Легионеримизга “Севилья”да ўйнаган футболчи устозлик қилади
Жорий мавсумда Қозоғистон Премьер-лигаси ғолиблиги учун курашаётган “Қайрат” жамоага янги бош мураббий олиб келишга қарор қилди.
Meta-ratings.kz сайтининг ёзишича, клуб раҳбарияти жамоани “Зенит” ва “Севилья”нинг собиқ футболчиси Александр Кержаков бошқаришини истаяпти.
Россиялик мутахассис илгари “Нижний Новгород” ва Сербиянинг “Спартак” (Суботица) жамоаларида бош мураббий сифатида ишлаган. Шунингдек, истеъдодли мутахассис “Севилья” клубида мураббийлик иши бўйича малакасини оширган.
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари жорий мавсумда “Қайрат”га ҳам мухлислик қилмоқда. Чунки бу жамоада Ўзбекистон ёшлар ва миллий терма жамоаларига номзод чап қанот ҳимоячиси Иброҳимхалил йўлдошев тўп тепмоқда.
23 ёшли футболчимизнинг трансфер ҳуқуқи “Нижний Новгород”га тегишли. Иброҳимхалил бу жамоани Александр Кержаков бошқарганида таркибдаги асосий фигуралардан бўлган. Бироқ “Нижний Новгород” бошқарувини Сергей Юран ўз қўлига олганидан кейин ўзбекистонлик легионерга етарли даражада эътибор қаратмади.
Йўлдошев мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун қишки трансферлар вақтида “Қайрат” жамоасига кўчиб ўтди. Қозоғистон клуби легионеримизни кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага олди.
Ҳозир Иброҳимхалил Йўлдошев “Қайрат”нинг асосий ҳимоячиларидан ҳисобланади ва мунтазам бошланғич таркибга майдонга тушмоқда.
Қозоқ клуби айни пайтда Александр Кержаков билан ҳамкорлик шартномасини муҳокама қилмоқда. “Қайрат” россиялик мутахассисга узоқ йиллик шартнома таклиф этяпти.
Кержаков ҳамюртимизнинг имкониятларини яхши билади ва унга ишончи баланд эканини “Нижний Новгород”даги фаолиятидан маълум.
Иброҳимхалил Йўлдошев яқинда Қатарда 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирокидаги Осиё кубогида қатнашиб, терма жамоамизнинг Париж Олимпиадасига йўлланма олишига катта ҳисса қўшди.
Осиё вице-чемпиони бўлган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси мамлакат футболи тарихида илк бор Олимпия ўйинларида тўп тепади. Бир неча ойдан кейин бошланадиган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида “Қайрат” ҳимоячисининг ҳам иштирок этиш эҳтимоли жуда юқори.
Фикрлар