Легионеримиз олдига премьер-лигага чиқиш вазифаси қўйилди!

Россия Миллий футбол лигаси вакили – “Балтика” яқинда ўзбекистонлик ҳимоячи Виталий Денисов билан шартнома имзолагани ҳақида sports.uz сайти орқали хабар берган эдик.

Энди клуб раҳбарияти томонидан келаси мавсумда жамоа олдига қўйилган мақсад ҳам аниқ бўлди. “Балтика” келаси мавсумда Россия премьер-лигасига йўлланма олиши шарт қилиб белгиланди.

Аслида калининградликлар икки йил муқаддам қуйи лигага тушиб кетиши керак эди. 2018-2019 йилги мавсум якунида бу жамоа 16-ўринни эгаллаганди ва бахтли тасодиф туфайли лигада қолганди.

Мураккаб вазиятда жамоани қабул қилиб олган клуб президенти Тажутдин Качукаев ва бош мураббий Евгений Калешин кейинги икки мавсумда жамоани анча “кўтарди”. Бу икки мутахассис аввалига “Балтика”ни еттинчи ўринга олиб чиқди. 2021 йилги мавсумни жамоа бешинчи ўринда якунлади.

7224fde62f00e1dec77c29c3b6a0e7cd5fe071be4a03d400989805

Таъкидлаш жоизки, икки ярим йилдан бери “Балтика”га устозлик қилаётган Калешин Миллий футбол лигасида бир жамоани энг узоқ бошқарган мутахассис ҳисобланади. Унинг натижаларидан қониққан Калининград вилояти раҳбарияти энди бу жамоани премьер-лигада кўрмоқчи.

Мақсадга эришиш йўлида калининградликлар трансферларни сифатли даражада амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозирча, жамоа талабига жавоб беролмагани учун клубни тарк этадиган футболчилар сони ўнтага етди. Хусусан, катта умидлар билан Португалиянинг “Витория” клубидан таклиф этилган бразилиялик Аллефга ҳам рухсат берилади. Шунингдек, унинг ҳамбрти Наилсон ва колумбиялик Валенсия ҳам жамоани тарк этди.

Бу легионерлар ўрнига Россия футболида ном қозонган ўзбекистонлик легионер Виталий Денисов, Словакия ва Финляндия кубоклари соҳиби – сербиялик Иван Остойич билан шартнома имзоланди. Шунингдек, таркибда яна икки легионер – черногориялик Младен Кашчелан ва сербиялик Мирослав Маркович ҳам бор. Шу билан легионерлар лимити ёпилади.

b06ecf938b36bca3d43c908dacf6a760

Мутахассислар 34 ёшли Виталий Денисов “Балтика”га катта ёрдам беришини таъкидламоқда. Легионеримиз ўтган мавсумда “Томь” сафига қўшилганидан кейин бу жамоанинг ўйини анча кучайди. Бироқ, томскликларга лигада қолиш учун бир очко етмади холос.

Ўз даврида ЦСКА ва “Локомотив” каби жамоаларда тўп тепиб, бир бор УЕФА кубоги, тўрт маротаба Россия кубоги соҳиби, бир мартадан Россия чемпионати ғолиби ва совриндори бўлган. Экспертлар бош мураббий Евгений Калешин ўзбекистонлик футболчи ёрдамида жамоанинг чап қанотини тўлиқ назорат қилиши мумкинлигини таъкидламоқда. Чунки Денисов ҳимоячи бўлишига қарамай, бутун чап қанот бўйлаб ҳаракат қилади ва тез-тез ҳужумга ўтишни хуш кўради.

Бундан ташқари, “Балтика” ўзбекистонлик футболчиларга бегона эмас. Ўз вақтида бу клубда Максим Шацких ва Андрей Фёдоров тўп тепган. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг зўр тўпурари ҳисобланган Максим Шацких 1998-1999 йилларда Калининград жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, 19 та учрашувда бешта гол урганидан кейин Киевнинг “Динамо”сига ўтиб кетган эди.

Россия чемпиони бўлган Андрей Фёдоров ҳам 1999 йилда калининградликлар сафида 14 та ўйинда иштирок этган ва айнан шу жамоадан ўзининг юлдузли онлари ўтган “Рубин”га йўл олган.

70d7a7c3695f89de3d0469e5a6810da3

Эслатиб ўтамиз, Виталий Денисов “Балтика” билан 1+1 кўринишида шартнома имзолаган ва келаси мавсум муваффақиятли ўтса, яна Россия премьер-лигасида тўп суриш имконига эга бўлади.

Расман! Россия клуби чемпион футболчимизни олди!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)