Легионеримиз нега клубини ўзгартиргани, ОФК Кубогида нимага эришмоқчилиги ва бошқа мавзулар ҳақида нималар деди?
Қўшни Тожикистон чемпионатида тўп сураётган легионерларимиздан бири ҳужумчи Акобир Тўраев бўлиб, у “Эсхата” шарафини ҳимоя қилиб келаётганди.
Яқинда ҳамюртимиз жамоасини ўзгартирди. Энди Тўраев Кулобнинг “Равшан” жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
Бу борада Sports.uz журналисти Тожикистонда Акобир билан суҳбатда бўлди.
- Акобир, ўтган ойда сизни “Эсхата” сафида кўргандик, бу сафар эса "Равшан" жамоасидасиз ва “Андижон”га қарши баҳсда майдонга тушдингиз. Клубни ўзгартиришингизга жиддий сабаб бормиди?
- Ҳа, “Эсхата” клуби билан келиша олмадик. “Равшан” яхши жамоа. ОФК Кубогида иштирок этади. Шунга яраша ўз олдига жиддий вазифаларни қўйган. Шунинг учун биз икки томонлама келишувга эришдик.
- “Андижон”га қарши икки марта ўйнадингиз, “Эсхата” ва “Равшан” сафида. Иккала учрашув ўртасида қандай тафовутни сездингиз?
- “Андижон” яхши шаклланган жамоа. Йил бошидан ҳамма ўйинчилари бир-бирини тушунишади. Мураббийининг кўрсатмасини майдонда бажаришаётгани яққол кўриняпти.
- “Равшан” сафида нимагага эришишни кўзлаяпсиз?
- Мақсад албатта юқори. Худо насиб қилса, бунинг сабабини қилиб, мақсадга эришамиз. “Равшан” билан биргаликда Тожикистон чемпионлиги учун курашамиз, охиригача.
- Янги жамоада Акобир Тўраев ўз сўзини айта оладими?
- Ҳа, айта олади.
- Нима деб ўйлайсиз, нечта гол уришни мўлжаллаяпсиз?
- Насиб қилса, 9 та.
- Нима учун айнан 9 та?
- Бу иккинчи даврада ҳужумчи учун яхши сонлар.
- “Равшан” жамоаси бош мураббийи Тоҳир Мўминов ҳақида нималарни биласиз?
- Тоҳир Раҳимжонович яхши инсон ва яхши мутахассис. Ўзи ҳам илгари футбол ўйнаган. Шу боис футболчиларни яхши тушунадиган мураббий. Олдин “Андижон”да кўп йиллар тўп сурганини айтиб туради.
- Ўзингиз учун рақам танладингизми?
- Ҳозирча йўқ.
- “Равшан” яқинда ОФК Кубогида қатнашади. Сизда ҳам энди бундай имконият бор. Бу борада ўз олдингизга қандай мақсад қўйяпсиз?
- Мақсадим олий. Яхши натижа кўрсатиб, кучли чемпионатларда ўзимни кўрсатмоқчиман.
- ОФК Кубогида жамоани вазифаси қандай ва бу турнирдан нима кутяпсиз?
- Аввало гуруҳдан чиқмоқчимиз. Сўнгра, финалгача бориб ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар