Легионерларимизнинг уриниши зое кетди

Россия Миллий футбол лигасида уч нафар ўзбекистонлик футболчи – Виталий Денисов, Вагиз Галиулин ва Бобир Давлатов тўп тепаётганидан хабарингиз бор. Легионерларимиз ўйнаётган жамоалар учун 20-тур учрашувлари муваффақиятсиз якунланди.

“Томь” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали ҳимоячимиз Виталий Денисов бир неча учрашувдан иборат танаффусдан сўнг, яна майдонга қайтди.

Маълумки, “Томь”нинг сўнгги ўйинларида бош мураббий Александр Кержаков билан бирга етакчи ўйинчилар – ҳимоячи Виталий Денисов, дарвозабон Дмитрий Арапов, ярим ҳимоячилар Евгений Баляйкин, Чиди Оcучукву ва асосий ҳужумчилардан бири Ричлорд Эннин бирданига кўринмай қолди. Клуб раҳбарияти уларнинг “ғоиб” бўлганига ҳеч қандай изоҳ бермади. Натижада томликлар сафида коронавирус тарқалгани ҳақида гап чиқди. Шундай бўлса-да, бу масала бўйича расмий маълумот эълон қилингани йўқ.

Миллий футбол лигасининг 20-турига келиб, ўзбекистонлик легионер Виталий Денисов сафга қайтгани ўзбекистонлик футбол мухлисларининг хавотирини тарқатди. “Велес”, “СКА-Хабаровск” ва “Чайка”га қарши ўтказилган кетма-кет учта ўйинда қатнашмаган ҳамюртимиз “Оренбург” билан бўлган уй учрашувида тўлиқ ҳаракат қилди.

1573138929_0_0_2560_1440_600x0_80_0_0_8bef53ab8a749269f0fb5ea2115ee24f

Мусобақа пешқадамига қарши ўтказилган баҳсда Денисов намойиш этган ўйин унинг яхши спорт формасида эканини кўрсатди. Ҳамюртимиз ҳимоядаги вазифаларидан ташқари, чап қанот бўйлаб бир неча маротаба ҳужум уюштирди, жамоадошларини қулай пас билан таъминлади. Бироқ, Денисовнинг бу ҳаракатлари лига етакчисидан очко олиш учун етарли бўлмади.

“Оренбург” иккинчи бўлимда  ҳимоя марказидаги устунлигидан фойдаланиб, ғалаба тўпини киритди. Кичик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг, очкоси 11 талигича қолган “Томь” охирига поғонага тушиб қолди. Оренбургликлар эса, премьер-лига йўлланмаси учун курашни давом эттирадиган бўлди.

Миллий футбол лигасидаги яна икки легионеримиз – Вагиз Галиулин ва Бобир Давлатов ўйнаётган “Нефтехимик” ҳам кутилмаганда қақшатқич зарбага учради. Юқори ўринлар учун курашаётган жамоа асосий рақобатчиларидан бўлган “Велес” билан тўқнашди.

нефтехимик

Сафар учрашувида Галиулин сардорлигидаги жамоа бир бўлим давомида рақиб билан тенгма тенг ўйнади. Бироқ, иккинчи бўлимда мезбонлар ўз устунлигини намойиш эта олди. Беллашув 3:1 ҳисобида “Велес” фойдасига ҳал бўлди.

Мағлубият “Нефтехемик”га қимматга тушди. Галиулин жамоаси мусобақа жадвалида бешинчи поғонадаги ўрнини айнан “Велес”га бўшатиб берди.

Учрашувда Вагиз тўлиқ ўйнади ва фаол ҳаракатлари билан ажралиб турди. Бобир Давлатов эса бу гал захирада қолди.

Миллий футбол лигасининг навбатдаги турида “Томь” футболчилари “Енисей” жамоаси меҳмони бўлади. “Нефтехимик” эса “СКА-Хабаровск” жамоаси билан рақиб майдонида куч синашади.

Виталий Денисов қаерга “йўқолиб” қолди ёхуд "Томь" нега сир сақламоқда?

Легионеримиз бошчилигидаги жамоа еттита гол бўлган баҳсда мағлубиятни ғалабага айлантирди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!