Легионеримиз Россия терма жамоасига маслаҳат берди

Ўзбек футболи тарбияланувчилари- Умарали Раҳмоналиев ва Рустам Ашурматов клублар миқёсида “Рубин” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётгани боис, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ҳам қозонликларнинг мухлиси ҳисобланади.

“Рубин” жорий мавсумда юқори ўринлар учун курашиши кутилаётган эди. 14-турдан кейин жамоа 18 очко билан мусобақа жадвалининг еттинчи қаторидан жой олган.

Қозонликларнинг асоси ҳимоячиларидан бирига айланиб қолган Рустам Ашурматов жамоасининг Премьер-лигадаги ўрнига ўз муносабатини билдирди.

- “Рубин”нинг спорт формаси ҳақида гапирганда бизда қандайдир кризис бўлган, деган фикрларга қўшилмайман. Масалан “Локомотив” билан бўлган баҳсда рақибда тўп дарвоза устунига текканидан бошқа хавфли вазият бўлмади.

Биз эса ўша ўйинда иккита қулай вазиятдан гол ура олмадик. Баъзан ғалаба ва айрим ҳолларда мағлубият ҳам бўлиб туради. Биз курашишда давом этамиз ва кейинги ўйинда уч очкони қўлга киритишга умид қиламиз.

Биз бунданда яхшироқ ўйнай оламиз, қолаверса, еттинчи ўрин ҳам ёмон натижа эмас. Биздан юқорида бюджети катта жамоалар жойлашган. Табиийки, бу натижадан қониқяпмиз, дея олмайман, лекин вазият ёмон эмас, - деди Рустам Ашурматов.

Шунингдек, 28 ёшли ҳимоячи Россия миллий терма жамоасининг Осиё футбол конфедерациясига қўшилиши кераклиги ҳақидаги маълумотларга ҳам ўз қарашларини билдирди.

- Осиё футбол конфедерациясига Россия терма жамоаси керак эмас, деб ўйлайман. Чунки Россияни яна Европага қайтаришларига умид қиляпман. Шу боис, Осиёга ўтишнинг ҳожати йўқ.

Лекин Россия терма жамоаси Осиёда энг кучлилардан бўлиши мумкин эди. Унинг таркибида жуда сифатли ва яхши футболчилар бор, - деди Рустам Ашурматов.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг барча  терма жамоалари ва клублари Украинадаги махсус ҳарбий операция бошланганидан  кейин 2022 йилнинг февралида халқаро мусобақалардан четлатилган эди.

Рустам Ашурматов “Рубин” жамоаси сафига 2023 йилнинг январида қўшилган ва ярим мавсум давомида қозонликларнинг Премьер-лигага йўлланма олишига ёрдам берган. Ўша йили “Рубин” биринчи лига ғолиби сифатида юқори дивизионга чиқди.

Ашурматов Россия Премьер-лигасида шу пайтга қадар жами 22 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини бир маротаба ишғол ҳам қилган.

Тажрибали марказий ҳимоячимиз Россияга боргунга қадар юртимизда “Бунёдкор”, “Қўқон -1912”, “Навбаҳор”, Жанубий Кореяда “Гвангжу” ва “Канвон” каби клублар шарафини ҳимоя қилган.

Рустамжон 2017 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчиси ҳисобланади. Ҳозиргача 38 та учрашувда майдонга тушган. Ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйган.

Ашурматовнинг “Рубин” билан амалдаги шартномаси 2026 йилннг 30 июнига қадар давом этади.

Файзуллаев билан дўстликни тўхтатамиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!