошланишига бир неча соат қолганида “Турон” клуби Абилайхон Жумабек ва Шаҳбоз Умаров жароҳат туфайли ўйинда иштирок этмаслигини маълум қилди.
Мағлубиятдан кейин “Турон” мухлислари жамоа етакчиси ҳисобланган Шаҳбоз Умаровни жароҳатни баҳона қилиб, муҳим учрашувда атайин қатнашмаганликда айблади. Бу воқеадан кейин ўзбек футболчиси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида МРТ текширув хулосасини намойиш қилиб, жароҳат олгани учрашувдан бир неча кун аввал аниқланганини таъкидлади.
Бироқ Шаҳбоз Умаров бу масалага яна эътибор қаратишига тўғри келди.
- Жароҳат олганингда айрим одамлар буни баҳона сифатида қабул қилиб, виждонсизларча ҳар хил гап-сўз қилиши мен учун умуман ёқимсиз ҳолат.
Лекин уларни айблай олмайман, чунки бунақа нарсалар мени янада кучлироқ қилади. Яратгандан уларга саломатлик тилайман.
Фаолиятимда ҳали бундай ҳолатлар бўлмаган эди. Яна такрорланмайди, деб умид қиламан. Бунақа нарсалар ҳақида бошқотиришга хоҳишим ҳам йўқ, - деди Шаҳбоз Умаров.
Янги мавсумдан энди “Турон” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳбоз Умаров бир неча йилдан бери қўшни мамлакат чемпионатида ўйнаб келмоқда.
26 ёшли футболчимиз аввал “Ордабаси”да тўп тўпган. Легионеримиз 2023 йил “Ордабаси”нинг тарихда илк бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритишига катта ҳисса қўшган.
“Пахтакор” тарбияланувчисининг профессионал фаолияти жуда қизиқ кечмоқда. “Шерлар”нинг асосий таркибига кира олмаган Умаров 2018 йили “ОТМК” жамоасидан қўним топди ва ўша йили олмалиқликлар ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубогига сазовор бўлди. Бу Шаҳбознинг катта футболдаги илк соврини бўлди.
Кейинчалик ҳужумкор футболчимиз легионерлик мақомини олиб, Беларусь чемпионатига йўл олди. Аввал “Энергетик-БГУ”да маҳорат кўрсатиб, бир мавсумдан кейин БАТЭга кўчиб ўтди. Айнан борисовликлар сафида Шаҳбоз Беларусь кубогини қўлга киритди.
Тақдир тақозоси билан 2022 йили “Ордабаси”га келган Умаров шу йилнинг ўзида Қозоғистон кубогида зафар қучди. Орадан бир йил ўтиб, юқорида айтилганидек, чимкентликлар билан чемпионликни нишонлади.
Энди легионеримиз “Турон”нинг юқори мақсадларини амалга оширишда жамоага ёрдам бериши талаб этилади. Туркистонликлар Премьер-лигадаги навбатдаги учрашувини 29 март куни амалдаги чемпион “Қайрат”га қарши ўтказади.
Ҳусановни 16 ёшида ким танирди, биз 16 ёшли футболчини “Челси”га трансфер қилдик!
Жаҳон чемпионати: Ўзбеклар ҳаммани ҳайратга солади!
Шомуродовни нималар кутяпти? Римда Элдорнинг келажагини ҳал қилишяпти!
Легионеримиз – “Реал”га гол уриб ҳам ишсиз қолиш мумкин...
Фикрлар