Легионеримиз шартномасини узайтирди, яна бири эса...Ёхуд улар ўйнаётган чемпионат якунига етмасдан тугатилди
Коронавирус пандемияси туфайли чемпионатлар тўхтатиб қўйилганди, орадан маълум вақт ўтгач, уларнинг аксариятига яна давом эттиришга рухсат берилди. Бироқ ҳамма чемпионат ҳам бундай имкониятга эга бўла олгани йўқ. Лига 1 номи билан аталувчи Индонезия биринчилигида эса вазият бошқача тус олди.
Бошқа мамлакатлар қатори у ерда ҳам карантин чоралари жиддий кучайтирилганди. Бунинг оқибатида Индонезияда ҳам футбол ўйинлари тўхталиб қўйилганди. Шундан кейин у ерда ҳам мухлислар ва футбол ичидаги инсонлар чемпионат қачон бошланишини кута бошладилар. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳар сафар қайсидир санани белгилаб ўша куни чемпионат давом эттирилиши айтилавердию, лекин муддат яна ортга сурилаверди. Охири шундай бўлдики, октябрь ойида мавсум давом эттирилиши керак эди, аммо ноябрнинг бошига кўчирилгани айтилди. Барибир футбол бўйича мамлакат чемпионати давом эттирилишига рухсат берилмагач, мутасаддилар Лига 1 мусобақасини расман тугатиб қўя қолишди. Бунинг натижасида 18 та жамоа иштирок этаётган биринчиликда ҳеч бир клуб чемпион бўлмади, ҳеч бири қуйи лигага ҳам равона бўлгани йўқ. 18 та иштирокчиси бўлган чемпионат келаси йилнинг февраль ойидан янгитдан бошланиши маълум бўлди. Демак, бу йилги мавсум худди ўтказилмагандек ҳисобланади.
Аслида эса Индонезия Лига 1 мусобақасининг дастлабки учта тур баҳслари ўтказилганди. 18 та қатнашчи орасида “Борнео” билан “Тира Персикабо” жамоаларига эътиборимиз юқорироқ эди. Нега деганда, ушбу клубларда ўзбекистонлик футболчилар тўп суришаётганди. Булар – Жавлон Гусейнов билан Артём Филипосян. Айнан ушбу икки марказий ҳимоячилариз сабабли мазкур чемпионатга ҳам эътибор қаратиб турардик. Дастлабки учта турда Гусейнов ўйнаётган “Борнео” иккита ғалаба ва бир дуранг қайд этган бўлса, Филипосяннинг жамоаси – “Тира Персикабо” биттадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этишга улгурганди. Ўтган вақт давомида ушбу легионерларимиз ҳам катта футболсиз қолиб кетишди.
Хўш, уларнинг кейинги тақдири энди нима бўлади? Масалан, Филипосяннинг “Тира Персикабо” билан тузган шартномаси шу йилнинг 31 декабрь куни тугайди. Ҳамюртимиз эса шу йилнинг бошида мазкур клуб сафига бориб қўшилганди. Аммо кўриб турганингиздек, Филипосян учта ўйинда қатнашгач, кейин нималар бўлгани энди ўзингизга маълум. Тўғри, машғулотлар ўтказилди, ўртоқлик ўйинлари ҳам ташкиллаштирилди. Аммо улар чемпионат қачон бошланишини кутиб чарчагандилар. Артём Филипосян билан боғланганимизда у шу кунларда Тошкентга қайтиб келишини маълум қилди. Шунингдек, клубдаги кейинги тақдири ҳақида сўраганимизда олдида янги таклифлар борлигини яширмади. Қолаверса, ўзимизнинг Суперлигамиздан ҳам унга жиддий қизиқиш билдираётган клуб борлигини таъкидлаб ўтди. Ҳаммаси музокаралар қандай кечишига боғлиқ. Балки “Тира Персикабо” ҳамюртимиз билан янги келишувга эришар, футболчимиз эса Тошкентга қайтиб келгач, барча масала бўйича sports.uz учун интервью беришини айтиб ўтди. Дарвоқе, у клубида бош мураббий Игорь Криушенко билан бирга ишлаганини айтиш жоиз. Бу мутахассис бир неча йил илгари юртимизда, “Шўртан” клубини бошқарганди. Эндиликда эса ғузорликлар ушбу мураббийдан бўлган қарздорлик туфайли ҳали ҳамон муаммолар гирдобида қолиб кетмоқда.
Энди Жавлон Гусейнов масаласига келсак, биз ўзи билан ҳам гапллашдик. Яқинда Тошкентга қайтиб келди. У Филипосяндан фарқли ўлароқ Индонезияда ўтган мавсумдан бери тўп суриб келмоқда. Гусейновнинг sports.uzга маълум қилишича, Тошкентга қайтишидан аввал “Борнео” клуби билан икки йиллик янги шартнома имзолаганини маълум қилди. Янги мавсум эса келаси йилнинг февраль ойидан старт олишини ҳам айтиб ўтди. Гусейнов “Борнео” клубининг сардори ва етакчиси ҳисобланади. Шу сабабли бу жамоа ҳамюртимизни қўйиб юборишни истамаган ҳолда якунига етаётган шартномани узайтиришга эришишди.
Фикрлар