Легионерларимиз дербиси. Галиулин Денисовнинг ишини қийинлаштириб қўйди
Россия Миллий футбол лигасинин 26-турида ўзбекистонлик легионерлар тўп тепаётган жамоалар – “Нефтехимик” ва “Томь” ўзаро куч синашди.
Бунгача еттита учрашувда мағлубиятга учраган “Нефтехимик” жамоаси ниҳоят нохуш серияга барҳам берди. Галиулин сардорлик қилган жамоа бош мураббийи Юрий Уткаульбаев ёш ярим ҳимоячимиз Бобир Давлатовни ҳам бошланғич таркибда майдонга туширди.
Лигада жойини сақлаб қолиш учун курашаётган “Томь”ни майдонга сардор сифатида Виталий Денисов бошлаб тушди. Икки ҳамюртимиз сардорлигидаги тўқнашув мезбонларнинг устунлигида ўтди.
Шу куни Бобир Давлатовнинг ўйини умуман қовушмади. Натижада “Нефтехимик” бош мураббийи ўзбекистонлик ярим ҳимоячини 33-дақиқада захирага олди. Бу бир дақиқадан кейин ўз самарасини берди. 34-дақиқада Давлатовнинг ўрнига ўйинга қўшилган Данил Кленкин голли вазиятда иштирок этди.
Орадан яна икки дақиқа ўтиб, нижнекаменскликлар ҳужумчиси Мераби Уридия жамоасининг иккинчи голини урди - 2:0.
Фаол ўйини билан муҳим ғалабасига муносиб ҳисса қўшган Галиулин 80-дақиқада захирага олинди.
“Томь” таркибида тўлиқ тўп тепган Виталий Денисов ҳарчанд ҳаракат қилмасин, жамоасини навбатдаги мағлубиятдан қутқариб қола олмади. Ҳозирча 26 та учрашувда атиги 17 очко жамғарган “Томь” қийин вазиятга тушиб қолган. Жамоа деярли ҳар ўйинда очко йўқотяпти. Асосий рақобатчиларнинг аксарияти эса томскликлардан юқорига қараб узоқлашиб бормоқда.
Фикрлар